ПОДШО АФСУНИ
Машҳур кутубхонанинг вужудга келиши Иван Грознийнинг бувиси, Византия императори Константин XI нинг жияни Софья Палеолог номи билан чамбарчас боғлиқ. Гап шундаки, у улуғ князь Иван III Московскийга турмушга чиққач, қадимги Русь пойтахтига ўттизта (айрим манбаларда етмишта) ноёб китоб ортилган арава билан келади. Аслида бу китоблар карвони унинг сепи эди. Софья ўз севимли китобларини сандиқларга жойлаган ҳолда, ер остида сақлашни маъқул кўради. Негаки, аксар иморатлари ёғочдан бунёд бўлган шаҳарда тез-тез ёнғин чиқиб турарди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Софьянинг бу мўъжаз кутубхонаси аслида жуда ноёб ва катта қийматга эга бўлган. Яъни у асраб юрган китоблар орасида машҳур Александр кутубхонасига мансуб асарлар ва юнон, қадимий яҳудий тилларида ёзилган юзлаб фолиант (жуда катта ва қалин китоб)лар бўлиб, малика уларни 1453 йили Византия пойтахтини талон-торож қилган турклардан асраб қолганди.
Бироқ тез орада Москва навбатдаги йирик ёнғинни бошидан ўтказади. Шундан сўнг кутубхонасидан ташвишланган Софья турмуш ўртоғини Кремлни тубдан қайта тиклаш, қурилиш жараёнида ёғоч ўрнига ғишт ва оқ тошдан фойдаланишга кўндиради (айнан ўша даврдан буён Москва иморатлари оқ ғиштдан қурилгани таъкидланади). Шундан сўнг, Софьянинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлиги остида Россияга Болонья (Италия)дан машҳур меъмор ҳамда муҳандис Аристотель Фиораванти чақиртириб олинди. Ўша даврда "Меъмор Византиядан келтирилган китоблар хазинаси учун Кремль тубида ерости махфий иншоотини қуриш учун таклиф этилди", деган гап-сўзлар урчий бошлайди.
Айрим тахминларга кўра, Иван Грозний бувиси беркитган фолиантларни узоқ излаган. Уларни топганида эса бу қимматли асарларни дунёнинг турли давлатларидан ўзи сотиб олган кўплаб китобларга қўшган. Яна бир манбада шоҳ Византия кутубхонасини узоқ асрлар мобайнида Киевдаги София черкови ертўласида сақланган Доно Ярославнинг минглаб афсонавий тўпламлари билан бойитгани ҳақида маълумот келтирилган. Айтишларича, шоҳ Иван IV Қозонни забт этганида, татар хони кутубхонасидаги ўрта аср араб олим ва тадқиқотчиларининг қўлёзмаларини ҳам ўз кутубхонасига қўшиб олади. Миш-мишларга қараганда, Иван Грознийнинг либереяси (кутубхонани шундай номда аташган, лотинча liber - "китоб" маъносини англатади) сеҳр-жоду қўлланмалари ва афсунгарликка оид фолиантлардан иборат бўлган.
Тахминларга қараганда, Иван Васильевич ўз кутубхонасини афсунлаб қўяди: агарда кимдир унга яқинлашса, у шу онда кўз нуридан айрилади. Аммо бу фараз бироз шубҳали ва ишончсиз. Чунки мазкур кутубхонани Грознийнинг бувиси малика Софья ва акаси Пётр I ҳам кўришга муваффақ бўлади. Маълумки, улар сўқир бўлмаган.
Хуллас, олдинига бувиси Софья, кейинчалик Иван Грознийнинг ўзи кутубхонани махфий ва ишончли жойда сақлай бошлайди. Орадан асрлар, йиллар ўтиб, буюк шоҳ кутубхонасига қизиқиш ошиб, уни топишга уриниб кўрувчилар сафи орта боради. Бироқ қидирув ишлари ҳар сафар муваффақиятсиз якун топаверади.
Кремль қўриқлаш хизмати ходими Аполос Иванов ХХ асрнинг 30-йилларида китоблар хазинасини топиш мақсадида Халоскор Исо мақбарасидан Кремлгача ер остида қидирув ишларини олиб боради. У мазкур жараёнда деворга занжирлар билан боғлаб қўйилган инсон суяклари ва ер ости деворларини бир-биридан ажратиб турувчи темир эшикларга дуч келади. Аммо Аполос Иванов қидирув ишларига зўр берган бир пайтда, ички ишлар халқ комиссарияти (НКВД), ходимлари Грозний хазинасини ортиқ излашга йўл қўйишмайди, улар ер остидан Москва дарёсига чиқиш йўлини ғишт қалаб беркитиб қўйишади. Шунга қарамай, орадан йиллар ўтиб, ташаббускор хазина изловчининг кўриш қобилияти барибир йўқолди.
Таъкидлаш жоиз, Москва шаҳрининг 850 йиллиги нишонланиши арафасида 87 ёшли Аполос Иванов Юрий Лужков (Москва шаҳрининг ўша пайтдаги мэри) билан учрашишга эришади ва у суҳбат пайтида мэрни Грозний хазинасининг қаерда яширинганини аниқ билишига ишонтиради. Шу суҳбатдан кейин кутубхона қидирувини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилади. Ўз навбатида, мэрия бу иш учун мўлгина маблағдан воз кечади. Тадбиркор Герман Стерлигов қидирув штабини бошқаради. Бироқ орадан икки йил ўтгач, натижасиз тугаган қидирув ишлари тўхтатилади.
ҚАЗУВЧИЛАР ХАРИТАСИ
Айтиш жоиз, тарихчилар ўртасида кечган сирли кутубхона ёки унинг қаерда жойлашгани ҳақидаги баҳс-мунозараларда жуда кўп фаразлар юзага чиқади. Одатда улар "Максим Грек ҳақида ривоят"да баён этилган маълумотларга, яъни ҳозирги Эстониядаги Тарту шаҳри ўрнида жойлашган қадимги Дерпт шаҳрилик художўй Иоганн Виттерманнинг гувоҳлигига, бундан ташқари, Иван Грознийнинг махсус буюртмасига кўра лотин тилидан ўгирилган бир қанча китобларга, Дерптск университети профессори Христофор Христиан фон Дабелов келтирган рўйхатга таянишади. Бироқ бу маълумотларнинг барчаси ХIХ асрга мансуб эди. Шу боис бу ва бошқа тахминлар ишончсизлиги скептик (ҳар нарсага шубҳа билан қаровчи киши)ларда кутубхонанинг ҳақиқатан мавжудлигига шубҳа уйғотади. Бироқ шунга қарамай, хазина изловчилар оқими тинмайди.
Бугунги кунда кутубхона изига тушган археолог-олимлар либереянинг ер остида жойлашганига доир 60 дан ортиқ вариантни ўрганмоқда. Улардан энг ҳақиқатга яқинлари эса қуйидагилар: Кремль ости, Коломенкс ва унга қўшни бўлган Дяков қишлоқларининг қирғоқ бўйлари, ҳозирги Митещ шаҳрининг жанубида жойлашган Тайнинск қишлоғининг ер ости қатлами, ўз даврида мамлакатнинг собиқ таянч пойтахти саналган Александр ҳудуди. Шу билан бирга, Вологда шаҳри ҳам мазкур рўйхатга киритилган. Бу шаҳар бир пайтлар Бутун Руснинг асосий шаҳри бўлиши мумкин эди, бироқ шаҳарда тарқалган даҳшатли вабо бунга халақит берган.
ХХ асрнинг биринчи ярмида таниқли археолог Игнатий Стеллецкий кутубхонани излаш учун жуда кўп куч сарфлади, тинимсиз ҳаракатда бўлди. У кутубхона жойлашган эҳтимолий тўртта вариантни жиддий текшириб кўриб, Коломенск шаҳридаги черков вариантида тўхтайди. Археолог кутубхонани излаб, черковнинг деярли бутун ер ости қисмини қазиб ташлайди. Аммо қидирув ишлари реставратор Пётр Барановский томонидан тўхтатилади. Чунки Пётр Барановский либерея ҳақидаги барча тахмину фаразларни бўлмағур ва зарарли деб ҳисобларди. Дяков ҳудудида жойлашган беш қуббали Предтеченск черковининг яқинида олиб борилган қидирув ишлари маҳаллий аҳолининг қаршилиги билан тўхтатилади: чунки қазилган барча йўллар черков қабристонига келиб туташган. Аммо ер остидан топилган ноёб топилмалар археолог Игнатий Стеллецкий муваффақият қозонишига бир баҳя қолганини яққол кўрсатиб турарди. У ишга оид барча қидирув деталларини тўлиқ ёзиб қолдиради. Лекин негадир унинг қўлёзмалари сирли равишда ғойиб бўлади. Айтишларича, бунда ҳам НКВДнинг таъсири бўлган...
ХХ асрнинг 70-йиллари охирида Дяков черкови ҳудудидаги кутубхона изларига тасодифан инженер-реставратор Владимир Поршнев дуч келиб қолади. Гап шундаки, унинг қўл остидаги ходимлари мақбарада қайта тиклаш ишларини олиб бораётганида кутилмаганда ерости йўлагига дуч келишади. Мазкур йўлак черковдан қирғоқбўйи жарлигининг ўрта қисмигача етганди. Йўлак бўйлаб юрган реставраторлар бинонинг гумбазли қисмигача етиб боришади, холос. Бу орада Поршнев ва унинг ҳамкасблари синчиклаб текшириб, илгари кимдир йўлкадаги панжара қулфини ечишга уринганини пайқашади ва кириш йўлагини қум, бетон ёрдамида тўлдириб, зич ёпиб ташлашни режалаштиришади. Бундан кўзланган асосий мақсад йўлакни турли қидирув ишларидан муҳофаза қилиш ва уни қулай вақтга қадар сақлаш эди.
Бироқ Поршнев ва унинг ҳамкасблари бу ишни амалга ошира олишмади. Бу орада черков патриархлар измига ўтди. Эҳтимол, улар оқ тошдан қурилган ерости йўлагининг ибодат учун мўлжалланган жойида қидирув ишлари олиб борилишига ҳали-вери йўл қўйишмас...
Нима бўлган тақдирда ҳам Иван Грознийнинг ноёб ва бой кутубхонаси бугунга қадар инсоният кўзидан пухта яширилган. Гўё башарият уни тўлиқ кашф этишга ёки ўқишга ҳақли эмасдек...
"Аргументы и факты" газетаси сайтидан олинди.
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.