Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм БЕККАМОВ

30.12.2016


ИЖОДКОРНИНГ КЎНГИЛ КЕЧИНМАЛАРИ

 

Абдушукур Омоновнинг кўнгил кечинмаларини мутолаа қилиб бошлаганингиз сайин китобдаги фикрлар дилингизга яқин бўлиб бораверади. Худди шундай ҳолат сизнинг ҳам ҳаётингизда рўй бергандек туюлаверади, муаммоларингизга ечим топгандек кўнглингиз ором олади, масрур бўласиз. Зеро, ижодкор битикларни ўзидан тўқиб чиқармайди. Балки битиклардаги ҳар бир воқелик унинг ўзи ва яқинларининг ҳаётида юз берган, одамлардан эшитган тафсилотлар йиғиндисидир. Машҳур адиблардан бири “одамлардан олиб, одамларга бермоқдир ишим”, деганида айнан шунга ишора қилгандек. Шунинг учун ҳам ижодкорнинг битиклари китобхоннинг ботиний туйғуларига ҳамоҳангдир.

Қўлимда ижодкорнинг “Ҳаёт кузатувларидан қайдлар” китоби. Бу - ўн тўққизинчи китоб. Китобни варақларкансиз, бутун борлиғингизни ажиб ҳиссиётлар чулғаб олади. Албатта, бу - сўз қудрати, фикр ҳаётбахшлигидир. Аввало шу нарсани таъкидлаш жоизки, битикларда бош образ – ҳазрати Инсон. Унинг кечинмалари, орзу-умидлари, турмуш ташвишлари, соғинч, алам, изтироблари, афсус-надоматлари ва армонлари қайдларда ўз аксини топган. Мажозий ишоралар – шер ва йўлбарслар, бўри ва тулкилар образлари ҳам инсон кечинмаларидан сўзлайди.

Битикларда тагига чизиб, қайта-қайта ўқиладиган хилма-хил фикрлар жуда кўп. “Ҳаёт ва жамият гўзал. Шу жамиятда чиройли ва бахтли яшаш янада гўзалроқдир”. “Аждодлар гуноҳи авлодлар бошини эгиб турса, авлодлар хатоси аждодлар шуҳратига соя ташлайди”. “Танишу улфатлар кўплиги дўсту биродарлар кўплигидан далолат бермайди”. “Ҳасад ва жоҳиллик билан инсон ўз муаммоларини ҳал қила олмайди”. “Қатъиятли бўлмасанг, ҳамма ўзининг ноғорасига ўйнатишга ҳаракат қилади”. “Умид, ишонч ва унутиш бўлмаганда эди, инсон қалби ғашлигу шубҳадан холи бўлолмасди”... Бундай ҳикматомуз жумлаларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Китобда ҳаёт, табиат ва жамиятдан завқланмаган одам ҳеч кимга шодлик ва хурсандчилик бахш эта олмагани сингари ўз оиласи, ўз халқи ва ўз ватанини севмаган, қадрламаган одам ҳеч бир ҳурмату эътиборга лойиқ эмаслиги аниқ ва лўнда ифодаланган.

Аёл – табиатнинг буюк хилқати. Аёлини қадрлаган ва эъзозлаган эркакнинг қадди тик, қадри баланд. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, китобдан жой олган кўплаб битиклар аёл зотига меҳр-муҳаббат ва садоқат ифодасидир. Мана, улардан айримлари: “Оқилу доно аёллар эрларини ҳамиша тўғри йўлга бошлай олганлар”. “Оила аъзоларингизга ҳеч қачон улар учун ишлаётганингизни, куйиб-ёниб яшаётганлигингизни пеш қилманг, эслатманг”. “Аёлларнинг буюк севги-муҳаббатидан куч олган аксарият эркаклар юксак қаҳрамонлик билан боғлиқ ишларга қўл урадилар”. “Аксариятимиз оила аъзоларимиздан меҳр-муҳаббат кутамиз-у ўзимиз уларга етарлича эътибор беришни эсдан чиқариб қўямиз”.

Хуллас, Абдушукур Омоновнинг мазкур китоби ҳам аввалги китоблари сингари катта тарбиявий аҳамиятга эга. Китобни ўқиган киши атрофига бироз бошқачароқ нигоҳ билан боқади, мушоҳадага берилади. Ўзини ўйлантирган саволларга жавоб топади.

Абдуқаюм БЕККАМОВ

Report typo