Бадиий адабиётда ҳамма нарсадан манфаат излайдиган кишиларга нисбатан "ўликнинг ёғини, тирикнинг тирноғини шилишга тайёр" деган ўхшатиш ишлатилади. Чиндан ҳам ҳаётда шундай нусхалар кам эмас. Шундоқ ҳам бажариши керак бўлган ишни "Текинга мушук офтобга чиқмайди" қабилида ҳал этишга одатланиб қолишган.
Китоб туманида яшовчи Д.Д.нинг фарзанди тумандаги қишлоқ хўжалиги коллежида таҳсил олган, диплом ҳам олган. Аммо недир сабаб билан диплом йиртилиб қолади ва коллеж директори ўринбосари Э.О.га мурожаат қилишади. Директор ўринбосари эса йиртилган дипломни қайта ёзиб бериш эвазига 350 минг сўм сўрайди.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Китоб тумани бўлими томонидан туман прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Э.О. айтилган пулни олган вақтда ушланди.
Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судининг ҳукми билан эса жазо муқаррарлиги таъминланди.
Нурбек ЭШМУРОДОВ,
бошқарма катта инспектори