Ҳақиқат менинг йўлчи юлдузим ва қалқоним бўлиши керак. Гарчи бу йўл тўғри ва қилич дамидай ингичка бўлса-да, мен учун у энг тез олиб борадиган ва энг осон юриладиган йўл.
* * *
Қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган одамга қилинган самимий иқрор ва бошқа гуноҳ қилмаслик учун берилган ваъда, онт тавба-тазаррунинг энг тоза шакли ҳисобланади.
* * *
“Ёмонликка яхшилик билан жавоб бер” ҳикмати менинг йўл бошловчи тамойилим бўлиб қолган.
* * *
Сени хафа қилаётганга қаршилик кўрсатма; бироқ борди-ю биров сенинг ўнг юзингга урса, унга бошқа юзингни тут; кимки сен билан тортишиб, биров кўйлагингни олмоқчи бўлса, сен унга чопонингни ҳам қўшиб бер.
* * *
Далиллар – қонуннинг тўртдан уч қисми.
* * *
Хизмат қилиш мен учун бу - Ҳиндистон учун хизмат қилиш эди, чунки бу туйғу менда ҳеч бир қидирувларсиз пайдо бўлганди. Бунга мойиллик – менга сут билан кирган эди.
* * *
Қасамёд чинакам озодлик сари олиб борадиган йўлни беркитмайдигина эмас, балки, аксинча, уни очади.
* * *
Беихтиёр юзага келадиган фикр ақл бетоблигидир; уни жиловлаш ақлни жиловлашни англатади, бу шамолни жиловлагандан ҳам қийинроқдир.
* * *
Фоний жисмимизни безашга ва унинг киприк қоққуликдай умрини узайтиришга ҳаракат қилиб, кўплаб ўзгалар ҳаётини қурбон қилишдан уялмаймиз, натижада эса ўз танамизни ва жонимизни, яъни ўз-ўзимизни ўлдирамиз.
* * *
Бир эски дардни даволашга ҳаракат қилиб, биз юзлаб бошқаларини ҳосил қиламиз; ҳиссий лаззатланишга ҳаракат қилиб, биз охир-оқибатда ҳатто лаззатланиш қобилиятимизнинг ўзини йўқотамиз. Булар бари кўз ўнгимизда содир бўлиб турибди, аммо кўришни истамаган одамдан кўрроқ одам йўқ.
* * *
Руҳнинг эзгу сирлари тўғрисида ёза бошлаган одам, ўз-ўзидан маълумки, ишбилармон эмас, балки ҳақиқатнинг чинакам тадқиқотчиси бўлади.
* * *
Баркамолликка тинимсиз интилиш – ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи. Бу унга берилган шахсий мукофот.
* * *
Меҳнат учун мукофот тама қилиш керак эмас, аммо ҳар қандай савоб иш бир эмас бир куни албатта ўз мевасини беради.
* * *
Инсон ва унинг қилмиши – турли-турли нарсалардир. Яхши иш мақтовга лойиқ бўлса, ёмон иш қораланади. Яхши иш қиладими, ёмон иш қиладими, бундан қатъи назар, одам вазият ва ҳолатга қараб ё ҳурматга сазовор бўлади ёки ачинишга.
* * *
Одамзодни менсимаслик – демак, бу билан фақат шу мавжудотнинг ўзигагина эмас, балки жумлаи жаҳонга ёмонлик қилишдир.
* * *
“Гуноҳдан ҳазар қил, гуноҳкордан эмас”. Бу – гарчи ҳамма яхши тушунса ҳам, аслида кам амал қилинадиган қоида. Бутун дунё бўйлаб нафрат оғуси ёйилиб кетаётганининг сабаби шунда.
* * *
Қўрқоқ ўқитувчи ҳеч қачон ўз ўқувчиларини ботир қила олмайди, ўзини тиёлмаган одам эса ҳеч қачон ўқувчиларни ўзини тийишнинг савоблигини қадрлашга ўргатолмайди.
* * *
Ҳақиқат йўлида, табиийки, ғазаб, худбинлик, нафрат каби нарсалар ғойиб бўлади. Акс ҳолда ҳақиқатга етишнинг иложи бўлмайди.
* * *
Менинг вазифам – зўравонлар билан курашнинг барча қонуний воситаларини халққа кўрсатиш. Мустақил бўлишни истаган миллат озодликка эришишнинг барча йўл ва усулларини билиш керак.
* * *
Назокат деганда нутқдаги айни ҳол учун ишлаб чиқилган кафолатгина эмас, балки ички ювошлик ва рақибга яхшилик тилаш ҳам англашилади.
* * *
Диний қарашларда биз бошқа-бошқамиз. Ҳар биримизга ўз динимиз энг олий бўлиб кўринади. Агарда, ҳамма бир хилдаги диний эътиқод йўлини тутганида, дунёда фақат биттагина дин бўлар эди.
* * *
Шубҳа ишонч-иймоннинг йўқлиги ёки заифлигининг муқаррар натижасидир.
* * *
Аксар ҳолларда биз қонунни бузганимиз учун жазо олишдан қўрққанимиздангина уларга бўйсунамиз. Айниқса, бу ахлоқий тамойилларга асосланмаган қонунларга нисбатан тўғри.
* * *
Инсоний эҳтирослар устидан ғолиб келиш менга қуролли кучлар ёрдамида дунёни забт этишдан ҳам қийинроқ ишга ўхшаб кетади.
Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлади.