1912 йилнинг 13 ноябрида Наманганда таваллуд топган Усмон Носирнинг адабиётга кириб келиши тасодифан бўлмаган. Гўдаклигидан ҳаётнинг аччиқ зарбаларини татиб кўришга мажбур бўлган бола тенгдошларидан эрта улғайди. Оилавий муҳит, унинг ўша замон талаблари даражасида ўқиши, маърифатли бўлиши учун яратилган шароит ва эътибор эса туғма нодир истеъдодини эрта куртаклатди. Унинг илк шеърий машқлари мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ матбуотда эълон қилина бошланганди. Алишер Навоий номидаги Самарқанд педагогика академиясининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олаётган пайтларида эса бирин-кетин ёш шоирнинг шеърий тўпламлари нашр қилинди. Бу китоблар ўша давр ўзбек адабиётида гўё чақмоқ каби пайдо бўлди. 1932 йилда нашрдан чиққан “Қуёш билан суҳбат” номли илк китоби биланоқ Усмон Носир ўз номини шуҳратга буркади, адабиёт намояндалари сафидан ўзига муносиб ўринни ажратиб олди. Ўша йили ўқувчилар қўлига етиб борган “Сафарбар сатрлар” тўплами ҳам, кейинги йилларда кетма-кет чоп этилган “Тракторобод”, “Юрак”, “Меҳрим” шеърий китоблари бирдай ҳам мутахассислар, ҳам ўқувчилар томонидан илиқ қарши олинди, қўлма-қўл бўлиб кетди, севиб ўқилди, кўплаб юраклардан мустаҳкам жой олди ва то ҳануз ардоқланиб мутолаа қилинмоқда. Усмон Носир нафақат истеъдодли шоир сифатида, балки етук таржимон сифатида ҳам ном қозонди. Пушкиннинг “Боғчасарой фонтани”, Лермонтовнинг “Демон” асарларини катта маҳорат билан ўзбек тилига ўгирди. “Нахшон”, “Норбўта” каби достонлари билан ўзбек достончилиги ривожига муносиб ҳисса қўшди. Аммо ғаддор тузумнинг энг таҳликали даврига тўғри келган ҳаётини даҳшатли қатағон бўрони четлаб ўтмади. Ҳали 25 ёшга ҳам кирмаган шоирни асоссиз айблар билан ҳибсга олдилар. Гулдай умрини Сибирнинг совуқ ўлкаларида, қийноқларга тўла қамоқ лагерларида хазон қилдилар. Аммо унинг ижодини, ўлмас шеъриятини шўролар тузуми маҳв эта олмади. Усмон Носир ижоди ўзбек адабиёти осмонидаги мангу порлоқ юлдуз каби ҳамиша шуъла таратиб тураверади.
Мутахассислар шоир ижодини пўртанага қиёс этадилар. У билан бир замонда яшаган шоир Туроб Тўла Усмон Носир шеъриятига шундай баҳо берган эди:
“Усмон шеъриятимизга шамолдай кириб келди. Балки бўрондай! У шундай тўполон ва тўлқин билан келдики, унча-мунча шеърий услуб ва ижодни тўс-тўс қилиб юборди. Уни ўзимизда “Ўзбекнинг Лермонтови”, Москва газеталарида “Шарқда Пушкин пайдо бўлди” деб ёзишди...”
Навқирон шоирнинг юксак истеъдод меваси ўлароқ қоғозга тўкилган шеърларини мутолаа қилган киши бу сатрларнинг қуймалиги, илҳом дея аталмиш сирли-сеҳрли ҳолат амри-таъсирида яратилганига амин бўлади. Бир-бирига уйғун мисралар, уларда ифодаланган рангин туйғулар киши қалбини дарров ўзига мафтун қилиб қўяди, шеърий сатрлар зимнидаги кўтаринки бир шиддат эса беихтиёр кўнгилда ғалаён уйғотади. Шу онда бу шеърларни овоз чиқариб ўқий бошласангиз, ўзингиз кутмаган ҳолда руҳингизда дадил, ишонч, қатъийлик билан йўғрилган бир кайфиятни ҳис этасиз. Бунинг боиси эса шеърларда уфуриб турган шоир руҳияти, қолипларга сиғмаган асов қалби ва шу қалбга таржимон бўлган оташин қаламининг қудратида.
Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан,
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан, – деб ёзади шоир машҳур “Юрак” сарлавҳали шеърида. “кўзига ойни беркитган”, “тилини найга жўр этган” қалбини шоир аяб ўтирмайди, уни яшашга, яшаганда ҳам ёниб яшашга ундайди. Агар юрак бундай қила олмаса, унинг тилаги шу:
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам!
Яна айрим шеърларни ўқир экансиз, уларда моҳирона чизилган манзаралар тасвири сизни ўзига асир айлайди. Айниқса, “Нахшон” достони бошланмасида келтирилган қуйидаги сатрлар кўз олдингизда сулув ва сокин бир манзарани бирма-бир чизиб кўрсатаётгандай бўлаверади:
Боғларга намозгар
Салқини тушди,
Гуллар нам баргини
Қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар
Тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил
Ўт шафақ ўчди...
Ушбу гўзал тасвир ортидан яна тасвир берилади. Аммо энди бу атроф-борлиқ эмас, балки суйганини интизор кутаётган ошиқ қалбининг интиқ, зор манзараси:
Кўз тутдим
Кўзларим нигорон бўлди;
О, дилбар,
Симбарим, юзлари қирмиз.
Киприги кўксига
Соя солган қиз,
Кўз тутдим,
Юрагим тўла қон бўлди...
Шоирнинг маҳорати шундаки, тасвирни табиат манзарасидан ғоятда усталик билан ошиқ-маъшуқ учрашуви тасвирига, севгили маҳбубанинг ошиқ нигоҳидаги дилбар суврати қиёсига буриб юборади:
Сен келдинг,
Севгилим, Нахшон,
Сув қизи - сувсарим,
Киприклари ўқ.
Сен келдинг,
Кўнглимга сув каби оқдинг.
Сен келдинг -
Руҳимда яшаш бошланди,
Севинчдан кўзларим
Беҳол ёшланди.
Сен келдинг,
Шеъримга чечаклар тақдинг...
Бу манзара, бу тасвирларни ўқир экансиз, шоир айтмоқчи бўлган ҳолат ва кўриниш кўз ўнгингизда бор ранглари билан аниқ-тиниқ гавдаланади. Шунчаки гавдаланибгина қолмай, шуурингизни бегонасиратмасдан, осон ва қадрдон бўлиб жой олади. Сатрларни беихтиёр қайта-қайта ўқийверасиз, улар хотирангизда сақланиб қолаверади...
Усмон Носир ижодида бундай шеърлар анчагина. Шу билан бирга, унинг таржималари ҳам ўз асарлари каби равон, ўқишли. Ўзи ўгираётган ижодкорнинг “мен”ига, асари ғоясига шу қадар осон “туша” билганидан ўқувчи Усмон Носир таржимасидаги асарларни худди ўз она тилида ёзилгандай осон ўқийди, тез ҳазм қилади. Зеро, шоир ижоди шу жиҳатлари билан ҳам ҳамиша севимли ва ардоқлидир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА