Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Рождество юлдузлари” деб номланган халқаро фестиваль-танловда Россия Федерацияси ҳамда МДҲ давлатларидан келган мусиқачилар ўз ижро намуналарини намойиш қилишди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Европа фольклор фестиваллари ассоциацияси ҳамда ЮНЕСКО қошидаги Халқаро Рақс кенгаши ташаббуси билан ҳар йили ўтказилиб келинадиган мазкур танловда 5 та ёш гуруҳидаги (5-10, 11-14, 15-20 ва ундан катталар) ижрочилар иштирок этишлари мумкин. Улар рақс, чолғу созандалиги, яккахон ва дуэт ижро каби йўналишларни ўз ичига олган танлов шартлари бўйича мусобақалашади.
- Бу нуфузли танловда иштирок этиш учун бир неча ой тайёргарлик кўрдик, - дейди Аҳрор Низомов. – Бу беиз кетмади ва устозларимиз ишончини оқладик.
Танлов натижаларига кўра, вилоятимиз вакиллари юқори ўринларни забт этишга муваффақ бўлдилар. Моҳидил Низомова чолғу созандалиги йўналишида фортепьянодаги якка ижро учун 15-16 ёшлилар ўртасида, Аҳрор Низомов эса айни йўналишда 17-18 ёшлилар ўртасида 1-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, уларнинг дуэт ижроси ҳам танлов мутасаддиларининг юқори баҳосига сазовор бўлди.
Х.ҚИЛИЧЕВА