Бугунги кунда жаҳон адабиётининг сара намуналари қаторида замонавий чет эл адибларининг асарларини ҳам ўзбек тилига ўгириш, китобхонларни улардан баҳраманд қилишга катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. Бу эса таржимонлар зиммасига катта масъулият юклаши баробарида шу соҳани янада ривожлантириш, моҳир таржимонлар сафини кенгайтиришни ҳам тақозо этади. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиздаги бошқа ўқув муассасаларида бўлгани каби Қарши давлат университети хорижий тиллар факультетида ҳам муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, факультетдаги 4 йўналишда (инглиз, немис, француз, рус тили ва адабиёти) ҳам “Ёш лингвистлар” ва “Ёш таржимонлар” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу тўгараклар ўзида иқтидорли ёшларни бирлаштирган.
- Бу ёшлар орасида бадиий ижод билан шуғулланадиганлари ҳам кўпчилик, - дейди факультет деканининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Омонов. – Бундан ташқари, уларнинг таржимонликка мойилликлари, қизиқишларини ҳам ҳисобга олганмиз. Биргина немис тили ва адабиёти йўналишида ташкил этилган “Ёш таржимонлар” тўгараги фаолиятига назар ташласак, унинг аъзолари бўлган йигит-қизларимиз бугунги кунда республика миқёсида ўтказилаётган бир қатор ижодий танловларда фаол иштирок этишмоқда. 3-курс талабаси Кибриё Холматова Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида, яқинда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган ёш ижодкорлар форумида муваффақиятли қатнашгани фикримизнинг далилидир.
Қолаверса, ўтган йиллар ичида университетни тамомлаган Мафтуна Нодирова, Юлдуз Очилова, Яҳё Ёвқочдиев каби истеъдодли ёшлар ҳам айни шу тўгаракларда иқтидорини шакллантирган ва бугунги кунда ўз мустақил фаолиятларини йўлга қўйган мутахассислардан. Ҳозирда шу тўгарак машғулотларида мунтазам қатнашаётган 14 нафар йигит-қиз ҳам келажакда моҳир таржимон бўлишни кўнглига туккан.
- 1-курслигимдан бери шу тўгарак аъзосиман, - дейди Кибриё Холматова. – Немис тилини мукаммал эгаллаш йўлидаги интилишларимни бадиий таржимасиз тасаввур қила олмайман. Бугунга қадар қатор олмон эртакларини она тилимизга таржима қилдим ва улар вилоят ҳамда республикадаги кундалик нашрларда эълон қилинди. Эндиликда замонавий немис адабиёти намуналарини таржима қилмоқчиман.
Шу йўналишда таҳсил олаётган Дилором Неъматова, Рамазон Абдуалимов, Дилшод Тангриев, Флора Чориева каби талабалар ҳам тўгарак машғулотларида фаол иштирок этиб келишаётган экан.
Уларнинг фаолияти, қизиқишлари билан танишиш истагида университетга борганимда қизиқарли семинар машғулотининг устидан чиқдим. Машғулотни Халқаро таржимонлар ассоциацияси аъзоси, маҳоратли таржимон Ҳафиза Қўчқорова олиб бораяпти.
- Ушбу беш кунлик семинар Тошкентдаги Гёте номидаги Германия маданият маркази ва Қарши давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, мақсадимиз бўлажак таржимонларнинг маҳоратини оширишдан иборат, - дейди Ҳафиза Қўчқорова. – Семинар иштирокчиларини синов асосида танлаб олдик. Уларга дастлаб бугунги кун немис адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан саналган Элке Ҳайденрайҳнинг “Тасодифлар тасодифан бўлмайди” асаридан парчаларни ҳавола этдик ва талабалар таржима қилган матнларни текшириб, энг яхши таржима муаллифларини семинарда иштирок этишга таклиф қилдик. Мени қувонтирган жиҳати, бира тўла 40 нафар талаба бу синовда иштирок этди. Улар орасидан 15 нафарини саралаб олдик ва ҳозирда таржима сирлари борасидаги машғулотларда бу ёшларимиз фаол қатнашишаяпти.
Машғулот давомида бўлажак таржимонлар юқорида номи келтирилган асардан берилган парчани биргаликда ўзбек тилига ўгиришди. Немис сўзларининг ўзбекча муқобилларини топишга, асарни хатосиз, мукаммал таржима қилишга ҳаракат қилишди. Маҳоратли таржимон Ҳафиза Қўчқорованинг маслаҳат ва тавсиялари эса уларга қўл келди.
- Таржимон ҳеч қачон ўзининг икки миллат, икки халқ ўртасидаги кўприк эканлигини унутмаслиги лозим, - дея таъкидлайди ёш таржимонларга Ҳафиза Қўчқорова. – Бу эса улкан масъулият. Биласиз, сўз билан сўзнинг, оҳанг билан оҳангнинг фарқи бор. Бизнинг она тилимизнинг луғати эса бениҳоя бой ва ранг-баранг. Ундаги имкониятлар бошқа кўп тилларда йўқ. Бу биз таржимонлар учун қулай шароит яратади. Фақат ўз она тилининг нозик маъно қирраларини чуқур англаш ва ўзингиз танлаган чет тилини ҳам яхши билишингиз керак.
Бундан ташқари, таржима қилинаётган миллат тилинигина эмас, унинг менталитетини, одат ва қадриятлари, турмуш тарзини ҳам таржимон ҳисобга олиши зарур. Машғулот давомида бу жиҳат ҳам қайта-қайта уқтирилди.
- Кўпинча, биз замонавий Ғарб адабиёти ёки маданияти дейилганида, “оммавий маданият”ни тушунамиз, - дейди Шуҳрат Омонов. – Аммо Европа миллатларининг асл маданияти Шарқники сингари бой ва ранг-баранг. Ўрганишга арзийдиган жиҳатлар ҳам, бизнинг қадриятларимизга уйғун удумлар ҳам мўл уларда. Таржимон мана шу омилни эсдан чиқармаслиги зарур.
Машғулотлар давомида бадиий таржиманинг шу ва бошқа нозик қирралари талабаларга сингдириб борилаяпти. “Тасодифлар тасодифан бўлмайди” асаридан танланган парча – она ва қиз суҳбатини таржима қилишда ёш таржимонлар оилавий муносабатлар талқинига аҳамият қаратишди. Биргаликдаги таржима жараёнида немис тилидаги биргина “heftig” сўзининг ўзбекчада бир нечта муқобили борлигига амин бўлишди. Кимдир бу сўзни “ғазабланган” маъносида қўллаган бўлса, бошқалар “асабий”, “таъсирланган”, “қўрслик билан”, “аччиқланган” каби маъноларини қўллаб кўрди. Шу ўринда қиз ва она муносабатларидаги алоҳида жиҳатлар – онанинг фарзандидан хавотир олиши, қизнинг онасига эркалик билан бемалол ва эркин муомала қилиши каби жиҳатлар ҳисобга олинди, матн мазмунини ўзбек тилида равон ифодалашда энг мос келадиган сўз-иборалар саралаб олинди.
- Бу каби машғулотларни кейинчалик ҳам ўтказиш ниятимиз бор, - дейди Ҳафиза Қўчқорова. – Чунки ёш таржимонларнинг замонавий немис тилини чуқур ўрганишлари, таржима сирларини пухта эгаллашларида бу каби семинарларнинг аҳамияти катта. 2018 йилнинг март ойида бугунги немис адабиётининг забардаст намояндаларидан бири, асарлари дунёнинг 80 дан ошиқ тилига ўгирилган швейцариялик адиб Франц Ҳоолер билан Қарши давлат университетида учрашув ўтказишни режалаштирдик. Бундан ташқари, Моника Марон, Женни Эрпенбек, Лукас Бэррус, Бето Штраус, Нора Гамринлер каби адиб ва шоирлар ижоди билан ёшларимизни яқиндан таништириш ниятидамиз.
Албатта, бу каби тадбирлар ёш таржимонлар учун катта маҳорат мактаби бўлади. Шу маҳорат мактабини ўтаган ёшлар эса келажакда ўзбек китобхонлари ва немис адабиёти ўртасида мустаҳкам кўприкка айланишларига шубҳа йўқ.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА