Янги йил байрами яқинлашгани сари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан пиротехника воситалари ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб аниқланмоқда. Бир неча кун илгари Шаҳрисабзда 210 миллион сўмлик пақилдоқлар сотилишининг олди олинган бўлса, худди шу куни Қарши шаҳрида икки ўсмирнинг спорт сумкасидан пиротехника воситалари топилганди.
Худди шундай ҳолат ички ишлар ходимлари томонидан Чироқчи туманида ҳам аниқланди. Кўкдала маҳалласида яшовчи, 2003 йилда туғилган Б.Д. деҳқон бозорида юраркан, унинг сумкаси ходимлар эътиборини жалб қилади. Холислар иштирокида сумка кўздан кечирилганда, унинг ичида 9 қути “Титаник” номли пиротехника воситалари борлиги маълум бўлди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, аниқланган пиротехника воситалари Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига топширилган. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.