Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ТАҲРИРИЯТ

01.06.2017


КЎНГИЛЛАРНИ БОFЛОВЧИ КЎПРИК

Таҳририятимизга келаётган хатлар биз билан газетхонларимиз ўртасида ана шундай кўприк вазифасини ўтаяпти. Уларни ўқиш жараёнида юртдошларимизнинг нашрларимизга бўлган эътибори, айни пайтдаги фикр-мулоҳазаларидан хабардор бўламиз.

Қарши туманидаги Тўқманғит қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Маъмура Муродова - китоб шайдоси. У бизга йўллаган мактубида Турсуной Содиқованинг "Сўз сеҳри" китоби ҳақидаги ўз таассуротларини баён этган.

"Сўз қадри жуда буюк куч эканлигини ҳар доим ҳам ҳис қилавермас эканмиз. Лекин мен Турсуной Содиқованинг "Сўз сеҳри" деган китобчасини ўқиб чиққач, сўз ҳақиқатдан ҳам жуда ажойиб ва қимматли нодир хазина эканлигини янада чуқурроқ ҳис қилдим", дейди мактуб муаллифи. Дарҳақиқат, китобнинг инсон ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир. Сўз эса мўъжизавий қудратга эга. Шундан келиб чиқиб, Маъмура опа қуйидаги фикрларни билдиради:

“Сўз чимилдиғу ақл келиндир”, деган ҳикматли сўз бор. Чиндан ҳам инсоннинг гап-сўзлари, фикрлари, муомаласи орқали унинг ўзлиги, ақл-идроки намоён бўлади. Унинг ким эканини гап-сўзларидан билиб оламиз. Баъзан кимгадир қарата айтилган бирор калима бир қарашда оддийгина сўз бўлиб туюлади, аммо йиллар ўтгани сари анча қудратли, қимматли ва ардоқли бир сўзга айланиб борар экан..."

Касби туманилик Воҳид Аҳмад бизга йўллаган бир  нечта хатнинг биринчиси ҳам юқорида келтирилган сўз ва унинг сеҳри, қадри борасидаги фикрлар билан уйғун. Аниқроғи, унда муаллиф бугунги ашулачилик санъати, айрим енгил-елпи қўшиқларнинг ёшлар маънавиятига таъсири хусусида куйиниб ёзади:

“Ёки кечагина қулоғимга чалинган қўшиқлардан бири:

“Фарқи йўқдир, ҳазилми, чинми,

Энди танлаб бўлдим ман сизни.

Олай энди бир кўнглингизни,

Қўймадингиз, қўймадингиз-да”.

Хонанданинг хоразмча шевада айтаётган бу қўшиғида “бир кўнглингизни олай” чорловидан кишида андиша туғилиши табиий. “Қўймадингиз, қўймадингиз-да” дея давомини эшитган тингловчида эса “бир кўнглини олмасликка қўймайдиган” маъшуқани қандай қиёфада тасаввур қилиш ўзингизга маълум. Тилимизда ҳамият, орият деган сўзлар мавжуд. Яъни ор-номусни пок сақлаш туйғуси. Қани, бу ерда ҳамият, ор-номусни топиб кўринг-чи. Ачинарлиси, ёш авлод вакиллари шундай қўшиқларни тинглаб,  улғайишмоқда. Бу билан қўшиқлардаги бепарда ҳислар ва сўзлар кенг омма учун ҳам одатий ҳолга айланиб бормоқда...”

Юқоридаги каби бир нечта мисоллар келтириб, ўз фикрларини далиллаган муаллиф мулоҳазасини шундай хулосалайди:

 

“Қўшиқ - миллатнинг маънавий қиёфаси. Шунинг учун нодуруст сўзларни мусиқий оҳангга солавериш маънавий жиноятдир. Зеро, шеърият мулкининг султони Мир    Алишер Навоий таъкидлаганидек:

Оғзига келганни демоқ нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши”.

Бундан ташқари, Воҳид Аҳмаднинг "Бозордаги баҳо: ғойиб бўлма, инсофжон", "Рухсат бер, ўтайин кўчаларингдан", "Толеига битилгандур сўз" сарлавҳали хатлари ҳам диққатга молик. Бирида бозордаги нарху наво беқарорлиги, сотувчи-харидор муносабатлари ҳақидаги мулоҳазалар ўрин олган бўлса, кейинги икки мактубда халқимизнинг  севимли шоирлари Абдулла Орипов ҳамда Эркин Воҳидов ижоди ҳақида сўз боради.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Зокир Раҳимов бизга юборган хат "Таълим жараёнида ўқувчи-талабалар қизиқиши ва фаоллигини ошириш механизмлари" деб номланади. Унда ўқитувчининг дарсни ташкил қилиш маҳорати, ўқитишнинг янгича технологияларидан фойдаланиб дарс ўтиши ҳақидаги фикрлар баён қилинган. Жумладан, муаллиф шундай ёзади:

“Дарснинг самарали ва қўйилган мақсаднинг кафолатли ечимга эга бўлиши ўқитувчининг тайёргарлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўқитувчи дастур ва дарслик  билан чекланиб қолмай, ўз соҳасининг билимдони сифатида инновацион фаолият доирасида янги ахборотларни излаб топса, уни тизим ҳолига келтириб, ўқувчи  (талаба)ни ахборот технологиялари, интерактив  методлар асосида муаммоли машғулотлар оламига олиб кира билса, ўқитувчидан тўғри илмий-услубий йўналиш олган болада мустақил равишда билимларни эгаллаш кўникмаси шаклланиб боради. Ана шунда бундай ўқитувчининг дарсга тайёргарлиги бугунги кун талаби  даражасида бўлмоқда, десак, янглишмаган бўламиз...”

Дарҳақиқат, замонавий таълимда турли замонавий  услубларнинг муваффақиятли қўлланиши ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук шахслар бўлиб вояга етишида муҳим омилдир.

Таҳририятимизга келаётган мактублар орасида бадиий адабиёт ихлосмандлари, ҳаваскор қаламкашлар йўллаган ижод намуналари ҳам бор. Қамашилик Абдулла Бобоёров бизга "Юрагимда яшайсан, Ватан!" деб номланган  туркум шеърларини юборган. Уларни ўқиб, ижодкорнинг кўнгил кечинмаларидан огоҳ бўлдик. Яхшилик, муҳаббат, инсон тийнати ҳақида ёзилган бу шеърлардан бирида  қуйидагича сатрлар бор:

Адашсанг йўлни ҳам топасан бир кун,

Йиқилсанг турасан, имкон бор бизда.

Бахтсизлик бу дилда аламли тугун -

Бахтсизлик аслида Ватансизликда...

Шаҳрисабз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сурайё Йўлдошева ҳам электрон манзилимизга ўз шеърини жўнатган. "Улуғлар қалбда яшайди" сарлавҳали ушбу ижод намунаси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган:

Ўзбек ўғлонларин дунё билмоқда,

Спорт, санъат, фанда ютуқлар бисёр.

Улкан марраларни забт этган чоғда,

Нурафшон руҳингиз бўлсин бахтиёр...

Инсон хотираси - азиз. Айниқса, унинг эл-юрт равнақига бағишлаган фаолияти сира унутилмайди, ҳамиша айрича эъзозу ҳурмат билан тилга олинади. Авлодлар  дилида мангу қолади. Шеърда худди шу жиҳат ўз ифодасини топган.

Хуллас, шу каби мактубларнинг барчаси бизнинг эътиборимизда, диққатимиз марказида. Зеро, уларнинг барида азиз газетхонларимизнинг газетамизга бўлган муносабати ўз аксини топади.

 

ТАҲРИРИЯТ

Report typo