Муҳаммад Юсуф номини элимизнинг каттадан кичигигача яхши билади, унинг шеърлари ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган, халқимизнинг руҳиятига сингиб кетган. То ҳануз тилларда айланади, гоҳ ҳазил йўсинида, гоҳ фикрни тасдиқлаш мақсадида бийрон-бийрон ўқилади, даврада биров бошласа, қолганлар жўр бўлади. Сабаби – шоир шеъриятига хос халқчиллик, ўзбекнинг ўзидай соддалик, шу билан бирга, асл шеърият талаби бўлган оҳорлиликда. Шу боис, унинг шеърлари тез куйга солинди, оҳанглар жўрлигида одамлар кўнглига зумда кириб борди. Оҳорли ташбеҳлар, ҳеч кимникига ўхшамаган қиёслар, содда ва очиқ иқрор, изҳорлар шеърият муҳибларини дарров ўзига мафтун қилиб қўйди. Шундан унинг тўпламлари нашрдан чиққани ҳамоно қўлма-қўл бўлиб кетди, то ҳануз энг кўп ўқиладиган, энг талаб катта шеърлар ҳисобланади.
Қувроқ бўл, дейишди.
Ёлғон ҳам керак,
Жиндак хушомад ҳам, қулоқ солмадим.
Оқни оппоқ кўрдим, қорани – қора
Мен ўз билганимдан қолмадим...
Шоирни элга танитадиган омил – унга яқинлик. Муҳаммад Юсуф шеърларида худди ана шу яқинлик бор эди. Оламга тийраккина нигоҳи билан боқиб турган қишлоқи болакай, шаҳарга келиб, қишлоғини қўмсаётган йигит кечинмаларидан тортиб, ака-ука, оталар номидан ёзилган, одамлар дардига эш бўлган, давр сийратини чизган шеърларида ҳам бирдай шу жиҳат яққол кўзга ташланади. Шоир халқ ҳаётининг барча жиҳатларини қамраб олган, ўзбекнинг бор хислатию фазилати “манаман” деб намоён бўлиб турган шеърлари билан замонавий миллий адабиётимизни янги босқичга кўтарди. “Taниш тераклар”, “Булбулга бир гапим бор”, “Илтижо”, “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Эрка кийик”, “Осмонимга олиб кетаман”, “Кумуш”, “Koкилингни ким кесди”, “Алдов”, “Tуркман қиз”, “Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан”,“Ёлғончи ёр” сингари шеърий тўпламлари, “Қора қуёш” достони унинг адабиёт хазинасига қўшган ҳиссаси, катта мерос сифатида ўрганилади, севиб мутолаа қилинади.
Айтилганидек, шоир шеърлари халққа яқин, уларда мураккаб фикрлар, жимжимадор сўзларни кўрмайсиз. Маъно эса залворли. Шу билан бирга, унинг шеърлари кўнгилни юмшатадиган, ўйлашга, борлиққа ўзгача назар ташлашга ундайдиган шеърият.
Менинг кимлигимни билмайди ҳеч ким,
Мен бир ғалатиман.
Мен алоҳида.
Кўзимнинг ёшини келади ичгим,
Тилимни чайнагим келар гоҳида...
Бу шеърни кўпчилик ёд билади. У ҳам шоирнинг бошқа шеърлари каби осон, равон ўқилади. Бир-бирини етаклаган сўзлар, жумлалар маъносини чақишга уринганингизда эса кўз олдингизда шоирнинг лирик қаҳрамони – ўз феълидаги турфаликлардан ҳайрати ошган, руҳиятига хос талотўп ва ғалаёнларни тадқиқ қилишга, англашга уринаётган инсон гавдаланади. Шеърнинг давомида лирик қаҳрамон елкасига ой ўтириб олганидан, офтоб унинг йўлига нур эмас, ғавғолар сочишидан воқиф бўласиз. Бу демак – қаҳрамон олам дардларини мушоҳада қилаётир, ўйга ботаётир. Шу хаёллар етовидан чиқолмаган бу одам ахийри умрини кўнглига топширади. Яъни кўнгли истагига кўра яшаш фикрига келади. Шу аснода у ҳаёт сирини, яшаш илмини кашф қилганини сезади:
Энди тошни тепсам, ўпар изимни,
Ерга ағанасам –
ер ҳам девона...
Муҳаммад Юсуф шеъриятида энг кўп куйланган мавзу – Ватанга муҳаббат мавзуси. Шоир ўзи туғилган шу юртнинг ҳар қарич ерини мубтало ошиқ каби севади, шеърларида бу юртнинг тоғу тошларини, гувалаю пахса уйларини, мунчоқкўз болаларию Алпомишдек йигитлари, Барчинойдек қизларини айрича меҳр билан таърифлайди. Халқнинг тарихига хос, аждодларига мос эл бўлишини тилайди.
Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна,
Довруғи ҳам дарди сендек ким бор яна.
Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна,
Мозийни ёд этай десанг — халқ бўл, элим...
Бу каби шеърларнинг аксарияти қўшиқ бўлгани, яна севиб тингланадиган мусиқий асарлар саналгани бежиз эмас. Зеро, юрт меҳри шоир қалбидан куй мисоли, энг гўзал, энг нафис оҳангга дўниб тўкилган...
Шоир ихлосмандлари унинг баҳорни мадҳ этган, кўклам ўзгача соғинч билан битилган шеърларини ҳам севиб мутолаа қиладилар. Шулардан бири “Кўкламойим” шеъридир. Шеърнинг бир бандида шундай дейилади:
Kўнглимгa кўк бинафшалар сочилсин,
Koкилига толпопукдан соч илсин,
Бойчечакка борар йўллар очилсин -
Kўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Юрт баҳорининг гўзал манзараларидан кўнглига гуллар ифори сочилган Муҳаммад Юсуф шеъриятининг ўзи ҳам шу бинафшага ўхшайди. Бу шеърият адабиёт муҳиблари кўнглига мудом кўк бинафшаларини сочаверади...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА