Бобомнинг “Қорақашқа” лақабли улоқчи оти бўларди. Унга алоҳида меҳр қўйганиданми, атрофида доим парвона бўлиб, вақти-вақти билан емиши, сувидан хабардор бўлар эди. Қачонки кўпкарили тўй дарагини эшитса, бобом қўшни овуллик чавандозлар билан тўйга отланарди.
Айниқса, тўй мавсумида уйимиздан кўпкари улоғининг гўшти аримасди. Унинг мазаси бошқа гўштларникидан фарқ қилар эди. Биз, болалар эса бобомнинг яна тўйга боришини, совға-саломлар билан-бирга улоқ гўштини олиб келишини интизорлик билан кутардик. Узоқ қишлоқлардан бобомни сўроқлаб келган 5-6 чавандозни кўриб, момомдан сўрардик:
- Моможон, улар эртанги улоқнинг дарагини қаердан эшита қолдийкан?
Шунда момом:
- Бу хабарнинг қаноти бор, болам, буни бир чавандоз эшитса бўлди, қолганлари унга эргашиб келаверади, - дея изоҳ берар эди...
Миллий қадриятга айланган бу ўйин аждодлардан-авлодларга ўтиб келаяпти. Яхши кунларда, тўй-тантаналарда, байрамларда ўтказиш анъанага айланган бу мусобақа Марказий Осиёга хос от ўйини саналади. Бу ўйиннинг сеҳри шундаки, унинг дарагини эшитган чавандозлар юзлаб чақирим йўлни ортда қолдириб бўлса-да, тезроқ кўпкари чопиладиган майдонга етиб боришга ҳаракат қилишади. Одатга кўра, чавандозлар атай таклиф этилмайди, улоққа уларнинг ўзлари келади ва кўпкари олдидан тўй эгаси томонидан яхшилаб меҳмон қилиниб, сарпо-суруқлар берилади.
Негаки халқимизда улоқ ўйинига бўлган қизиқиш юқори. Ўйинни томоша қилиш учун каттаю кичик ошиқади, қайси чавандоз ғолиб бўлиши, қандай улоқчи отларнинг иштирок этиши ҳаммани қизиқтиради. Айниқса, қиш ва баҳор фаслида улоқ ўзгача ўтади. Эндигина бошланаётган кўклам ҳиди димоққа урилиб, кайфиятингизга янада кўтаринкилик бағишлайди. Ўйиннинг баковули, яъни ҳаками улоқни майдонга ташлайди. Ғолиблик учун кескин кураш бошланади. Улоқнинг қандай ўтиши, ўйин давомидаги ғирромлик ва ҳалоллик учун у масъул бўлади. Баковулнинг иши эса оқсоқоллар томонидан назорат қилинади. Албатта, ғолиб чиққан чавандозлар учун аталган “зот”, яъни совғалар тўй эгаси, яқин қариндошлар томонидан аталади. Улоқни майдондан олиб чиқиб, белгиланган жойгача етказиш ғолиблик саналади ва ҳалол, дея баҳоланади. Талотўпдан улоқни ажратиб олиб чиқиш учун аввало яхши от, билак кучи ва етарлича тажриба керак бўлади.
Кўпкаридан сўнг йиғилганлар “Фалончининг оти зўр экан”, “Писмадончи чавандозга умид қилса бўлади”, “Барибир ўзимизнинг қорабайир зўр-да”, дея узоқ вақтгача эслашиб, гапиришиб юради.
- Мен бу ўйинга анчадан бери қатнашиб келаман, кўпкари давомида кўплаб чавандозларнинг ўйин услубларини кузатаман ва улардан ўрганишга ҳаракат қиламан, - дейди чироқчиик ёш чавоғонлардан бири Шоҳруҳ Абраев. - Вилоятимиз бўйича танилган, устоз чавоғонлардан Шамши Рўзиев, Шокир Аҳмедов, Рўзи Туймаевларнинг от чоптириш, ўйинни моҳирона бошқариши, Сирож полвоннинг улоқни ердан чапдастлик билан олиши, Қувонч чавандознинг отга муомаласи ёқади. Ўйин пайтида ҳаракатларни улар каби амалга оширишга уринаман. Бу ўйин анча қийин, хатарли бўлиб, чавандоздан эпчиллик, зийраклик талаб қилади. Ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар кўп, шунинг учун ҳам имкон қадар кўпкарида кўпроқ қатнашишга ҳаракат қилаяпман.
Бугун миллий мерос саналган кўпкари ўйини жойларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани қувонарли. Айниқса, Чироқчи, Қамаши, Деҳқонобод ва Яккабоғ томонларда бу ўйиннинг шуҳрати баланд. Хусусан, Чироқчида кўпкарининг ҳадисини олган моҳир чавандозлар кўп.
- Кўпкари ғирромликни ёқтирмайдиган ўйин, - дейди еттитомлик тажрибали чавандоз Жамол Жўраев. - Унда қатнашадиган чавандоз ўз-ўзини, ҳаракатини ҳалоллик тарозисига қўйиб, ўзининг ҳам, рақибларининг ҳам кучига одилона баҳо бера олиши керак. Шундагина у чинакам чавандоз бўлади, тан олинади. Бу ўйин анчайин мураккаб бўлиб, йигитнинг ори ва ғурури ҳам шу майдонда кўринади. Халқимиз қадим-қадимдан бу ўйинни авайлаб, эъзозлаб келишган. Биз ҳам бобомерос ўйинни фарзандларимизга бус-бутунлигича етказишга ҳаракат қилаяпмиз.
Номоддий маданий мерос сифатида эъзозланиб, қадрланиб келинаётган кўпкари миллий ўзлигимизнинг бир қирраси бўлган халқона спорт ўйинидир. Унинг довруғи яна қанчадан-қанча даврларни, замонларни забт этишига шубҳа йўқ. Зеро, ўзбекнинг алп чавандозлари, чапдаст йигитларининг билагида кучи, юрагида ўти бор экан, майдонга от солаверади, улоқ айираверади, кўпкари эса давом этаверади...
Сожида АЛЛАЁРОВА