Муносабат
"Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 2 июнь кунидаги сонида чоп этилган "Оқсил эмас, шунга ўхшаш касаллик эмиш. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси шу боис бамайлихотирми?" номли мақола вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, оқсил касаллиги ўткир кечувчи, ўта тез тарқалувчи инфекцион вирус касаллиги бўлиб, у билан асосан жуфт туёқли ҳайвонлар касалланади. Бу касаллик тарқалган ҳудудда чорва молларининг жуда катта йўқотилиши юз бериши мумкин. Касалликнинг олдини олиш учун энг зарур чора эса чорвани ушбу инфекция тарқатувчиси бўлган вирусга қарши эмлашдир. Шу боис, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг жойлардаги ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан ушбу касаллик мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш борасида доимий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти мисолида айтадиган бўлсак, минтақада 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида 2,5 миллион бошга яқин чорва моллари оқсил касаллигига қарши эмлаб чиқилди ва айни вақтда ҳам бу борадаги ишлар давом этмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда чорва молларининг қарийб 95 фоизида оқсил касаллигига қарши иммунитет фаоллиги мавжуд (бўғоз сигирлар ва ёш молларда оқсил касаллигига қарши эмлаш ўтказилмаслигини ҳам айтиб ўтиш жоиз).
Кўрилаётган чора-тадбирлар самарасида ҳудудда яқин йиллар ичида чорва молларининг оқсил касаллиги қайд этилгани йўқ ва айрим интернет нашрларида Қашқадарё вилоятида чорва моллари орасида оқсил касаллиги тарқалганлиги ҳақида хабарлар чиққанидан сўнг ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан зудлик билан малакали мутахассислар юборилиб, ҳолат ўрганилди. Барча туманларда ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра бирорта ҳам молда ушбу касаллик қайд этилмади.
Вилоятда чорва молларининг мавсумий касалликлари профилактикаси билан боғлиқ ишлар эса доимий равишда давом этмоқда.
Жумладан, вилоят ҳокимининг 2020 йил 5 февралдаги тегишли фармойишига асосан ҳудудда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш мақсадида "Зарбдор 70 кунлик" тадбири ташкил этилиб, 114 та ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳларга 425 нафар ветеринария ходими ҳамда вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази мутахассислари бириктирилиб, улар аҳоли ўртасида чорва моллари, уй ҳайвонларини мавсумий касалликларга қарши эмлаш ва чорва молларини касалликлардан асраш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудида итларни қутуриш касаллиги, чорва молларини эса энг хавфли касалликлар саналмиш куйдирги ҳамда қон-паразит касалликларига қарши эмлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Эмлаш ишларининг сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини мониторинг қилиб бориш мақсадида эмланган ҳайвонлардан назорат тартибида қон намуналари олиниб, вилоят ва республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида текшириб борилаяпти.
Албатта, бошқа фаслларга қараганда баҳорда ҳайвонларнинг мавсумий касалликлари кўпроқ кузатилади. Бунинг боиси, ҳайвон организмининг қиш давомида анча сустлашиши, яъни чидамлилик иммунитети даражаси пасайиши, эрта баҳордан кўк ўтларни истеъмол қилиши натижасида қонида ўзгаришлар юз беришидир. Шунингдек, чорва молларини турли ҳашаротлар, каналар чақиши ва улар орасида касаллик тарқатиши ҳам айнан шу вақтда кўп учрайди.
Бугунги кунда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси томонидан чорвачиликка ихтисослашган тадбиркорлик субъектларидаги чорва моллари доимий ветеринар кузатувига олинган бўлиб, уларга тегишли мутахассислар бириктирилган. Сифатли ветеринария хизмати кўрсатиб келинмоқда.
Вилоятда аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва молларига 342 нафар ветеринар хизмат кўрсатади. Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, вилоятда эпизоотияга қарши кураш чора-тадбирларини ўз вақтида ўтказиш учун бу борада мутахассислар етишмаслиги ҳам бор гап. Айрим ҳудудларда битта ветеринария участкаси мутахассиси 10-15 та қишлоқ ва маҳалладаги чорва молларини эмлаши, касалланганларини даволашига тўғри келади. Бунга у йил давомида жисмонан улгурмаслиги ҳам мумкин. Қолаверса, тегишли қонунга кўра, ҳар бир фуқаро ёки ташкилот янги мол сотиб олганида бу ҳақда ҳудудий ветеринария бўлимига хабар бериши ва уни рўйхатдан ўтказиши лозим. Шунда чорва молларининг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, уларга белгиланган тартибда ветеринария хизматини кўрсатиш, эпизоотик барқарорликни таъминлаш анча осон кечади. Бироқ аксарият чорва эгалари бу тартибга амал қилаётгани йўқ.
Мана шу каби омиллар аҳолининг чорва молларига тизимли ветеринария хизматини кўрсатишда айрим қийинчиликларни юзага келтираётгани бор гап. Айни пайтда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳам ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан керакли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вилоятда оқсил касаллиги кириб келиши ва тарқалиш хавфининг олдини олиш мақсадида қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарадош Ғузор, Деҳқонобод, Миришкор, Нишон туманларида ҳамда Тожикистон Республикаси билан чегарадош Китоб, Шаҳрисабз туманларида 30 километр оралиқ масофада жойлашган 17 та қишлоқ фуқаролар йиғини, 53 та қишлоқларда буфер зоналар ташкил этилган.
Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасида ўтказилган йиғилишда мақолада келтирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, жойлардаги ветеринар мутахассисларнинг масъулиятини янада ошириш, аҳоли орасида уй ҳайвонларининг турли касалликлари тарқалишининг олдини олиш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Нодир ИМОМОВ,
вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи