Кечаси алламаҳалгача чатда қизлар билан ёзишгани, бири-биридан “қизиқарли” сайтларга кирганию улардаги “аломат” суратларни томоша қилавериб, алмойи-алжойи гапларни ўқийвериб, телефоннинг қувватини тугатганини эслади. Аммо қай вақт, қандай ухлаб қолганини сира эслолмади. Ўзиям зўр нарса-да бу интернет деганлари. Истаган нарсангни бирпасда топиб беради. Ижтимоий тармоқлар эса унинг жону дили. Айниқса, қизлар билан гаплашиш, бирйўла бир нечтасини “айлантириш” унга ғурур, ҳузур бағишлайди. Битта тармоқда бир эмас, нақ 4 та саҳифаси бор: бирида “Қора шаҳзода” номи остида рўйхатдан ўтган, бошқасида эса у “Скорпион”. Учинчисида “Маҳмуд ибн Мақсуд”. Мана шунисига қизлар кўпроқ маҳлиё бўлишади. Бу саҳифада зўр ҳийла ишлатган: дадасининг ҳарбий хизматда тушган суратини сайқал бериб, ўзгартирадиган махсус дастур ёрдамида қайта ишлаб, ўзиники қилиб жойлаштирган. Роса зўр чиққан “ижод”и: эгнида замонавий ҳарбий либос, қош-кўзлари келишган йигит. Қизлардан дарров хабар кела бошлайди: “ҳарбиймисиз”, “қаерда хизмат қиласиз” ва ҳоказо. У худди шуни кутиб туради ва саволларга бажонидил жавоб қайтара бошлайди. Қарабсизки, бир-икки ширин гапдан кейин “қадрдон”га айланишади... Фақат бу қизлар унинг ёши саҳифасидаги маълумотлар бўлимида ёзилганидек 24 да эмас, бор-йўғи ўн бешдалигини, суратдагидек бўйдор, жуссадор йигит эмас, озғин, ўрта бўйли ўсмир эканлигини билишмайди-да! “Нима бўпти, ўзлариям, балки мендан кичикдиру ёшини атайин катта ёзишгандир”, ўйлайди у бепарво. Хуллас, зерикмаса бўлгани.
Эринибгина ўрнидан қўзғалар экан, боши оғриётганини сезди. Ўринга чўзилиб, яна бирпас мизғигиси келди, аммо шу онда хона эшиги тақиллаб, онаси ичкарига бош суқди:
- Турдингми, ўғлим, неча марта уйғотиб кетдим, ҳеч уйқудан бош кўтаролмадинг. Кеча эртага машғулотим бор, эртароқ туришим керак, деяётгандинг, нима бўлди?
Лоп этиб эсига тренерининг “Эртага тонгги соат 6 да махсус машғулот ўтказамиз, келганлар яқинда бўладиган мусобақа учун сараланади, кечикманглар!” дегани тушди. Савол назари билан қараб турган онасига эса ёлғонлади:
- Йўқ, аяжон, машғулотни қолдиришибди, кечқурун телеграмдан ёзиб юборишувди...
- Шунақами? Азаматни кўргандим, соат 5 ларда спорт кийимида дарвозамиз ёнидан югурганича ўтиб кетувди, кимгадир телефондан “тезроқ кел, машғулот 6 да бошланади”, деганиниям эшитдим, - ҳайрон бўлди онаси.
Ўсмир ерга қаради...
* * *
- Бунақа калта кийиш яхши эмас, қизим, бўлмайди бу кийиминг! – савдогар қўшнисиникидан ўзига бир эмас, беш хил кийим танлаб келган қизига танбеҳ бера бошлади она. – На мана бу кўйлак узунроқ, на бу юбка. Ҳеч бўлмаганда, тиззани ёпиб турмайдими кийим жонивор! Бунисига қара, елкасида бир парча очиқ жойи нимаси? Кофта-чи?! Бунинг қорнига нима деб ёзилган, ўқий оласанми ўзи?! Қўлингни тепага кўтарсанг, белинг очилиб қолади, калталигини айт яна...
Қиз тумшайди.
- Ҳамма дугоналарим шунақа кийим кийишади, фақат сиз рухсат бермайсиз! Модани билмайсиз, ая, замонавиймассиз! Бошқаларнинг аяси ҳеч нима демайди-ку!
Она нима дейишини билмай қолди. Шу замонавийлик эканми ҳали?! Очиқ-сочиқ, калта-култа кийинган одам замонавий бўлавераркан-да! Кейин жаҳлини бироз жиловлаб, дилбандига тушунтиришга ҳаракат қилди:
- Йўқ, қизим, бу гапинг нотўғри! Мода нималигини мен ҳам биламан, билишимни эса сен биласан, ахир, талабалик йилларимда тушган суратларимни доим ҳавас билан томоша қилардинг, чиройли кийингансиз, дердинг-ку! Ўзингга ярашган, атрофдагиларниям, ўзингниям хижолатга қўймайдиган кийим энг чиройли кийим бўлади. Агар сен айтганингдек, очиқ-сочиқ, калта-култа кийим кийган одам замонавий саналса, демак, Африка ё Австралиянинг олис ҳудудларида яшайдиган, ярим яланғоч юрадиган ибтидоий қабила одамлари замоннинг олди бўлганлар экан-да! Шундайми?
Қиз елкасини қисиб қўйди-да, жавоб бермади.
- Тасаввур қил: мен рухсат бердим, дейлик, лекин даданг билан акангнинг олдига шу калта, очиқ кийим билан чиқа оласанми? Хўп, улар ҳам индамади, дейлик. Кўчада калта кўйлакда кетаяпсан, қаттиқ шамол турса-да, этагинг очилиб кетса, ўғил болалар олдида шарманда бўлмайсанми ўзинг? Автобуснинг тутқичидан ушлаш учун қўл кўтарганингда белинг, қорнинг кўриниб қолса-чи, одамлар бошқача қарамайдими сенга? Манави ёзувнинг-ку маъносини менга тушунтириб беролмаяпсан, бирор тил биладиган одам ўқиса-да, ёмон, қўполроқ сўз ёзилган бўлса, устингдан кулмайдими, ўзи шундай чиройли қиз экану аммо дидсиз, билимсиз, фаросатсиз экан, деб?!
Қизнинг юзлари дув қизарди. Она буни кўриб, нишонга текканини пайқади. Энди бироз юмшаб, қизига буюрди:
- Буларни ўзим эгасига қайтариб бериб келаман. Сен эса мана бу кофтанинг ёзувини кўчириб олгин-да, мен қайтганимча луғатдан маъносини топ, билиб қўйсак, зарар қилмайди...
Қиз ёзувни бир парча қоғозга кўчиришга тутинди...
* * *
Хонтахта устида турган ёстиқдек келадиган ноутбук шундоққина кўз ўнгида бирдан катталаша бошлади. Ўзининг бўйи эса тобора пасайиб, қўл-оёқлари кичрайиб бораётгандек. Шипга теккулик даражада катталашган ноутбук мониторида тўсатдан дарча очилди-да, шаффоф бир қўл чиқиб келди. Оғзини очганича, бу ҳодисотга анқайиб қараб қолганидан ўша қўл чўзилиб келиб қачон ўзига етганию қай пайт ёқасидан ғижимлаб олиб, ичкарига тортиб кетганини англамай қолди. Ичкари!..
Қўлнинг исканжасидан халос бўлибоқ қоқилиб йиқилди. Бир амаллаб ўрнидан тураётиб, кўзи қоқилган нарсасига тушди: бу интернетда кунда минг-миллион марталаб кўзи тушадиган, ҳамма “кучукча” деб атайдиган белги эди. Ичида ишлаб чиқарувчиларни сўкди: “Қизиқ. Буни кучукчага ўхшатиб ясасак, сотиб олаверишади, деб ўйлашганми, нимага керак ўзи бу? Нимада фойдаланиб бўлади?” Бу ўй якунига етиб улгурдими-йўқми, қаддини ростлаётиб, боши тепадан осилиб турган алланимага тегиб кетди. Тепага секин қаради-ю юраги орқасига тортди. Улкан чорбурчак, силлиқ хонанинг шифти қалиндан қалин ўргимчак тўри билан қопланганди. Тўрнинг орасидан элас-элас осмонга ўхшаш бир нима кўринарди, холос. Шу аснода биратўла нигоҳлари хона бўйлаб кеза бошлади. Эҳҳе, бу ерда нималар, кимлар йўқ! Бир хўппа семиз киши қўлида ушлаб турган алламбало дорини қаппайган қорнига ҳадеб суртади. Нарироқда бир олифта хоним қўлидаги шампун билан сочларига ишора қилиб жилва билан турибди. Сал нарида яна биров зўр бериб, қандайдир дорини пешкаш қилади. Бошқа тарафда эса болалар тагликлари, спорт анжомларидан тортиб, қувватни оширувчи, терини тозаловчи, силлиқлаштирувчи алламбало суртмаларни тиқиштираётган, ўзлари ҳам шунга монанд кийиниб олган ёки ярим яланғоч кишилар. Ҳаммаси бир гапни такрорлайди: олинг, олинг, онлайн буюртма беринг...
Юраги сиқилди, ҳаво етишмаётгандек туюлди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, йўл қидирди: қаерда қолди бояги дарча? Олдинга қараб қадам ташлади. Шу пайтгача пайқамаган экан, у юриши билан оёғи тагида турли-туман ёзувлар ёниб-ўча бошлади: гугл, яндекс, майл, хром, мозилла... Уларга қоқилиб-суқилиб, зўрға ўн қадамча илгарилай олди. Бирига билмасдан тегиб кетдими, лоп этиб қаршисида бир тўда оломон пайдо бўлди: олақуроқ бу одамларнинг айримлари узун-узун, қоп-қора либос кийиб олган, қўлларида аллақандай китоблармией, белгилармией. Бошқаларининг сочлари ҳурпайган, юзига бўёқлар чаплаб ташланган. Яна бир-иккитасининг танасида турли татуировкалар. Ўзига қараб, қўлларини чўзганча, нималардир деб баравар шанғиллаётган бу тўдадан қандай қутулишни билолмай талмовсираб қолди. Охири ён томонга қараб юрмоқчи бўлди. Унинг қочиш пайига тушгани, ўзларига эътибор бермаётганини кўрган тўда энди ён томонда туриб олганича, баттарроқ уввос сола бошлади. Имо-ишораларидан ўзидан уларга қўшилишларини талаб қилишаётганини тушунди-да, юраги ортига тортиб кетди.
Нима қилиш керак? У бошқа тарафга ўгирилмаёқ бу одамларга қараб тураверди, билдики, агар ҳозир бирор тарафга салгина бурилса ҳам бу сирли тўда дарров ўша ерга ўтиб олади... Уввос, шовқин аралаш овозлар тинай демайди. У кўзларини юмиб, бошини чангаллади. Сабр косаси тўлди. Турган ерида депсиниб, жазавага тушиб бор овозда қичқирди:
- Керак эмас!!! Тинч қўйинглар мени!!!
Худди шу қичқириқни кутиб тургандек хона шифтидаги ўргимчак тўри бирдан ўралиб, йиғилиб кела бошлади. Атрофини ўраб, торайиб келаётган доирада ҳамма нарса баравар айланаётгани, бояги оломону матоҳини тиқиштираётганлар ва турли-туман ёзувлар устига ёпирилиб келаётганини кўрди. Нафаси бўғилиб, овози чиқмай қолди...
...“Гурс” этган овоздан чўчиб уйғонган одам кўзларини очди-ю қаерда ётганини эслашга уринди. Ташвиш, хавотир ҳисси балқиб турган юзи атрофга бирма-бир қараб чиққач, осойишта қиёфага кирди. “Хайрият, тушим экан!”
Хонтахта устида ёниқ қолган ноутбук мониторида ёзув кўриниб турарди: “Соҳибим, мени ўчиринг! Соат тунги 2 бўлди”...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА