Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.АБДУЛЛАЕВА

06.02.2017


КЎЗГУ

Қиёфаси ўзига ёқмади, назарида кўзгу атай шундай кўрсатаётгандай туюлди. Жаҳли чиқиб, кўзгуни ерга урди – ойна чил-чил бўлди, парчаларга бўлиниб кетди.

“Ажаб бўлди! – ўйлади у. - Мени хунук кўрсатган бўлса, жазоси шу!”

Бошини тик тутиб, кеккайди.

Оёғи остидаги синиқ парчаларда эса барибир ўша қиёфа аксланар, энди бу кепата бир эмас, ўнлаб кўзгуларда манаман деб турарди...

ИЧИМДАГИ БЕГОНАМ

Ботинимдасан. Ич-ичимда. Гоҳида болдай туюлсанг, гоҳ оғудай бўласан. На дўстлигингни биламан, на-да ёвлигингни.

Қай қадамим расо, қай одимим хато – барини биласан.

Гоҳ беомон тафтиш қиласан, беаёв сўроққа тутасан. Ҳар битта сўроғинг жонимга ўт ёқади. Яроғинг ўткир – қалбимни тилади. Нигоҳинг тиғ – бепичоқ сўяди.

Сендан воз кечолмайман, қочолмайман. Кундуз қочсам, тунда қаршимдасан. Қайда бўлсам, шунда ҳозирсан...

Йиғласам ҳам, ёниб-куйсам ҳам бепарвосан.

Сен шундайин золимсан, Виждон!

ХАТО

“Янглишиш айбми?” – кўзларига тирқираб ёш келди. Ахир, билмасдан қилди-ку!

Йиғласа ҳам койидилар, янглиш қилган иши учун танбеҳ бердилар.

Айтилган таънаомуз сўзлар қўрғошиндек қулоғига қуйилиб, хотирига ўрнашди.

Вақт ўтди. Сувлар оқиб кетди. Аммо қўрғошин кетмади.

Кетмагани яхши экан, янаги сафар қалтис қадам босаман деса, оёғига илашди – юргани қўймади, тўғри йўлга буриб юборди. Балодан асради.

Хато – аслида сабоқ эканини шунда англади.

ТАЖРИБА

Орзу осмондан ерга тушди, ният бўлди. Мақсадга айланди.

Билим билганича ўргатди. Мушоҳада йўл кўрсатди, нима тўғри, нима хатолигини айтди. Чама чамалаб берди, мантиқ ўз тарозисида тортди.

Шижоат белини маҳкам боғлади. Ғайрат ишга тушди. Маҳорат бор кучини сарфлади.

Бироқ иш ўхшамади, ҳаракат самара бермади.

Тажриба панд берди, тажриба!

Х.АБДУЛЛАЕВА

Report typo