- Нимани тутатиш керак, Гулмира?
Иккала қиз бараварига кулиб юборишди. Кейин Гулмира унга насиҳатомуз тушунтиришга киришди:
- Э опа! Эски замонни одамисиз-да! Дутат, деб йўқотишни айтаяпмиз, ҳозир шунақа “прикол” бор...
Лайло опа энди тушунди.
- Э ҳа! Ойнани ёпишми? Шуни “дутат-путат” дегунингча, “ёпиб юбор”, десанг, осонроқ эмасми?
- Ҳамма биз тенгилар шунақа дейди-ю, нима қипти? – яна ақллилик қилади қиз. – Вапше-то, нима фарқи бор, ўзим тушунаман, бўлди-да, сиз тушунишингиз шартмас... – у шундай деб дугонасига юзланди, - бўлдими, кароччи? Телингни ол, чизамиз бу ердан...
Қизлар ўринларидан туриб, эшикка йўналишди. Лайло опанинг бир кулгиси қистади, бир энсаси қотди. Лоп этиб, эсига Абдулла Қодирий қаҳрамони – Тошпўлат тажанг тушди. Унинг телба-тескари, чапанича гапларини эшитгандай бўлди. “Пирингни арвойи”, “Ё саттор”, “липпамни қоқай”, “пажалиска”га ўхшаган тажангнинг гаплари ҳозир эшитганларининг олдида ҳеч нима эмас-ов! Қодирий қаҳрамони-ку, чапани деган отни олган эркак киши, бу қизларга нима десанг бўлади?
- Нима дердингиз, Лайлохон, - деди унинг бу мулоҳазасини эшитган ҳамкасби. – Янаги сафар келишса, “келинглар, Тошпўлат тажангнинг эваралари”, деб кутиб оласиз-да! Ҳозиргиларнинг гапи шунақа, хафа бўлманг...
* * *
- Селфи, селфи! – қичқирган овоздан чўчиб тушган Наима хола ёнига ўгирилди. Ўзидан сал наридаги ўриндиқда икки қиз ўтирар, улардан бирининг қўлида аллақандай қоп-қора дастак, унга шапалоқдек келадиган телефон ўрнатилган, икковлон қийшанглаганича ғалати қилиқлар қилишарди. Гоҳ кўрсаткич ва ўрта бармоқларини лотинча “V” ҳарфи шаклида елка баравар кўтариб, бир зум дастак учидаги матоҳга жилмайганча термулиб туришар, гоҳ ўриндиқ суянчиғига ястаниб олиб, оёқларини чалиштирганларича, яна дастакка қараб илжайишарди. Бир маҳал улардан бири сакраб ўриндиқ устига чиқди-да, телефонни дастакдан ажратиб, дугонасига узатди:
- Тушир, тушир мени шу туришда, Замми!
Дугонаси телефонни гоҳ ундай, гоҳ бундай қилиб, уни роса расмга олди. Қиз сакраб ерга тушди-да, шеригининг қўлидаги матоҳни юлиб олганича, расмларни томоша қила бошлади. Унга дугонаси ҳам қўшилди. Икковлон ҳар-ҳар замонда ўз ҳаяжонларини шундай дея ифодалаб қўйишарди:
- Чёткий чиқибди!
- Вапше класс!
- Бўлди, шунисини қўяман телеграмга, - деди қизгина, - группада ҳеч кимнинг бунақа тушган расми йўғ-а?
- Йўғиди, шекилли, - ўйланиб қолди дугонаси. – Кўрмаганман, тезроқ қўй...кўрамиз, нима деб ёзишаркин...
Наима хола уйига қайтди. Дарс қилиб ўтирган неварасидан сўради:
- Болам, селпими, салпими, дегани нима ўзи? Расмга тушгунча иккита қизча шунақа деб қичқираётувди-да...
- Ҳа, селфими? – деди унга бироз анграйиб турган невараси. – Бу ўзини ўзи суратга тушириш, моможон! Ҳозир одамлар ўзини расмга туширади-да, кейин интернетга қўяди.
- Ҳааа, лекин улар интернетга эмас, телеграммага қўямиз, дейишди-ку! Мен ҳайрон – телеграммада фақат ёзув бўларди, энди расмниям жойлаштириб, жўнатармикин, деб...
Уларнинг суҳбатини эшитиб турган холанинг келини кулди:
- Йўқ, аяжон, бу – телеграм, эсингиздами, Тошкентдаги неварангизнинг расмини кўрсатгандим телефонда? Ўша расмни бизга телеграм тармоғи орқали юборганди.
Шундай деб келин ўғлига юзланди:
- Жуда зарур бўлмаса, бундан кейин селфи қилганингни кўрмайин! Боя мактабда ўқитувчилар билан бир интернет сайтида ўқиб қолдик, америкалик психиатрлар селфини касаллик сифатида тан олишибди. “Болам селфига чалинган, нима қилиб даволасам бўлади?” деб дўхтирма-дўхтир юрмай яна! Тушунарлими?
* * *
“Қаттасан”
“Атопусда”
“Кепқолдийми”
“Хм ану ачки киддими дариска”
“Йў хали тезро ке”
“ок”
Дераза тарафдаги ўриндиқда ўтирган бола кўчага бир аланглаб қўйиб, яна қўлидаги телефонига тикилди. Қўли билан экранни пайпаслаганича, берилиб ўйин ўйнашда давом этди. Тепасига келиб тўхтаган катта ёшли йўловчини пайқамади ҳам. Боланинг ёнида ўтирган 20 ёшлардаги қиз ўрнидан туриб, амакига жой берди. У қизга раҳмат айтиб, ўтирар экан, болани кузата бошлади. Бола берилиб ўйин ўйнар, гоҳида “чик-чик-чик” деган товуш билан ижтимоий тармоқдан келаётган хабарларга ҳам жавоб ёзиб қўярди. Агар амаки телефон экранига қараганида шундай ёзувларга кўзи тушган бўларди:
“келлингми”
“хм киддими”
“чунмадим келлингми дидим сураёпти сани”
“хм дидиму”
Бола яна ўйинига овора бўлди. Амаки қизиқсиниб сўради:
- Қанақа ўйин бу, ўғлим?
- Зомби, - бошини кўтармай жавоб берди бола. Амаки яна сўради:
- Зомбининг нималигини биласанми ўзи?
Бола жавоб ўрнига лабининг бурчи билан “чилиқ” тарзида товуш берди – йўқ маъносида. Амаки кулимсираб қўйди.
Бу орада автобус бекатда тўхтади. Бола шошиб бошини кўтариб, деразага қаради ва ўрнидан энди қўзғалаётган амакини туртиб, олдинга интилди. Амаки бошини чайқай-чайқай автобусдан бола билан изма-из тушди. “Ўйинчи” бекатдан нарироқда кўриниб турган мактаб дарвозаси томон югурди. Амаки ҳам унга эргашди. Дарвозага яқинлашган бола телефонни сумкасига яшириб, қадамини тезлатди-ю, сал юрмай олдидан чиққан кишини кўриб, тўхтаб қолди.
- Нега кечикиб келаяпсан дарсга? Аянгга телефон қилганимда чиқиб кетди, деганига бир соат бўлди-ку!
- Келаётувдим, дада, автобус секин юрди-да ўзи...
- Нима? Бу сафар автобус айбдорми энди? Ростини айт, қаерда эдинг?
- ...
Амаки уларга яқинлашди. Боланинг отаси уни кўриб, юзи ёришганича, пешвоз чиқди:
- Ие, ассалому алайкум, келинг, устоз! Бир йўқлай дебсиз-да!
Амаки унинг саломига алик олди, кўришди. Сўнг автобусдаги “таниш”ига жилмайиб қаради:
- Ўғлингизми?
- Ҳа, ўғлим, - деди ота. – Кечикиб келаяпти-ю, нега кечикканини айтмаяпти.
Бола секингина бошини кўтариб, амакига қаради. Нигоҳида аллақандай ҳадик. Амаки жилмайди.
- Зомби нималигини ўғлингизга тушунтиринг, Ўктамжон! Биз автобусда бирга келдик, чинданам секин юрди...
Амаки мактабга кириб кетди. Бирпас унинг ортидан қараб турган ота ўғлини қийин-қистовга олди:
- Яна аянгнинг телефонини олиб чиқдингми? Шундайми? Сен зомбига айланиб бораяпсан, телефон ўйнашни тақиқлагандим-ку!
Бола сумкасидан телефонни олиб, индамай дадасига узатди...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА