Тарғибот-ташвиқот ишлари самарасими, ё одамларда қоғоз-қаламни бадастир қилиб қўйишга рағбат кучайдими, кейинги вақтларда ўзи яшаб турган хонадоннинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, кўнгли хотиржам тортаётган кишилар кўп учрамоқда.
Ахир, умринг ўтган, бола-чақанг шу ерда яшайдиган уй-жойнинг ҳақиқатан ҳам ўзингга тегишли эканини тасдиқлайдиган ҳужжатлар бўлгани яхши-да барибир. Одамларнинг бу истагидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринадиган кимсалар борлиги эса ачинарли ҳол.
Департаментнинг Косон тумани бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Косон тумани филиали мутахассиси И.Д. фуқаро К.Қ.нинг Косон тумани Эсабой маҳалласида жойлашган яшаш хонадонига кадастр ҳужжатлари тайёрлаб бериш эвазига талаб қилган 600 минг сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан И.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва якуний сўзни суд айтди.