Кадзуо Исигуро 1954 йилнинг 8 ноябрида Нагасакида, таниқли океанограф олим оиласида туғилган. Бола 5 ёшга тўлганида отаси Буюк Британиядан ўз мутахассислиги бўйича яхши иш топади ва оиласи билан шу мамлакатга кўчади. Кент университетини тамомлаган Исигуро Шарқий Англия (Норвич) университетида ёзувчилик маҳорати бўйича ҳам таҳсил олди ва шу ерда “бадиий адабиёт магистри” даражасига эришди. Исигуронинг илк ижодий иши 1980 йилда “Bananas” журналида ҳикоя кўринишида босилиб чиқди. 1982 йилда чоп этилган дастлабки романи - “У ердаги тепаликлар тутун ичида” унинг ўз оиласи тарихини ёдга солади: китоб қаҳрамони бўлган ўрта ёшлардаги япон аёли ядро бомбардимонидан сўнг қайта тикланаётган Нагасакини тарк этиб, ўзи учун мутлақо бегона бўлган дунёга – Англияга кўчиб келади. Роман Британиянинг чет ҳудудларида нашр этилган йилнинг энг яхши асарлари учун бериладиган Уинифред Холтби хотираси мукофоти билан тақдирланган. Исигуронинг кейинги романи – 1986 йилда эълон қилинган “Омонат дунё мусаввири” ҳам Японияга бағишланган бўлиб, ўз муаллифига халқаро доирада шуҳрат келтирди: китоб Букер мукофотининг сўнгги рўйхатидан жой олди ва Уитберд мукофотига сазовор бўлди. 1989 йилда дунё юзини кўрган “Кун қолдиқлари” асари Исигурони британ адабиётининг ҳақиқий “тирик классиги”га айлантирди. Ушбу роман ҳам танқидчилар, ҳам ўқувчилар томонидан ХХ аср сўнгидаги энг яхши инглиз романларидан бири дея тан олинди. Оқсуяк хонадонлардан бирида узоқ йиллар хизмат қилган бош хизматкор ҳаёти ҳақидаги бу роман ёзувчига Букер мукофотини туҳфа этди ва 1993 йилда экранлаштирилди (ушбу фильм 8 номинацияда “Оскар”га сазовор бўлди ва энг кассабоп фильмлар рўйхатидан жой олди).
1995 йилда ёзилган “Дардмандлар” деб номланган тўртинчи романи адиб ижодида фантастика белгилари намоён бўла бошлаганини кўрсатади, бу аломат эса уни “сеҳргарлик реализми”нинг ғарбий тармоғига мансуб, дейишга асос беради. Бу даврдаги унинг энг машҳур асари 2005 йилда яратилган “Мени қўйиб юборма” романи бўлиб, ўзида илмий фантастика ва антиутопия унсурларини мужассам этган. Асарнинг Артур Кларк номидаги энг яхши илмий фантастик асарлар учун Британия мукофотига даъвогарлик қилгани бежиз эмасди. 2010 йилда бу асар ҳам катта экранга олиб чиқилди. Ҳозирчалик Кадзуо Исигуронинг охирги асари бўлиб турган, 2015 йилда яратилган “Дахмадаги паҳлавон” романи “фэнтези” жанрига жуда яқин – ундаги воқеалар Британияда қирол Артур ҳукмронлик қилган замонда бўлиб ўтади. Айнан шу учун ҳам роман ушбу йўналишдаги асарлар учун таъсис этилган Бутунжаҳон фэнтези мукофоти ва Мифопоэтик фэнтези мукофотига лойиқ кўрилди. Эндиликда эса мутахасассислар унинг Нобель мукофотига сазовор бўлганини “у бунга лойиқ ва бу ҳодисани барча фэнтези жанри ихлосмандлари катта байрам қилиб нишонлашлари керак”, дея ҳисоблашмоқда.
Исигуронинг энг яхши асарларидан баъзиларининг қисқача мазмунига тўхталиб ўтсак. “Омонат дунё мусаввири” асари Швеция академияси олдида Исигуронинг мақомини яққол кўрсатиб берган роман бўлиб, пассеизм (ўтмишни қўмсаш)га жон-дили билан берилган, айни пайтда айни жойда бўлишни истамайдиган ва бу ҳисдан тинка-мадори қуриган рассом ҳақида. У урушдан кейинги Японияда истиқомат қилади, қизини яхши бир одамга узатишни орзулайди, лекин шу билан бирга, бутун руҳи-қалби билан Исигуронинг бошқа қаҳрамонлари каби ўтмиш манзаралари аро адашиб-улоқиб юраверади.
“Кун қолдиқлари” романи қаҳрамони Стивенс эса бутун умри мобайнида лорд Дарлингтон саройида хизмат қилган. Аммо у ўзининг янги соҳибига сира-сира кўника олмайди. Олти кунлик таътил олиб, ёлғиз қолган бу одам ўтган тотли кунларини бирма-бир хаёлдан ўтказади. Эски машинасида кўчаларни кезаётган Стивенс айни пайтда ўтмиш хотиралари ичра ҳам кезиб юради, ҳеч ўзига келолмайди, бу маҳалда эса хизмат жойида унинг ишга яроқсизлиги ҳақида қарор чиқарилади.
“Мени қўйиб юборма” романи қаҳрамонлари Кэти, Рут ва Томас Хейлшем махсус интернатида “етиштирилган”лар. Бу муассаса эса инсон органлари донорига айлантириш учун сунъий етиштирилган одам - клонларни тайёрлайди. Вақти келиб, юқоридаги учовлондан қай биридир, аввалдан маълум бўлганидек, ўз аъзоларини қурбон қилиш учун тиғ тагига ётади, қайсидир эса озодликни маъқул кўради, бироқ ўз-ўзини маҳв этиш орқалигина бу истагига эриша олади. Асар – муҳаббат учбурчаги, дўстлик, таркидунё ҳақидаги маҳзун бир қўшиққа ўхшайди ва мутахассислар эътирофича, аслида ҳозирги даврнинг сийқа, адашган, осий ва қуруқ одамлари ҳақида битилган.
“Дахмадаги паҳлавон” асари қирол Артур замонасига хос воқеалар асосида ёзилган ва асар қаҳрамонлари кавлаб олган улкан одамнинг жонланган хотираларидан иборат. Романда ўша олис мозийдаги уруш-юришлар, қон тўкиш воқеалари шафқатсизлик билан кўрсатилган ва бунинг ягона боиси – одамзодни қирғинбарот урушлар ва уларнинг оқибатларидан огоҳлантириш.
Хуллас, Нобелнинг адабиёт йўналишидаги бу галги совриндорлиги чет тилда ижод қиладиган япон адибига ҳақли равишда насиб этди. Унинг асарлари жаҳоннинг 40 тилига таржима қилинган ва ҳозирги замоннинг энг яхши, энг бебаҳо дурдоналаридир.
Маълумот ўрнида:
Нобель мукофотларини ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали маросим шу йилнинг 10 декабрида – Альфред Нобель вафоти санасида Стокгольмда бўлиб ўтади. 2017 йилда мукофотга ажратилган маблағ 9 миллион швед кронаси - 1,12 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.