Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

14.08.2020


КАФЕДАГИ КИТОБЛАР ҚАНИ?

Фотонигоҳ

Ёдингизда бўлса керак, бир муддат илгари Қарши шаҳридаги "Ёш тадбиркорлар" коворкинг маркази ва "Ёшлар меҳнат гузари" мажмуасида тикувчилик, миллий ҳунармандчилик, телефон тузатиш устахонаси, компьютер хизматлари, мебель устахонаси, келин кўйлаклар салони, тамаддихона ҳамда "Book cafe" фаолияти йўлга қўйилгани, бироқ амалда бино ҳувиллаб ётгани, эшикларга қулф урилгани хусусида мақола эълон қилган эдик. Ўз навбатида "Book cafe"га яқин-ўртада биров келгани даргумонлиги ҳам чимдиб ўтилганди.

"Book cafe" деганимиз шуки, ёшлар бу ерда ўтириб китоб ўқиши мумкин - ўқиш бепул, хоҳласа, бирор нарса тамадди қилиши мумкин - буниси пуллик. Кафе шунинг ҳисобидан фойда кўради. Ёшлар учун нафи - улар вақтини унумли ўтказади.

Яқинда ўша томондан ўтарканман, бир вақтлар одами бўлмаса-да, китоблари мўл-кўл кафе шип-шийдам бўлиб қолганига кўзим тушиб, ҳайрон бўлдим. Тўғри, китоб-кафе аввал яхши ишламагандир, балки фаолиятда камчилик учрагандир, балки ёшларни жалб қилишга шароит яратилмагандир - карантин буларнинг барчасини ўнглаш учун қулай фурсат эди. Кафе эгалари эса фаолиятни ривожлантириш, камчиликларни бартараф этиш ўрнига хонани бўшатиб қўйишибди.

Бинода  1 миллиард 186 миллион сўм маблағ эвазига таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажарган "Ғузор арбат" МЧЖ раиси Отажон Холияровнинг айтишича, китоблар карантин сабабли йиғиштириб қўйилган.

- Китоблар қуёшда сарғайиб кетди, - дейди у. - Шунинг учун тепага чиқариб қўйдим. Ҳозир ким ҳам келарди. Очсак, Миллий гвардиядагилар келиб, ёп дейди. Карантиндан кейин яна қайта йўлга қўямиз.

Мутасадди айтганидек бўлса, фақат қуёш тушаётгани учун китоблар кўздан панада турган бўлса-ку, яхши. Модомики шундай бўлганида, ойна юзига парда тортиб қўйилса кифоя эди...

Ўйлаймизки, бино эгалари "Book cafe"дан воз кечиш қарорига келишмаган. Мутасадди ҳам буни инкор этди. Ваҳоланки, аввалги мақола эълон қилинган вақти "Book cafe" ишламаётганди, кейин ҳам кўнгилдагидек ишламади, карантин пайтида-ку тақа-тақ беркитилди, энди буёғига бу ердаги ишлар гуриллаб ривожланиб кетишига ким ишонади? Кўрамиз, буёғи нима бўлади...

НАСРИДДИН

БОБУРБЕК олган суратлар.

 

Report typo