...У аслида меҳрдан, муҳаббатдан йўғрилган кичкинагина зарра эди. Яратганнинг марҳамати билан Она деб аталмиш хилқат қорнида соат сайин, кун сайин улғайиб бораверди ва одамча шаклига кириб, жажжи юракчаси мурғак вужудида дукиллаб ура бошлади. Онанинг кўкси остида яна бир юрак бунёд бўлди.
Ой сайин кучлана борди ҳомила. Ҳаракатлари тезлашиб, жажжи оёқчалари билан онасини тепадиган бўлди. Ҳомила ҳар питирлаганида қорни ўркач-ўркач бўлиб яна ўз ҳолига қайтишидан завқланди Аёл. Буни ҳис этиб баттар "шўхлиги" тутди унинг, гарчи ҳали Она қанақа зот экани қувваи ҳофизасига етиб бормаган бўлсаям ўзини кўксининг остида асраётган аёл қувончиниям, ташвишиниям сезди, хиргойисидан маза қилди, ранж чекса безовталанди.
Энди кун сайин улғайди чақалоқ. Тўққиз ойга ўтганда-ку бетоқатлиги ортиб, она қорни торлик қилиб қолди. Кўнгли кенгликларни тусади. Бу тор "қафас"ни тарк этгиси келиб, дунёга талпинарди. Ўзи билиб-билмай ёруғликка чиқишга уринди.
Аммо негадир дунёга келиши кечикаверди. Тирноқлари ўсиб, қоринда қисила бошлади ҳамки ташқарига чиқмаяпти. Негадир нафас олиши қийинлаша бошлади. Шу пайтгача яйраб ўсган жойи энди унга ёқмаяпти. Қаерга яширинишни, қаерга қочиб чиқишни билмаяпти. У ёнга урилса ҳам, бу ёнга урилса ҳам бўлмаяпти. Қуруқликда қолаяпти. Жажжи вужуд ичидаги юрак уриши секинлашиб, нафас олиши қийинлашаяпти. Димиқаяпти. Бўғриқаяпти. Ҳолсизланиб, кучсизланаяпти. Сўнг... Сўнг... Ўзини тақдир измига ташлаб юбораяпти...
...Уни ёруғ дунёга чиқариб олганларида чақалоқ ана шундай аҳволда эди. Зудлик билан ёрдамга шошилишди: танасини тозалашди, ошқозонини ювишди, ўпкасидаги сувни чиқариб олишди. Шундан кейингина юзида ҳаёт белгилари зоҳир бўлиб, ин-қиллади, ёруғликка чиққанини англади ва кўзини очиб, дунёни кўргиси келди. Аммо кўзлари шунчалик ҳорғин эдики, зўрға озгина очилди, шундаям киприклар орасидан тушган нурни сезди. Оппоқ, ойдин нурни. Дунёни нур деб тасаввур қилди гўдак.
Унинг тепасида оппоқ шарпалар тинимсиз айланди. Чақалоқ бу шарпаларни ё сезди, ё сезмади, ўзига ёрдам беришаётганини ё англади, ё англамади, карахт эди. Унинг бурунчасига нимадир улаб ҳаво юборишди. Ошқозонига узун, ингичка ичак киритиб қўйишди. Зонт улаб, танасига аллақандай малҳамлар юборишди. Шундан сўнг пешобини чиқариб юборди ва хийла енгил тортди. Дўхтирлар: "Хайрият, гўдак ҳазм қилаяпти", дейишди. Аммо кечга бориб иссиғи чиқди. Яна қўшимча дорилар, суюқликлар, муолажалар. Ҳаёт учун кураш давом этди: бир ёнда дўхтирлар, бир ёнда чақалоқнинг ўзи...
Орадан икки кун ўтиб унинг тепасида яна бир шарпа пайдо бўлди. Шарпа яқинлашиши билан чақалоқ ёқимли ҳароратдан исиб кетди. Жажжи юракчасининг уриши тезлашди. Юмшоққина қўл аввал пешонасини, сўнг юзларини силади. Танаси яйраб кетди гўдакнинг. Кўзларини хиёл очгиси, вужудига илоҳий илиқлик бераётган мавжудотни кўргиси келди. Бу ҳиссиёт унга куч берди, аввал қовоқлари қимирлади, сўнг кўзлари пирпираб очилди. Унинг рўпарасида кўзлари тўла изтироб, мунг, паришон, юраги лов-лов ёнаётган Онаизор термулиб турарди. Нигоҳлар тўқнашди. Онанинг кўзларидан икки томчи ёш думалаб гўдакнинг юзига тушди. Чақалоқ ҳам йиғлади, фақат овоз чиқармай, кўз ёши тўкмай.
"Бўш келма, асалим! Ҳаёт учун, яшаш учун кураш! - пичирлади Она. - Биламан, чарчадинг, толиқдинг. Ҳолинг йўқ. Ҳаммасини кўриб турибман. Аммо сен яшашинг керак! Кураш, асалим, кураш! Бўш келма! Мени ташлаб кетма! Ахир биринчи фарзандимсан! Оналик бахтимсан! Кураш, асалим, кураш!"
Айнан шу пайтда бола бор вужуди билан курашаётганди, жажжи қўлчаларига илашиб қолган ингичка ичакни маҳкам қисиб олганича танасидаги дардни босиқлик билан енгарди. Эҳтимол, худди шу дард катта кишида бўлганида бутун оламни кўчириб юборармиди? Бақирармиди? Дарддан чилпарчин бўлиб кетармиди? Ўлимга рози бўлиб қўя қолармиди? Аммо у на бақиришни билади, на ёрдам сўрашни. Дарддан халос бўлгиси келади-ю, бўлолмайди, негаки дард аъзойи баданини чирмовуқдай ўраб, малахдай босиб, оч бўридай тишлаб олган.
Тушдан сўнг чақалоқнинг ошқозонидан қуйқа қон тушди. Суюқлик юбориб ошқозонини ювишди, бир оздан кейин қон тингандай бўлди. Кейин қонталаш лабларининг атрофи кўкара бошлади, кўкариш оёқларига кўчди. Яна малҳам юборишди. Кейин плазма, қон... Ҳеч бири кор қилмади. Дард тобора забтига олди, жигари, талоғи катталашди. Миясига кислород бормай, қон қуйилди...
Эртаси куни ранги докадай оқариб кетди, ичи тинимсиз юборилган суюқликларга тўлиб, уларни чиқаришга буйрагининг қуввати етмади, пешоб қилмай қўйди. Юзларида, оёқларида шиш пайдо бўлди...
...У аслида меҳрга, муҳаббатга йўғрилган кичкинагина зарра эди. Она қорнида яйраб ўсаётганди. Ҳаммаси туғруқ даврида содир бўлди. Туғруқ муддатидан ўтиб кетганини, аппарат бола сувсизланган, димиққан деб хулоса берганини негадир эътиборга олишмади. Негадир лоқайдлик қилишди. Негадир онада тўлғоқ бошланишини кутишди, негадир бошланган оғриқнинг пишишини кутишди. Беш соат ўтди ҳамки, дард пишмади, ўн соат ўтди ҳамки дард пишмади, иттифоқо она қорнидаги сувнинг ифлосланганини пайқаб қолишди. Кейин онани операция қилишди.
Бола балчиққа беланиб туғилди...
...Ҳамманинг кўз ўнгида оппоққина, чиройликкина, жажжигина чақалоқ шамдай эриб битди... Гулдай сўлиб кетди... Эриб, сўлиб капалакка айланиб қолди. Қанотлари оппоқ юмшоқ, момиқ капалакка. Оппоқ қанотлари билан у осмонларга учиб кетди. Қўл етмас жойларга учиб кетди. Уча-уча жаннатларга бориб етди. Жаннат гулларига бориб қўнди капалакка айланиб қолган оппоққина, чиройликкина, жажжигина чақалоқ...
Осмонларда учиб юрган Она эса пастга қулаб тушди. Юраги билан тушди. Юраги ёниб кетди, илма-тешик бўлди. Бағри ҳувиллаб қолди. Қўллари қуруқ қолди. Бир мартаям гўдагини бағрига босолмади-я. Бир мартаям кўксини тутолмади-я. Бир мартаям эркалатолмади-я. Бир мартаям...
...Эртаси куни чақалоқни дунёга келтирган дўхтир кириб онага тасалли берди:
- Хафа бўлма, қизим. Ҳаммаси худонинг иши. Биз бандаларнинг қўлидан нимаям келарди...
Унинг эгнида оппоқ халат бор эди...
Лола ЎРОҚОВА