Хабарингиз бор, коронавирус билан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга тегишли фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари белгиланган. Бунда врачлар, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион, кичик тиббиёт ходимларига – 10 ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм (солиқлардан ташқари) тўланиши кўзда тутилган.
Бироқ карантин зонасида ишлаган бўлишига қарамай рағбатлантириш пулларини вақтида олмаган тиббиёт ходимлари ҳақида ҳам эшитиб қолаяпмиз.
Мисол учун, Қарши тумани Батош массивида яшовчи Х.Б. вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ташкил этилган COVID-19 билан зарарланган беморлар даволанаётган карантин зонасида 2020 йилнинг 12-25 июль кунлари врач-лаборант вазифасида ишлаган. Аммо унга ишлаган даври учун берилиши лозим бўлган рағбатлантириш пули тўланмаган.
Фуқаро бу бўйича вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 25 миллион сўм рағбатлантириш пуллари тўлиқ тўлаб берилди.
Албатта, бу борадаги ишлар тегишли қонун ҳужжатларига тўла амал қилинган ҳолда кечса, пандемияни енгиш ҳам шунча осон кечади. Чунки рағбат кўрган ходим ишига янада масъулиятли ёндашади, кўзбўямачилик бўлмаса, бошқалар ҳам жонини жабборга беришга тайёр туради.