Фотонигоҳ
Шундай манзиллар борки, у ерда бўлиб, кўнглингиз равшан тортади, баҳри дилингиз яйрайди, вақт ўтиб яна боргингиз келади. Энди бир савол: Қарши шаҳридаги ер ости йўлларидан ўтиб, ҳеч шундай ҳолатни ҳис қилганмисиз?
Тўғриси, кўп ҳолларда кўп одамлар "ўлганининг куни"дан шу ердан ўтади. Бошқа вақти қоидага зид бўлса-да, тепадан юришни маъқул кўради. Нега?
Чунки шаҳардаги қайси ер ости йўлидан ўтманг, даставвал бадбўй димоғингизга урилади. Буниси энди айримларнинг фаросатига тан, лекин тозалаш, назорат ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас шекилли-да.
Шифтдаги, деворлардаги ёриғу ўпирилишларни олинг - қачон қарасанг, шу муаммо. Одамлар деворга терилган кафелни бузиб олишмаётгандир. Қурилишни сифатли қилиш керак-да. Ё "катта"лар барибир ер ости йўлидан юрмайди, шундай экан, камчиликниям кўрмайди, қўл учида бўлсаям ишлаб кетаверамиз, деб ўйлашадими?
Демакки, биз ўша "катта"ларга ер ости йўлида таъмирга, назоратга эҳтиёж борлигини айтиб қўймоқчимиз.
НАСРИДДИН