Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

17.01.2017


КЕКСАЛАР ГУРУНГИ

Бу гапни бир зиёфатда ўртоғидан эшитган бобо аввалига кулиб қўйди. Кейин бир муддат ўйлаб, бундай деди:

- Рост айтади Гулсаранг, ошна! Чиндан, нима, сенинг бирор айбинг борми ё одамлардан кам жойинг борми? Букчайма-да, ахир!

- Ҳа энди, бизни қора меҳнат чарчатган-да, оғайни! Аммо-лекин сени юришинг ҳеч ўзгармайди: ёшлигингдагидай шахдам, ўктамсан...

- Нега ўктаму шахдам бўлмас эканман? Замонни қара, дўстим, ахир, энди яшайдиган пайт келди-ку! Қолаверса, атрофимдаги ёшларнинг шижоати, ғайратини кўрсам, куч олгандай бўламан. Бугунги кунлар бир   бошқача. Бунақаси бўлмаган! Ёшимиз олтмишдан ошиб, етмишга қараб    кетди, бироқ бу даврни, бу шароитни кўриб, ёшимни тан олгим келмайди, ўртоқ!

Чиндан ҳам Ҳожимурод бобонинг ғайрати ёшларникидан кам эмас. Нафақага чиққунича оддий ҳайдовчи бўлиб ишлади, казо-казо раҳбарларни олиб юрди, шунинг ортидан кўрмаган куни кам қолди: яхшисини ҳам, ёмонини ҳам обдон кўрди, ҳаёт уни қанча синовлардан ўтказди. Шукур қилади, баридан эсон-омон, инсонлик шаънига доғ туширмай ўта олди. Мана, энди ҳузур кўриб яшаяпти... Унинг хаёлини ошнасининг сўрови бўлиб қўйди:

- Менга қара, Ҳоживой, бу дейман, ўғлинг Азимжон катта қурувчи бўлиб кетди-а? Ўғлим яқинда шаҳарда янги қурилган “дом”лардан биттасининг биринчи қаватидан дўкон олувди, биласан-ку, савдо-сотиққа қизиқади у. Шу ўғлимнинг айтишича, “дом”ни сенинг ўғлинг қурган экан. Сен ҳам унга қарашасан, шекилли?

- Ҳа, Азимжон – катта қурувчи, - Ҳожимурод бобонинг овозида ғурур сезилади. – Мен унинг фирмасида иш бошқарувчиман. Уйда бекор     ўтираманми, ҳарна, шу иш баҳона одамларга аралашаман, гурунглашаман. Бировига маслаҳат бераман, бировидан ўзим сўрайман. Ҳар куни қурилиш кетаётган жойларни машинамда айланаман. Ана замонаю мана замона, дейман, дўстим! Бугун кўрган жойингни бир ҳафтадан кейин буткул бошқача қиёфада кўрасан. Ҳамма жой обод, кўркам. Шундай жойда яшагандан кейин қариликни бўйинга олиб бўлармиди?

- Ҳа, тўғри айтасиз, - маъқуллади даврадагилардан бири – Жума бобонинг ён қўшниси Мавлон бобо. – Бу ўзгаришлар илгари кимнинг хаёлига келганди? Қарши кейинги пайтларда таниб бўлмас даражада ўзгарди, ҳар қанча мақтансанг, ҳар қанча таърифласанг арзийдиган жой бўлди-да! Давлатимиз бор бўлсин! Сизнинг ўғлингизга ўхшаган азамат қурувчилару диди баланд меъмор болаларимиз барака топишсин! Ҳукуматимизнинг эътиборию уларнинг меҳнати нишонаси-да бу ўзгаришлар...

Айтганча, ўғлингиз очган дўконга киргандим, Жумабой! Жуда ажойиб бўлибди, шундоқ йўлимиз устида, яна ҳамма нарса бор, нархлариям арзон. Барака топсин!

- Раҳмат! Айтганингиз келсин! – деди Жума бобо. Кейин ўртоғига юзланди. – Эсингдами, Ҳоживой, биз ёшлигимизда маҳалламизда атиги биттагина дўкон бўларди. Излаган нарсангни ё топардинг, ё йўқ. Айрим нарсаларни ҳатто бутун шаҳардаги дўконларни қидириб ҳам топиб бўлмасди.

- Тўғри! Эсингдами, амакинг уйидан кичкина дўконча очиб, майда-чуйда сотишни бошлаганида, дарров бир идорадан келиб, ёптириб ташлашган, “чайқовчи” деб нарсаларини мусодара қилиб кетишгани?

- Эсимда, эсимда! Ўғлимга ҳам шуни гапириб бераман, “ҳозир ҳар қадамда дўкон, рақобат катта”, деганга ўхшаш гапларни айтиб қолади-да баъзан. “Майли, кўп бўлгани яхши, биз истаган нарсамизни тополмай юрардик, сизлар бўлса, танлаб-танлаб оласизлар, шукур қилиш керак”, деб ўтираман. 

Бу гапни эшитиб, маҳалладошлардан яна бири – ёши саксонга яқинлашган Эшим бобо суҳбатга қўшилади:

- Рост айтасиз! Тунов куни келиним қишлоқда яшайдиган жиянимдан тегирмонда тортилган ун сўраяпти. Бунақа ундан пиширилган нон ейишли, ширин бўлади, деб. Буни эшитиб, ёшлигим, болалигим ёдимга тушди. Ўша пайтлар урушдан кейинги қаҳатчилик, қийинчилик йиллари эди-да, бир парча нон топишнинг ўзи муаммо, оналаримиз учун ҳозиргидай навига қараб, танлаб ун ишлатиш-ку, бир орзу эди. Кейинроқ ҳам фақат борига барака қилиб яшаганмиз, шўро нимани айтса, шунга амал қилиб, нимани берса, кўнганмиз. Шунга мажбур эдик-да... Шукур қиламан, бугунгидай кунларни кўриш насиб этди.

- Ҳа, мен ҳам минг шукур, тақдиримга минг бора қуллуқ дейман, - давом эттирди Ҳожимурод бобо. – Буларнинг бари мустақилликнинг шарофати, азизлар! Айтганингиздек, илгари шўро нима деса, шу гап эди-да, сал бўйин товлаб, норози бўлсангиз, дарров нари обориб-бери опкелишарди.

- Исмингни ўзгартириб ёзишгани эсингга тушдими, дейман, ўртоқ? – гап қўшади Жума бобо.

Ҳожимурод бобо бош ирғаб қўйди. Унинг исмини отаси қўйган. Муборак сафар - Ҳажга боришни орзу қилган ота кенжасига “муродимга етай, ҳожилик мақомига эришай”, деган яхши тилак билан шу исмни берган. Аммо паспорт олгунича исмини нотўғри ёзишган. Русча имлода “Гаджимурат” шаклида ёзиб беришган. Тузатаман, деганида дарров қийин-қистовга олишган: “Нима, сен “улуғ оға”мизнинг имлосига қаршимисан?” қабилида...

- Ҳа, - узун сўлиш олди бобо.         – 1989 йилда, тилимизга давлат тили мақоми берилганидан сўнг, паспортимни янгилаб, ниҳоят, исмимни тўғри ёздириб олдим. Бўлмаса, невараларимнинг фамилияси Ҳожимуродов эмас, аллақандай Гаджимуратов бўларди-да!

У бироз жим қолди-да, гапида давом этди:

 - Отам раҳматли Ҳаж зиёратини орзу қила-қила ўтиб кетди, ўша пайтларда бу имконсиз бир иш эди. Бугун, мана, юртдошларимиз эмин-эркин Ҳажга бориб, ҳожи ота, ҳожи она бўлиб қайтишаяпти. Отамнинг орзусини амалга оширай деб, мен ҳам тараддуд қилиб қўйганман, насиб этса, худо умр берса, бораман.

- Ҳа, биз ҳам кампирим билан ният қилганмиз, худо хоҳласа етармиз, - деди ўтирганлардан бири.

- Кўп қаттиқ-қийин кунларни кўрдик, ҳозиргилар кўрмасин, - деди Эшим бобо. – Бизнинг давримизда қандай эди? Ўқийман деб Самарқандга қанча машаққат чекиб борганман. Йўлларда қатнов ўзига яраша, машиналар кам эди. Ҳозир-чи? Истаса, пойтахтда ўқийди, истаса, ўзининг вилоятида. Тезюрар поезддан тортиб, замонавий автобус, енгил машиналар хоҳлаган манзилга ғириллатиб элтиб қўяди. Билими етган болалар шу ерда туриб, чет элдаги нуфузли университетларга имтиҳон топширишаяпти. Бориб ўқиб келишаяпти. Мана, Зокирвойнинг невараси. Сингапурда ўқияптими полвон?

Уй эгаси – Зокир бобо бош     ирғаб тасдиқлайди. Кейин ғурур, ифтихор билан илова қилади:

- Ҳар сафар телефон қилганида мени ёнига чақиради. “Келинг, бобо, ўзим сизни кутиб оламан, томоша қилиб    кетасиз”, дейди барака топкур! Ўқишни   битириб, ўзининг тадбиркорлигини йўлга қўйишни ният қилган.

- Ниятига етсин илойим! – дейишди ўтирганлар бараварига. Жума бобо эслаб қолди:

- Эсингиздами, Зокирвой, шу неварангиз бошидан ўзи бўладиган бола эди. Имтиҳон топширгани кетаётганида уч-тўртта чоллар бирга гурунглашиб ўтиргандик сиз билан. Ёнимизга келиб, дуо олиб кетганди. Ҳамма ниятларига етсин! Тадбиркорлигининг ҳам ўзига, ҳам элга нафи тегади-да! Омон бўлишсин, ишқилиб!

- Бу болалар мустақилликнинг болалари-да! – деди яна бир меҳмон, кекса мураббий Олим бобо. – Менинг бир неварам халқаро олимпиадага бориш учун тайёргарлик кўраяпти. Яна бирови банкдан имтиёзли кредит олиб, корхона очиш учун ҳаракат бошлаган. Шу ўтган 25 йилнинг ичида юртимизда ана шундай дадил, ўзига ишонган ёш авлод шаклланганини кузатиб, ғурурланади одам.

- Бугунги зиёфатнинг сабаби ҳам ўша неварам, - деб қолди Зокир бобо. – Ўшанда “Бобо, ўқишга кирсам, шу ўртоқларингизга бир зиёфат қилиб берасиз”, деганди. Мана, бу нияти ҳам амалга ошди.

Ҳожимурод бобо завқ билан жилмайди.

- Унда, оғайнилар, эндиги зиёфат биздан бўлар экан...

- Ие, ие!

- Яхши хабар бор, шекилли?

- Эшитайлик, зиёфатдан ҳам яхши гап бошқача! – дейишди даврадагилар ҳар ёқдан.

- Катта неварам, биласизлар, мусиқа мактабида ишлайди. Ўқувчилари халқаро кўрик-танловларга ҳам чиққанди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан шу    неварам эсдалик нишони олди, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” деган. Куни кеча кўксига тақиб келди. Шуни “ювамиз”-да! Баҳонада яна ўтган-кетганни эслаймиз. Бирга шукур айтамиз, дуо қиламиз...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,

Ҳам жонларига мояи дармон бўлғил.

Алишер НАВОИЙ

Report typo