Сессияда маъруза қилган БМТнинг ўша вақтдаги бош котиби ўз сўзида дунё аҳолиси сезиларли суръатда қариб бораётганини эълон қилди ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кексалик муаммоларига қаратишга чақирди. Кексаларнинг тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини муносиб қадрлаш лозимлиги, шунингдек, уларнинг узоқ ҳамда соғлом, тўлақонли умр кечиришларини таъминлаш масалалари ҳукуматлар, нодавлат ташкилотларнинг эътиборига молик вазифа эканини таъкидлади. Шу тариқа Халқаро кексалар кунида дунё мамлакатларида кўплаб тадбирлар уюштирила бошланди. Қарияларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини таъкидлашга қаратилган турли фестиваль ва анжуманлар ўтказиб келинади.
Мазкур халқаро кун бизнинг халқимиз менталитетига хос бўлган ёши улуғларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш, панд-насиҳатларига қулоқ тутиш каби фазилатлар билан ҳамоҳангдир. Айниқса, истиқлол йилларида нуронийларга эътибор кучайиб, уларни қўллаб-қувватлаш масаласи алоҳида назоратга олинди. 1996 йилда қарияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси тузилди. Кексаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш мақсадида мамлакатимизда 2002 йил Қарияларни қадрлаш, 2015 йил эса Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинди. Шу йилларга оид давлат дастурларига кўра амалга оширилган ижобий ишлар нуронийларимизнинг ҳаёт тарзида ўз инъикосини топди.
– Биз давлатимизнинг юксак эътиборини ҳамиша ҳис қилиб турамиз, - дейди Қарши шаҳрилик меҳнат фахрийси Сабоҳат Мирова. - Биргина мисол: ўтган 2015 - Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан нуронийларимиз учун бир қатор имтиёзлар жорий этилди, уларнинг соғлиғини тиклаш мақсадида кўп хайрли ишларга қўл урилди. Нуронийлар йилда бир марта мамлакатимиздаги ўзи истаган санаторийда соғлиғини тиклаш имконига эга бўлди. Бу каби эътибор ва ғамхўрликдан албатта бизнинг бошимиз кўкка етади, ўзимизни жамиятнинг фаол ҳамда энг ардоқли кишилари деб ҳис қиламиз.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар 2 миллион 673 минг, 80 ёшдан ошганлар 225 минг, 90 ёшдан ошганлар 44 минг нафарни ташкил қилса, 100 ёшдан ошганлар сони 8 мингдан зиёдни ташкил этади. Бу кекса инсонларнинг барчаси давлат ва ҳукумат томонидан эътиборга олинган.
- Вилоятимизда бугунги кунда жами 197 минг 840 нафар нуроний истиқомат қилмоқда, - дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. – Шулардан 122 минг 622 нафарини аёллар ташкил этади. 161 нафари уруш қатнашчиси бўлиб, барчаси бизнинг эътиборимизда, доимо уларнинг ҳолидан хабар олиниб, байрамлар арафасида йўқланади. 177 нафар юз ёшдан ошган фуқароларимиз фарзандлари, невара-чеваралари қуршовида пиру бадавлат бўлиб умргузаронлик қилишаяпти.
Кексанг бор – бараканг бор, дейди доно халқимиз. Албатта, ҳар бир киши ёши улуғларнинг бутун жамият, Ватан равнақи учун сарфлаган кучи, қилган меҳнатини дилдан англаб, уларнинг ҳурматини ҳамиша жойига қўя билмоғи шарт. Зеро, улар – жамиятимизнинг устунлари, оиламизнинг мустаҳкам таянчи, сизу бизнинг дуогўйларимиздир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА