Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

08.10.2021


Келаётган қишда дунёни янги глобал инқироз кутаяпти(ми?)

Энергия ресурсларининг қимматлашуви ва кўплаб маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришдаги муаммолар келаётган қишда бутун дунёга оғир инқироз хавфини солади, деб ёзади Bloomberg журналисти Майкл Уинфри.

Муаллифнинг қайд этишича, коронавирус пандемияси инсоният учун катта инқироз бўлди. Бунда кўплаб маҳсулотлар - дондан тортиб, компьютер чипларигача бўлган товарларни етказиб беришда муаммолар юзага келди.

Қолаверса, жорий йилда айрим мамлакатларда янги муаммо пайдо бўлди. Хусусан, Буюк Британияда юк машиналари ҳайдовчилари етишмаслиги ортидан ёнилғи таъминотида ўткир танқислик кузатилаяпти, савдо дўконлари пештахталари бўшаб қолган.  

"Шунга ўхшаш муаммолар дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам хавф солаяпти", дея таъкидлайди журналист.

Унинг материалида изоҳлаб ўтилганидек, агар метеорологларнинг энг пессимистик руҳдаги башоратлари тўғри бўлиб чиқса, шу қишда Шимолий яримшардаги ҳарорат режими турли бозорларга таъсир кўрсатади. У ҳолда энергия ресурслари етишмаслиги кенг қамровли инқирозни келтириб чиқаради.

Журналист ресурслар учун "жанг" бошлангани ҳақида маълум қилади: Хитой кўмирни квотадан ортиқ етказиб беришни таъминлашга фармойиш берди, бу эса Европада газ ва электр энергияси нархининг рекорд даражада ўсишини келтириб чиқарди. Ушбу ҳолат, ўз ўрнида, Нидерландиянинг қитъадаги йирик иссиқхоналар тармоғи ёпилишига олиб келди ва энди озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда ҳам узилиш бўлиши мумкин.   

Франция ҳукумати ўрнатилган газ тарифларини оширишни тақиқлади ва электр энергияси учун солиқни камайтирди. Бундан ташқари, жаҳон бўйича буғдой захираси камайиб бораяпти, дон ишлаб чиқариш прогнозлари фақат пастга қараб ўсаяпти.

Муаллиф материали хулосасида ўтган қиш пандемия сабаб жуда қийин кечганини эслатиб, инсонларни жорий йилда ҳам аҳвол яхшиланишига умид қилмасликка чақиради.

Report typo