Юртбошимиз “Ҳар қандай юрт ўзининг буюк фарзандлари, шу заминда яшаб ўтган азиз авлиёлари билан табаррук ва муқаддасдир. Қашқадарё заминида бундай инсонлар жуда кўп ўтган”, деб айтган эди. Ҳақиқатдан ҳам Қашқа воҳаси, унинг қадимий Насаф ва Кеш шаҳарлари илм-фан соҳасидаги салмоқли ишлари билан довруғи дунёга кетган олиму фузалоларга бешик бўлган. Манбаларда биргина Кеш вилоятида VII асрдан XII асргача 60 нафардан ортиқ муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тарихчи олимлар етишиб чиққанлиги тилга олинади.
Ана шу улуғ юртдошларимиз ҳақида оз билишимиз “қизил” ўтмишнинг оқибати бўлса, яна кўпгина алломаларимизнинг ўз даврида илм олиш ва бошқа сабаблар билан ўзга юртларга кетиб, ўша жойларда вафот этгани, ёзган асарлари ҳам турли мамлакатларга тарқалиб кетгани, ўзимиздаги мавжуд қўлёзмалар ҳам тўлиқ ўрганилмаган ва нашр этилмагани билан боғлиқдир. Бу соҳада дастлабки дебоча нашрлардан “Насаф ва Кеш алломалари”, “Кешнинг машҳур сиймолари” номли мўъжаз китоблар чоп этилганини таъкидлаш лозим.
Шуни қувонч билан айтишимиз мумкинки, эндиликда кешлик алломалар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишга эътибор кучайди. Шу жиҳатдан Имом Бухорий халқаро марказида, фаолият олиб бораётган ёш тадқиқотчи Шукрулла Умаровнинг хайрли ишлари диққатга сазовордир. У Китобдаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юртини битиргач шу ўқув даргоҳида бир неча йил талабаларга дарс берди. Сўнгра фаолиятини Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжа Исмоил шаҳарчасидаги Имом Бухорий халқаро марказида давом эттирди. Шукрулла бу илмий даргоҳнинг манбашунослик бўлимида ишлади. Бу соҳада муайян тажриба орттиргач, устози, тарих фанлари доктори, марказ директори Убайдулла Уватовнинг тавсияси билан кешлик алломаларнинг ҳаёти ва ижоди устида илмий тадқиқот ишларини олиб боришни бошлади. У дастлаб кешлик маш-ҳур аллома Абу ибн Ҳумайд Кеший (Абдулҳамид Кеший) илмий меросига мурожаат қилди. Чунки унинг қаламига мансуб қўлёзмалар, бошқа илмий манба ва адабиётлар анчагина эди. У ана шу манбалар устида бир неча йил тинимсиз иш олиб борди, алломанинг сермазмун ҳаёти ва меросини чуқур ўрганди, араб олимлари ва замондошларининг буюк аждодимиз ҳақида ёзиб қолдирган эсдаликлари, фикр-мулоҳазалари билан танишди. Шулар асосида “Имом ал-Бухорий сабоқлари” журнали, вилоятимизда нашр этиладиган газеталарда мақола эълон қилди. 2013 йилда эса “Абдулҳамид Кеший илмий мероси” китоби нашр этилди.
Шукрулла Умаров илмий-тадқиқот ишларини давом эттирди. Энди унинг илмий тадқиқот дастурига Абдулҳамид Кешийнинг издошлари, ўрта асрларда Кешда туғилиб, илм-фан, ислом дини равнақига хизмат қилган бошқа алломалар киритилди. Бу ҳақда мамлакатимизда ва хорижда қулёзмалар, йирик араб ва европа шарқшуносларнинг мавзуга оид тадқиқотлари анчагина бор эди. Ёш тадқиқотчи мазкур манба ва адабиётларни синчиклаб ўрганиб, улардан ўнлаб кешлик алломаларни аниқлади. Натижада унинг қаламига мансуб “Ўрта асрларда Кешда яшаган алломалар” номли монография яратилди. Имом Бухорий халқаро маркази илмий кенгаши томонидан маъқулланган мазкур монография нашр қилишга тавсия қилинди. 2015 йилда “Зарафшон” нашриёти монографияни алоҳида китоб ҳолида чоп этди.
“Ислом тарихида VII-X асрлар илм-фан ва маданиятнинг ривожланиш даври бўлган”, деб ёзган китоб муаллифи монографиянинг кириш қисмида. Ана шу даврларда кўплаб мовароуннаҳрлик алломалар - Бухорийлар, Самарқандийлар, Термизийлар, Хоразмийлар, Насафийлар, Кешийлар, Шошийлар ва Фарғонийлар етишиб чиқиб, дунё илм-фани тараққиётига жуда катта ҳисса қўшганлиги тарихий ҳақиқатдир. Мовароуннаҳрлик муҳаддисларнинг ўзи 3 мингдан зиёд бўлган. Бугунги кунда еттинчи ва ўн иккинчи асрлар оралиғида 60 нафардан ортиқ кешлик алломалар яшаб ўтганлиги маълум. Кешда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларини ўрганиш ва фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) илмига тааллуқли мактаб ишлаган, унга Абдулҳамид Кеший асос солган. Унда муҳаддислар султони Имом Бухорий, машҳур олимлар Доримий Самарқандий, Абдулҳамид Кеший дунёнинг турли жойларидан келган ёшларга таълим беришган. Бу мактабда кейинчалик Ислом оламида ҳадис илми бўйича шуҳрат қозонган Имом Муслим узоқ Нишопурдан келиб, билим олган.
Мазкур таниқли алломаларнинг Кешдаги илмий ҳамкорлиги IX асрнинг бошлари – 820-826 йиллар оралиғига тўғри келади. Кеш айни шу даврда дунё илм-фани ўчоқларидан ҳисобланиб, Куфа, Бағдод, Ҳижоз, Шом, Марв ва бошқа кўпгина машҳур шаҳарлар қаторида эътироф этилган. Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Муслим Кешда яшаб, илм тарқатганлари боис, уларнинг бу шаҳардаги буюк хизматлари ҳисобга олиниб, дунё аҳли Кешга “Қуббат-ул илм ва-л-адаб”-“Илм ва адаб қуббаси” деб шарафли ном берган.
Шукрулла Умаров таъриф этган монографияда муаллиф ўрта асрларда яшаган Абдулҳамид Кеший, Ҳамид ибн Наср Кеший, ибн Яҳё Кеший, Ҳафс ибн Бурхон Кеший, Аҳмад ибн Мусо Кеший, Абу Шакур Солимий Кеший каби ўттизга яқин кешилик алломаларнинг ҳаёти маърифатпарварлик фаолияти, ёзган асарлари ҳақида маълумотлар берган.
Кешлик алломалар илмий мероси бўйича тадқиқот олиб борувчи яна бир ёш олим Соатмурод Примовдир. У Тошкент ислом университетининг тадқиқотчиси. Ёш олим устози Саидмухтор Оқилов илмий раҳбарлигида ҳижрий тақвим бўйича V асрда Кешда яшаган Абу Шакур Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ Саид Ибн Абу Шакур Солимий Кешийнинг ёзган бир неча асарларидан бизгача етиб келган ягона асари “Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” (“Тавҳид баёни ҳақида қўлланма”) асари устида бир неча йил изланишлар олиб борди. Чунки бу асар шу вақтгача алоҳида ўрганилиб, тадқиқ қилинмаган эди. Асарда юртимизда кенг тарқалган мотуридия таълимотининг эътиқодий масалалари баён қилиб берилган. Шу билан бирга муаллиф мазкур асарида айрим адашган фирқаларнинг нотўғри эътиқодларини ақлий ва ноақлий далиллар воситасида исботлаб берган, бошқа динларнинг эътиқодларига ҳам холисона ўз қарашларини билдирган. Айни вақтда турли фирқа вакиллари билан илмий баҳслар олиб борган, аллома адашган фирқаларга ҳам назарий, ҳам амалий тарзда раддиялар берган.
Соатмурод Примовнинг узоқ вақт давом этган меҳнати самара берди. Яқинда Тошкентда унинг Солимий Кеший ва унинг “Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” асари босмадан чиқиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
- Аллома қолдирган илмий-маънавий меросдан, - дейди Соатмурод Примов, - ўсиб келаётган ёш авлод шуурига чинакам комил инсонга хос ғояларни сингдириш, уларни аждодларга муносиб баркамол авлод қилиб тарбиялаш, ислом динининг асл моҳиятини тўғри тушунтириш, маънавият ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга асардаги калом илмига оид, мотуридия таълимотига асосланган мўътадиллик, бағрикенглик ғоялари турли фирқа ва оқимларнинг бузғунчилик ва зарарли ғояларига, нотўғри қарашларига зарба беришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Кешлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишдаги дастлабки қадамлар катта ишнинг бошланиши, холос. Уларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказишдаги эзгу ишлар давом этиши шак-шубҳасиздир.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.