Нега кўпчилик ишга киришда таниш-билиш қидириш пайига тушади? Чунки пулини олиб, ишга жойлаштириб қўйган "валломат"лар ҳақидаги гаплар ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, айримлар агар ўзи тўғридан-тўғри мурожаат қиладиган бўлса, тайинли ишга раво кўрмасликларини билади ва ожизлигини нуфузлироқ шахсларга пора бериш орқали хаспўшламоқчи бўлишади.
Ғузорлик Р.А. тумандаги хорижий корхонага ишга кирмоқчи бўлади. Корхона ишчиси Қ.М. эса у билан бирга яна бир кишини ишга жойлаштириб қўйишга ваъда бериб, ҳар биридан 400 дан, жами 800 доллар пул сўрайди. Дастлаб 200 долларни қўлга киритган Қ.М. пулнинг қолган қисмини олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинади.
Қилмишга яраша ҳукм ҳам ўқилди, бироқ фуқарони қонунга зид қилмишга ундаган сабаб нима экан? Йўқчилик, десак, хорижий корхонада ишлайдиган одам ўзига етар даражада даромадга эгалиги эсга келади. Тўқчилик, десак, етарли шароити бўла туриб, яна жиғилдонга луқма уришга не ҳожат, дейсиз. Ҳаммасига нафс қутқуси сабабдир эҳтимол...