Мазкур тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 27 июлдаги “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг махсус ахборот портали ҳамда давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёнларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2016 йил 2 августдаги “Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг - ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида ташкил этилди.
Таъкидланганидек, республика товар-хом ашё биржаси ташкил этилганидан буён ўтган 20 йил давомида мамлакатимиз ички товар айланмасида электрон савдолар улуши 50 фоиздан ошиб кетди. ЎзРТХБнинг расмий савдо индикатори сифатида тўққиз хил юқори ликвидли маҳсулотларнинг ҳисоб-китоблари асосидаги ўз индексининг жорий этилиши ошкора бозор иқтисодиёти шароитида амалга оширилаётган биржа битимлари регламентининг такомиллашуви ва савдоларга қўйилаётгани маҳсулотлар ҳажми ва ассортиментининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Айниқса, интернет тармоғи орқали исталган жойда туриб биржа битимлари, клиринг ва ҳисоб-китоб амалларини бажариш имконини берувчи савдо ва тўлов тизимининг янги авлоди ривожланиб бораётгани эътиборлидир.
- Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, 2016 йилнинг 6 ойи якунлари бўйича ҳудудда корпоратив харидлар савдосида 21,9 миллиард сўмлик, давлат харидлари савдосида 19,4 миллиард сўмлик ҳамда кўргазма ярмарка савдоларида 19 миллиард сўмлик маҳсулот (иш, хизмат)лар олди-сотдиси амалга оширилди, - дейди “ЎзРТХБ” АЖ Қашқадарё филиали директори ўринбосари Элбек Тожиев. - Эътиборлиси, унинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келади. Ўз навбатида давлат ва корпоратив харидларнинг шаффофлиги ва рақобатдошлигини ошириш, уларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва харидлар жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, юртимизда электрон тижоратни жадал ривожлантириш, шунингдек, электрон тижоратнинг ахборот воситачилари ва иштирокчилари фаолиятини такомиллаштириш учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш галдаги асосий вазифа ҳисобланади. Тегишли қарорлар ижроси эса айнан шу жиҳатларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир доирасида биржанинг махсус ахборот порталида маълумотларни жойлаштириш ва ошкор қилишнинг янги тартиблари муҳокама қилинди. Хусусан, семинарда айтиб ўтилганидек, давлат ва корпоратив харидлар бўйича шартномаларни уларни амалга ошириш тўғрисидаги эълон биржанинг махсус ахборот порталига жойлаштирилмасдан тузилишига йўл қўйилмайди. Бунда жавобгарлик харидларни ташкил этишга масъул бўлган раҳбарлар ва мансабдор шахсларга юклатилади. Бундан ташқари, ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритилган етказиб берувчилар давлат ва корпоратив харидларда иштирок эта олмайдилар.
Қизғин муҳокама давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
М.ШУҲРАТОВ