Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ТАҲРИРИЯТ

14.09.2017


ХАТДА ҲАЁТ НАФАСИ

Қарши тумани Потрон қишлоғида яшовчи Ниёз Омонов, Яккабоғ тумани Тутак қишлоғилик Дурдона Турсунова шеърий машқларида Ватан мадҳи, истиқлол шодиёнаси ўз ифодасини топган.

Буюк Темур қадами

Олтин Ўрдага етди.

Навоийнинг “Хамса”си

Туркийда машҳур бўлди,

деб ёзади Ниёз Омонов фахру ифтихор билан. Дурдона Турсунованинг “Дилдан суярман” сарлавҳали шеърида эса юрт меҳри, унга муносиб фарзанд бўлиш истаги бўй кўрсатади:

Ўзгалар ғамига бўлолсам суянч,

Қалбига улашсам бир дунё қувонч,

Ватаним бағишлаб турганда ишонч,

Мен “Ватан” сўзидан меҳр туярман...

Жиззахлик шеърият ихлосманди Муҳаббат Эшназарова ҳам бизга мактуб йўллаб, Ватан ҳақидаги шеърини унга илова қилган. Шеърда, жумладан, қуйидаги сатрлар бор:

Фарзандларинг оқлар нон-тузинг,

Дунё ичра ягонам ўзинг.

Нурга тўлган боғу

бўстоним,

Серқуёш юрт – Ўзбекистоним!

Қарши шаҳрилик Зокир Султонов бизга юборган шеърлардан бири Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишланган:

Халқ билан мулоқот, манфаат йили,

Эл орзуси бисёр - очилди йўли.

Истиқболи порлоқ, собит қадамли,

Халқим орзусининг рўёбидир бу.

Ғараз ният йўқдир фикру ўйида,

Яратиш, яшнатиш, ижод қўйнида,

Муносиб бўй чўзиб олам саҳнида

Халқим орзусининг рўёбидир бу...

Бадиий ижод ихлосмандининг яна бир шеъри Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти  Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган:

Бизга обод юртни ташлаб кетдингиз,

Бизни дея тинмай заҳмат чекдингиз.

Элим дея, юртим дея ёндингиз,

Хотирангиз ўчмас элим ёдидан...

Дарҳақиқат, шеърда айтилгани каби Буюк Йўлбошчи ёди дилларда мангу яшайди. Зеро, ўз умрини халқ манфаати, Ватан равнақига фидо этган бу улуғ инсон хотираси ҳар қанча шарафга, эъзозу ҳурматга лойиқдир. Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғида яшовчи Сафармамат Бўтаев ижодига мансуб бағишловда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ишлар, мамлакат тараққиётининг 25 йиллик йўли қаламга олинган. Шеър шундай сатрлар билан якунланади:

Таҳликали йўлдан ўтди карвонинг,

Олисни кўзлаган эдинг, сарбоним!

Сафармамат тилар мангу маконинг

Жаннат боғларида бўлсин, Юртбошим!

Таҳририятимизга Китоб тумани Аёқчи қишлоғилик Марҳабо Каримова ҳам Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ёзган шеърини юборган.

Амир Темур, Мирзо Улуғбек

Бобомлардай ўчмагай номи.

Жаҳонда ўзбекнинг шаънин тиклади

Миллатимнинг буюк Исломи...

Албатта, бу каби ижод намуналарини ўқир эканмиз, Биринчи Президентимизнинг ўчмас хотираси кишилар дилида ҳамиша барҳаётлигига, бу улуғ инсоннинг ҳаёт йўли, сабоқлари юртдошларимизни мудом янги марралар, ютуқ-муваффақиятлар сари ундашига яна бир бор амин бўламиз.

Қарши политехника коллежи ўқитувчиси Клара Отамуродова ҳам бизга бир туркум шеърларини юборибди. Мазкур шеърий битиклар Ватан, миллат мадҳи, Буюк Йўлбошчи хотирасига эҳтиром туйғулари билан суғорилган. “Боримсан, Ватан” сарлавҳали шеърда келтирилган қуйидаги мисралар эътиборимизни тортди:

Номинг айтсам томиримга титроқ тушар,

Ўпгим келса ҳовучимга тупроқ тушар.

Фидо бўлай десам ёдга Широқ тушар,

Ўзинг шаъним, номус ҳам оримсан, Ватан...

Ғузор туманилик 80 ёшли адабиёт мухлиси Тошпўлат бобо Болтаев ўз мактубида юртимизда бўлаётган ҳар бир ўзгариш-янгиланишни кузатиб бораётганини ёзиб, шу ўзгаришлардан илҳомланиб битилган шеърий машқини йўллаган. Унда шундай дейилади:

Бошимизда нур сочар сахий қуёш,

Ҳаракатдан тинмас барча – кекса-ёш,

Авжида куй-қўшиқ, дилларга йўлдош,

Куйланг, дўстлар, яшнайвер, она диёр!..

Таҳририятимизга келаётган мактубларда айни кунларда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, жойларда ўтказилаётган тадбирлар ҳақида ҳам ёзилган. Жумладан, вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси бўлим мудири Боймурод Дўсмуродов бизга мазкур муассасада бўлиб ўтган фаол китобхон ўқувчилар беллашуви тўғрисида ёзиб юборган.

“Кўрик-танлов давомида 13 нафар иштирокчи ўзи ўқиган, чуқур таассурот олган китоб ҳақида шахсий фикрларини баён қилиш, матнни тез ва ифодали ўқиш, ўз тасаввурини расмларда намоён этиш каби шартлар бўйича беллашди, - дейилади мактубда. – Танлов якунида беллашув ғолиблари ўқув қуроллари ва янги нашр этилган болалар адабиётлари билан тақдирландилар”.

Албатта, бу каби тадбирлар болаларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини рағбатлантиради. Мутолаа эса мурғак тасаввурни эзгу ғоялар таъсирида шакллантиради, унинг комил инсон бўлиб вояга етишини   таъминлайди. Қарши давлат университети талабаси Шаҳзода Валиеванинг электрон манзилимизга йўлланган “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” сарлавҳали мактубида ана шундай комиллик ғояси сингдирилган қадимий ёзма обида – “Авесто” ва унда ўз ифодасини топган фикрлар, қарашлар ҳақида сўз боради:

“Авесто” таълимотига кўра, оламда икки куч – яхшилик ва ёмонлик бўлиб, улар ўртасида доимий кураш мавжуд. Инсон ҳаёти, унинг бахти ёки бахтсизлигини ана шу кураш натижаси белгилаб беради. Кишилар ўз амалий ишларида ижобий фазилатлари билан яхшиликка мойил эканликларини кўрсатишлари лозим. Акс ҳолда, номуносиб хатти-ҳаракат қилган киши осонгина ёмонлик қурбонига айланиб қолиши мумкин”, дейилади мақолада.

Шаҳрисабзлик Дамир Ҳуснияров томонидан бизга юборилган хат “Тақдиримиз - ўз қўлимизда” деб номланган. Унда муаллиф ўзбек футболи, унинг ҳозирги аҳволи ҳақида, жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида терма жамоамиз йўл қўйган камчиликлар ҳақида мулоҳаза  юритган. Барча футбол ишқибозларининг кўнглидаги гаплар ифодасини топган битиклар шундай якунланади:

“Ўз вақтида ўзбек футболчилари Осиё, Африка, Жанубий Америка клублари билан беллашиб, улардан кам эмасликларини кўрсатган эдилар. “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз” деган иборани яшил майдонларда исботлаш вақти келди...”

Бу - юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларининг айни кунларда кўнглидан ўтаётган, тилига чиқаётган сўзлар. Кун келиб, бу тилак амалга ошишига, терма жамоамизнинг номи жаҳон чемпионатининг юқори ўринларида тилга олинишига умид билдирамиз.

Деҳқонободлик Шерзод Боллиев томонидан юборилган “Инсон характери” сарлавҳали мактуб ҳаётда сизу биз тез-тез гувоҳ бўладиган, бир қарашда оддий, табиийдек кўринган, аслида эса фожиага тенг ҳолатлар қаламга олинган. Муаллиф бундай ҳолатлар, улар асносида кўзга ташланадиган иллатлар ҳақида шундай ёзади:

“Инсон ҳаётининг асоси ва асл мазмунини одамийлик, поклик, эзгулик каби амаллар ташкил этади. Инсон ким бўлмасин, шу тушунчалардан йироқлашиб кетмаслиги лозим. Агар у одамийлик, эзгуликдан узоқлашса, ўз ролига маҳлиё бўлиб, ўзлигини унутган актёр ҳолига тушиб қолади...”

Хуллас, юқоридаги сингари мактубларнинг ҳар бири биз учун аҳамиятли. Уларни ўқиймиз, ҳар бири билан батафсил танишиб борамиз. Зеро, газетхонларимизнинг фикр-қарашлари биз учун муҳим.

ТАҲРИРИЯТ

Report typo