Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.09.2024


“Хон атлас” ҳафталиги давом этмоқда

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Хон атлас” ҳафталиги вилоятимизда ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.

Халқимизнинг миллий қадриятларини тарғиб этиш, урф-одат, анъаналаримизга ҳурмат ва эҳтиромни янада ошириш мақсадида  9-14 сентябрь кунлари давом этаётган мазкур ҳафталик доирасида Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ҳам “Хон атлас” фестивали ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова сўзга чиқиб, атлас матолари ўзининг турфа хиллиги, гўзаллиги, қадимий ва бетакрорлиги билан неча асрлардан бери дунё аҳлини хайратга солиб келаётганлигини таъкидлаб, бу каби тадбирларнинг миллий маданиятни ривожлантиришдаги роли алоҳида эканлигини таъкидлади.

- Аҳоли ва, айниқса, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга мос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилиш ушбу ҳафталикнинг асосий мақсадидир, - деди Зиёда Аминова. - Ҳафталикни ўтказиш ихтиёрий характерига эга бўлиб, корхона ва ташкилотлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, ўқув муассасалари, барча шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Турли соҳалар тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларимиз ўз миллий либосларида халқимизнинг қадим ўтмиши, урф-одатлари, эстетик қарашларини кенг оммага намойиш этмоқда. Ҳафталик доирасида турли флешмоблар, миллий либослар намойишлари ва челленжлар ўтказилмоқда.

Фестиваль доирасида хон атласнинг келиб чиқиш тарихи ва шаклланиш босқичлари, шунингдек, ушбу миллий матони ишлаб чиқариш технологияси ва дизайни ҳақидаги қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Фольклор жамоаларнинг чиқишлари фестивалга янада ранг-баранглик бағишлади.

Бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo