Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

21.11.2017


ХОНИ ШАҲИД

Манғит амирлари орасида Бухоро давлатини энг узоқ муддат бошқарган ва тарихга “Хони шаҳид” (Шаҳидхон) номи билан кирган Амир Насруллоҳ Баҳодирхон ҳаёти ва ҳукмдорлик фаолияти бутун мураккаблиги ва зиддиятлари билан алоҳида ажралиб туради.

Насруллохон ёш бўлишига қарамай, амирликнинг йирик ҳудудларидан бири бўлган Қарши вилоятини узоқ йиллар бошқарган. 1827 йил баҳорида 21 ёшида манғитлар сулоласининг еттинчи амири сифатида Бухоро тахтига ўтирган. Мамлакатни идора қилишга киришаркан, маъмурий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказади, ички сиёсатда қаттиққўллик билан тартиб ўрнатишга ҳаракат қилади. Давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида уруғ ва қавм бошлиқлари бўлган амалдорларни қуйи табақалардан чиққан ёш ва ғайратли кишилар билан алмаштиради. Ўз манфаатини давлат ва халқ манфаатидан устун қўйган сарой амалдорлари ва акобирларини эгаллаб турган лавозимидан четлаштиради, уларга нисбатан қатъий чоралар кўради.

1837 йилда ҳарбий ислоҳотлар ўтказилиши натижасида мамлакат қўшинининг жанговар ҳолати яхшиланади. Ҳар бири 800 кишидан иборат 50 та сарбозлар ва 250 кишилик тўпчилар гуруҳи ташкил қилинади. Хориждан ҳарбий мутахассислар жалб қилинади. Бухорода тўп ва замбараклар тайёрлаш учун алоҳида тўпхона қурилади. Мунтазам пиёда қўшин сони 40 минг сарбоздан иборат бўлиб, амир сарбозларига Эрон, турк зобитларидан ташқари, рус офицерлари ҳам таълим берган.

Амир Насруллоҳнинг Бухоро амирлигини бошқарган йиллари Туркистонда Россия ва Англия манфаатлари ўзаро тўқнашган давр ҳисобланади. Насруллохон дастлабки йилларда бу икки давлатга нисбатан очиқ сиёсат юритган. Шунинг учун улардан Бухорога саёҳатчилар, элчилар, ҳарбийлар, олимлар ниқоби остида турли жосуслар тез-тез келишиб, амирлик ҳудуди, аҳолиси, ҳарбий кучлари, мансабдор шахслар ҳақида маълумот тўплашган.

Инглиз “элчилик миссиялари” ниқоби остида жосуслардан лейтенант Александр Бёрнс, майор Вольф, полковник Чарлз Стоддарт ва капитан Артур Конноли Бухорода бўлиб, Россияга қарши Англия ҳомийлигидаги Бухоро-Хива-Қўқон иттифоқини тузишга уринишган, аммо Амир Насруллоҳ уларнинг асл мақсадини билгач, бу таклифни рад этади. Боз устига шарқона дипломатия қоидаларини бузгани, калондимоғлиги, сурбетларча қилиқлари учун амир фармони билан икки инглиз зобити Ч.Стоддарт ва А.Конноли Бухоро шаҳрида қатл қилинади.

Россия империяси ҳам ўз ғаразли мақсадларини ниқоблаб, П.Демизон, П.Савельев, И.Виткевич, К.Бутенев, Н.Хаников ва бошқаларни амирлик ҳудудига юбориб, Бухоро давлати билан ўзаро ҳамкорлик ва савдо-сотиқ алоқаларини кучайтиришга ҳаракат қилган. Аммо Амир Насруллоҳ Европа давлатларининг шубҳали таклифларига ишонмай, Усмонли турк султонлиги билан алоқаларни ривожлантиришга интилган.

Амир Насруллоҳ Хива ва Қўқон хонликларини Бухоро атрофида бирлаштиришга уринган сиёсатчи сифатида ҳам Туркистон тарихида муҳим ўрин тутади. Илгари Қўқон хонлари томонидан тортиб олинган Башоғир, Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Жиззах ва Зоминни 1840-1842 йиллар ўртасида Бухоро амирлигига қайтариб, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклайди.

Хива хонлиги билан Бухоро амирлиги ўртасидаги зиддиятлар бу даврда анча кескинлашган эди. Хива хони Марв туркманларини Бухоро амирлиги ерларига ҳужум қилишга доим рағбатлантириб турган. Ўз навбатида ҳар икки ўзбек давлати Марвни ўз ҳудудига киритиш ниятида бўлган. Охир-оқибат бу курашда Насруллохон ғолиб чиқиб, 1843 йили Марвни бобокалони Амир Шоҳмурод даврида бўлгани сингари Бухоро амирлигининг таркибий қисмига айлантиради. Бироқ унинг Хива хонлигини Бухоро давлатига бирлаштириб, минтақада ягона ўзбек давлатини тузиш ғоялари амалга ошмаган.

Амир Насруллоҳ амирликка қарашли шаҳар ва қишлоқларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришга ҳам ҳукмдорлик фаолиятининг ажралмас қисми сифатида қараган. Биргина Бухоронинг ўзида Эшони Пир, Модарихон, Алий Чубин каби ўнга яқин мадраса қурилган, 1855 йилда Халифа Худойдод меъморий мажмуаси қурилиши якунланган.

Амир саройида кўплаб тарихчи ва шоирлар яшаб, ижод қилган. Улар орасида Муҳаммад Мир Олим Бухорий, Муҳаммад Ёқуб Бухорий ибн Аҳмад Дониёл, Аҳмад Дониш, Мирзо Шамс Бухорий каби кўплаб тарихий асарлар муаллифлари бор. Насруллохон саройида муайян муддат истеъдодли шоир Жунайдулло Ҳозиқ ҳам яшаб, ижод этган.

Машҳур тарихчи олим, академик Бўрибой Аҳмедов Ўзбекистоннинг янги тарихини ёзиш вазифалари ҳақида фикр юритар экан, “тарихий шахсларга ва айрим тарихий воқеаларга баҳо берганда бир томонламалик, бордию ўша шахс ҳукмронлар саройида хизмат қилса ёки шу синфга мансуб бўлса, уни текширмай-нетмай реакционга чиқариш, ёмонотлиқ қилишдек бўлмағур принцип кўпдан тарихда ҳам, адабиётда ҳам ҳукмронлик қилиб келди. Ваҳоланки, тарихий шахс ёки тарихий воқеани қандай бўлса, шундайлигича, бўямасдан, холис-объектив кўрсатиш керак... Умуман, тарихимизнинг барча даврларини илмий, адолат нуқтаи назари билан қайтадан кўриб чиқиш керак”, деб ёзади.

Дарҳақиқат, ўша бирёқламалик, нохолислик Амир Насруллоҳ ҳақида ёзилган кўплаб тарихий ва бадиий асарларда кўзга ташланади. Ана шундай шароитда тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов ташаббус кўрсатиб, Амир Насруллохон ҳақидаги бор ҳақиқат илк марта кўрсатилган “Насруллоҳхон” номли тарихий рисолани нашрдан чиқаргани эътиборга моликдир.

Дарҳақиқат, мазкур рисолани мутолаа қилар экансиз, Амир Насруллоҳ ҳукмдорлиги даврида мамлакатда кучли сиёсат олиб борилганига гувоҳ бўласиз. Муаллиф асарда амирга нисбатан қўйилган таҳқирловчи лақаблар, ҳақоратли сўзлар, асоссиз айбловларга ўзининг ишончли далиллари билан раддия беради. Шу билан бирга, Амир Насруллоҳ фаолиятидаги жиддий хатоларни ҳам кўрсатиб ўтади.

Мунший ва тарихчи Мирзо Шамс Бухорий XIX асрнинг 20-йилларида Бухорода юз берган сиёсий воқеаларнинг бевосита иштирокчиси, ҳокимият учун курашда Амир Ҳайдарнинг ҳар учала ўғли (Ҳусайн Тўра, Амир Умархон, Амир Насруллоҳ)га навбати билан ёрдам берган ва уч ҳукмдорнинг ҳам хизматида озми-кўпми муддат бўлган. У ўзининг “Бухоро, Қўқон ва Кошғарнинг айрим воқеа-ҳодисалари баёни” асарида Амир Насруллоҳнинг Бухоро тахтини эгаллаш ва Амир Умархонни ҳокимиятдан ағдариб ташлаш жараёнида 7-8 минг киши ҳалок бўлгани, ўз ҳукмронлигининг дастлабки ойларида ҳар куни 50-100 кишини қатл этиб турган, деб ёзади.

Тарихдан маълумки, Амир Ҳайдар вафотидан сўнг тахтга унинг тўнғич ўғли Ҳусайн Тўра (Амир Ҳусайн) ўтиради. Янги амирнинг халқпарварлиги, сахийлиги ва бошқа фазилатлари саройнинг айрим нуфузли амалдорларига ёқмайди. Амирлик фаолияти 78 кунга етганда, у тўсатдан вафот этади.

Бухоро тарихчилари бу ҳақда ёзишган бўлса ҳам, унинг сабаблари тўғрисида маълумот беришмаган. Амир Ҳусайн вафотидан сўнг Бухорода бўлган Александр Бёрнс “Бухорога саёҳат кундалиги” ва Ҳерман Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида амир Ҳакимбий қўшбеги томонидан таомига қўшиб берилган оғудан заҳарланиши натижасида вафот этганини қайд этишган. Вамбери “Амир Ҳусайннинг ўлимига Насруллоҳ ҳам аралашгани тахмин қилинади”, деб қўшимча қилган.

Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг фикрича, чиндан ҳам Амир Ҳусайн Ҳакимбий қўшбеги бошчилигидаги сарой амалдорлари томонидан заҳарлаб ўлдирилган, бироқ бу ишга Насруллохон аралашмаган. Айни пайтда эса сарой фитнасини тўхтатишга ҳам уриниб кўрмаган.

Ундан сўнг Бухоро амирлигини бошқарган Амир Умархон эса давлат ишларини бошқаришдан бехабар бўлиб, бунинг устига айш-ишрат ва маишатга берилган эди. Бундан норози бўлган сарой аъёнлари ва амалдорларининг кўпчилиги Қарши ҳокими бўлган Насруллохонни ҳокимият учун курашга даъват этади.

Насруллохон аскар тортиб келганида, Амир Умархон тўплаган қўшин парокандаликка учраб, тарқалиб кетади. Умархоннинг ўзи эса яширинишга улгуради. Насруллохон ҳокимиятни эгаллагач, уни бадарға қилади. Собиқ амир Машҳад, Балхда яшайди, сўнгра Қўқонга келиб, Қўқон хони Муҳаммад Алихон паноҳида умргузаронлик қилади. Қўқон хони ўз синглисини Умархонга никоҳлаб беради.

Ҳерман Вамбери фикрича, Умархон орадан кўп ўтмай Қўқонда вабо касаллиги туфайли вафот этади ва жасади Бухорога келтирилиб дафн этилади.

Бироқ баъзи тарихчилар, масалан, тарихчи Мирзо Абдулазим Сомий Умархон ўз акаси Амир Насруллоҳ томонидан ўлдирилган, деган фикрни ҳам баён этган. Ваҳоланки, 19 ёшида вабодан ўлган Умархоннинг ўлимига биродари Насруллоҳнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмаганини ўша даврга оид бошқа холис манбалар қатъий равишда тасдиқлайди.

Мирзо Шамс Бухорийнинг ҳам Амир Насруллоҳ ҳар куни Бухорода 50-100 кишининг қонини тўккан, деган даъвоси муболағадан бошқа нарса эмас. Чунки, мунший ва тарихчи Бухорий Умархонга хайрихоҳ, Насруллохонга мухолифатда бўлган. У Амир Насруллоҳ таъқибидан қочиб, Шаҳрисабзга келади. Бу шаҳарда 11 ой яшагандан сўнг Қўқонга – бадарғаликда юрган собиқ амир Умархон ҳузурига борганини инобатга олсак, унинг Насруллохон фаолиятини ҳаддан ташқари қора буёқларда тасвирлагани сабаблари ойдинлашади.

Тарихдан биламизки, Амир Насруллоҳ Қўқон хони Муҳаммад Алихон (Мадалихон)нинг ахлоқсизлиги, ичкиликбозлиги сабаб ундан норози бўлган уламоларнинг даъвати ва фатвоси билан 1841 йилда хонликка ҳужум қилиб, уни укаси Султон Маҳмудхон фойдасига тахтдан мосуво қилади. Аммо Мадалихонни ўзининг ноиби сифатида қолдиради. Бироқ Муҳаммад Алихон аввалги қилиқларини давом эттиради. Боз устига марҳум отаси Умархоннинг канизаги, ўгай онасига уйланиб, ундан фарзанд кўради.

Афсуски, унинг онаси, машҳур шоира Нодирабегим ўғлининг хатти-ҳаракатларини  қоралаш ўрнига, Муҳаммад Алихоннинг фаҳш ишларини кўрмаганга олиб, давлатни бошқариш ишларига ўринсиз тарзда аралашиб туради. Бу сарой ичидаги айрим амалдорлар ва дин арбоблари – уламоларга ёқмайди ва улар Амир Насруллоҳга мурожаат қилишади.

Бир томондан, Муҳаммад Алихоннинг шариатга зид ишларини яна давом эттириши, иккинчи томондан, Қўқон хонлиги ҳудудини узил-кесил Бухоро амирлигига қўшиб олиш ҳамда Мовароуннаҳр ва Хоразмни яхлит давлат остига бирлаштириш нияти Насруллохонни 1842  йил баҳорида Қўқон устига янги юриш қилишга ундайди. Муҳаммад Алихон ва укаси Султон Маҳмудхон Андижон томонга қочиб кетишади. Улар бир неча кундан сўнг тутиб келтирилади. Насруллохон фармони билан Султон Маҳмудхон, Муҳаммад Алихон ва 14 ёшли ўғли қатл қилинади. Амир Насруллоҳ бу билан чекланмасдан Нодирабегимни, ойими, жорияси, бошқа бекзодаларни ўлдиртиради ва мудҳиш хатога йўл қўяди.

Шу билан бирга, Насруллохон томонидан давлат миқёсидаги энг муҳим лавозимларга ажнабийларнинг қўйилиши манғитлар сулоласининг форслашиш жараёни, ўзбек тили мавқеининг пасайиши ва бошқа хатолар бош сабабчиси сифатида кўрилади. Бунинг устига, Амир Насруллоҳ томонидан Нодирабегимнинг ўлдирилиши унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатди.

Умуман олганда, “Насруллоҳхон” рисоласида айтилганидек, биз бугунги кунда Туркистон тарихида муайян роль ўйнаган ва ўзидан ўчмас из қолдирган барча аждодларимиз, хусусан, давлат арбоблари ва ҳарбий саркардалар фаолиятини бутун зиддиятлари ва мураккаб томонлари билан чуқур ўрганишимиз, уларнинг ҳар бирига баҳо бераётганда аждодларимиз шахсияти ва фаолиятини замонасозлик қилмасдан, улар яшаб ўтган тарихий шароит ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда холис баҳоласак, айни муддао бўлади.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

 

Report typo