Ҳафталик очилишига бағишланган тадбирда китобнинг инсоният қилган энг буюк кашфиёт экани, камолот ва тараққиёт сари бошловчи пиллапоя ҳисобланиши борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантиришнинг аҳамияти борасида сўз юритилди.
- Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур ҳафталик юртдошларимиз орасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган, - дейди вилоят ахборот-ресурс маркази директори Гулнора Турсунова. – Тадбир доирасида ўтказиладиган кўплаб лойиҳалар шу мақсадга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Ҳафталикнинг илк кунида китоблар ярмаркаси ташкил қилинди. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ижросидаги концерт дастури, вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томошалари намойиш этилди. Иқтидорли ўқувчилар ўртасида “Мен севган асар қаҳрамони” расм-лар танлови ҳам эълон қилинган бўлиб, ғолиблар ҳафта охирида аниқланади.
Ҳафталик доирасида семинар, конференция ва давра суҳбатлари, китобхонлар ва “Заковат” интеллектуал танловлари, адабий-бадиий кечалар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Х.ҚИЛИЧЕВА