Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши биз ўқитувчиларни руҳлантирди. Бу муҳим ҳужжат замирида, аввало, маънавиятга, маърифатга, ёшларимизнинг эртанги кунига бўлган юксак ғамхўрлик ётибди. Фармойишда белгилаб берилган вазифалар фарзандларимизнинг таълим-тарбиясини юқори босқичга кўтаради, деб ўйлайман. Бу эса, ўз навбатида, ёшларимизнинг юксак маънавиятли баркамол шахслар бўлиб вояга етишларига хизмат қилади.
Китоб ва мутолаанинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Мутолаа инсон тафаккурини кенгайтиради, унинг жамиятда, одамлар орасида ҳурмат-эътибор топишида муҳим ўрин тутади. Китоб ўзини англаб яшайдиган ҳар бир инсон учун дўст, доимий ҳамроҳ, битмас-туганмас бойликдир. Китоб - мозий даракчиси, бугуннинг тарбиячиси, келажак йўлбошчиси. У билан ошно тутинган инсоннинг мартабаси доимо улуғлик ошёнида бўлгани қадим мутафаккирларимиз асарларида кўп таъкидланади. Шоирлар султони Алишер Навоий Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ўқишга тутинганларида беш-олти ёшлардаги бола эди. Табиийки, кейинчалик ул зотнинг баланд мавқега, комилликка эришишида китобнинг ўрни, хизмати беқиёс бўлган.
Илм махзани, адабу комилликни ўргатувчи мураббий саналмиш бу мўъжиза инсониятнинг бугунги тамаддунига пойдевор бўлган. Айни даврда эса унга яқин бўлиш, дўст тутинишнинг аҳамияти ҳар қачонгидан муҳимроқдир. Зеро, “оммавий маданият” деб ном олган маънавий хуруж онгу тафаккуримизга қутқу солиб турган бир пайтда китоб яхши ҳимоячи, тўғри йўл кўрсатувчи беминнат воситадир.
Айниқса, болаларга мўлжалланган, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайишларига таъсир кўрсатадиган китобларни нашр этиш, китобхонлик, мутолаа маданиятини болаликдан бошлашга эътибор қаратиш замон талабидир. Давлатимиз раҳбарининг китобларни чоп этиш ва тарқатишдаги муаммоларни ҳал этиш, ёшлар ва аҳоли ўртасида мамлакатимизнинг бой тарихини, унинг бетакрор маданиятини, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, дарсликлар, махсус ва бадиий адабиётга бўлган эҳтиёжни қондириш, адибу шоирларимизнинг сара асарларини бошқа тилларга таржима қилиш, чет эл адабиётидан танланган асарларни тилимизга ўгириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бераётгани халқ маънавиятини юксалтириш, айниқса, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда муҳим қадам, дейиш мумкин.
Фармойишда мактаблардаги адабиёт тўгараклари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. Дарҳақиқат, мактабларда айни шундай тўгараклар фаолиятини моддий рағбатлантириш ва тубдан яхшилаш вақти келди, деб ўйлайман. “Адабиёт яшаса, миллат яшар”, деган эди Абдулҳамид Чўлпон. Адабиётнинг яшаши учун эса унинг қадрини билувчи одамлар, чин маънодаги адабиёт шайдолари, ихлосмандлари керак. Ёш авлодни аввалбошдан китобга ошно, бадииятга муҳиб қилиб тарбиялаш адабиёт ўқитувчилари зиммасидаги масъулиятли ишдир. Бундай тўгараклар мунтазам фаолият олиб борса, уларни билимли, ўз фанини чуқур биладиган, жондан севадиган ўқитувчилар бошқариб борса, ўғил-қизларимизнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни адабиётга ошно этиш мумкин. Бу эса ҳозирда мактабларда йўлга қўйилган адабиёт тўгараклари ишини қайта кўриб чиқиш, улар фаолиятини ишининг кўзини биладиган, иқтидорли, болалар қалбидан жой топа олган мураббийлар, ижодкор педагогларга топшириш лозим, деб ўйлайман.
Мактабимизда яқинда ота-оналарнинг умумий йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда юқорида келтирилган фармойиш ҳақида ҳам сўз юритдик ва ота-оналарга шундай саволлар билан мурожаат этдик:
- Уйингизда кутубхона ташкил этилганми? Охирги марта қайси асарни ўқигансиз? Фарзандингиз мобиль телефонидан, интернетдан фойдаланишига қандай қарайсиз?
Бу саволларга маънили, биз кутганимиздек жавоб қайтарган ота-оналарнинг кўплиги қувонтирди. Зеро, халқимиз азалдан адабиётни севадиган, китобхон халқ. Шундай экан, эндиги вазифамиз ўқитувчи ва ота-оналар биргаликда болаларни ёшлигидан китобга ошно этиш, уларни саралаб ўқишга ўргатиш, шу орқали миллий қадриятларимиз, минг йиллик кўҳна ва умрбоқий анъаналаримиз руҳида тарбиялаш, четдан кириб келаётган турли ёт маданият ғоялари таъсирига берилишларининг олдини олишдан иборатдир. Президентимизнинг тегишли фармойиши эса бу йўлда барчамизга дастуриламал бўлиши шубҳасиз.
Жамила ТЎРАҚУЛОВА,
Қарши шаҳридаги 29-мактаб директори