Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бўстон РАҲМОНОВА

02.03.2017


КИТОБЛАР БЕРГАН БАХТ

Биз жуда оддий яшардик. Қишлоғимиз шаҳардан узоқда. Тупроқли кўчалар, пахса деворли уйлар. Тўрт синфхонадан иборат мактаб ва гараж ёнбошидаги мўъжаз дўхтирхона. Мактаб ёнида узоқдан келган ўқитувчилар яшаши учун бир нечта ҳужра ҳам бўларди. Ана шу зах ҳиди келиб турадиган ҳужраларнинг бирида мактаб кутубхонаси жойлашган эди. Бор-йўғи 200-300 китобдан ташкил топган бу кутубхонани ҳеч қачон унутмайман. Ҳозир ўйласам, эгри-бугри, қийшиқ ёғоч токчаларга терилган, варақлари сарғайиб кетган у китоблар менинг тақдир эшикларимни очиб берган экан. Қишда кутубхона ниҳоятда совуқ бўлар эди. Катта танаффусда, дарсдан кейин, совуққа ҳам эътибор бермай китоб варақлардим. Биратўла 2-3 та китобни уйга олиб кетардим.

Эсимда Ойбекнинг "Болалик", Ғафур Ғуломнинг "Ёдгор", Ҳамид Ғуломнинг "Машъал" китобларини ўша пайтлари ўқиганман.

Ҳамид Олимжон шеърларини ёдлардим, шалоладек жўшқин, дарёдек тошқин эди у мисралар. Ҳар бир сўзи меҳр ва муҳаббатга,   Ватан севгисига йўғрилган эди у    сатрларнинг.

Шафтолизор боғларинг кўрдим,

Гул кўкарган тоғларинг кўрдим.

Меҳр қўйиб ўпган сари оқ,

Оппоқ бўлди бу азиз тупроқ...

Бу мисралар менинг қалбимда   Ватан сувратини чизган. Жонажон Ўзбекистонимизни гоҳо оппоқ пахтазор, гоҳо лолаларга бурканган юксак тоғлар тимсолида мурғак юрагимга муҳрлаган. Бу шеърни ёдлаганимда 5-синфда ўқирдим. Ўрта мактабни тугатдим, дорилфунунда сабоқ олдим, узоқ йиллар адабиётдан ўқувчиларга дарс бердим, аммо шеърни қайта ёдлаш эҳтиёжи туғилмади. Яхши асар унутилмас экан-да. Уни тилингизда ҳам, дилингизда ҳам бот-бот эслаб, такрорлаб юрар экансиз муқаддас калимадек.

Бошланғич синфлардаёқ китоб йиғишни бошлаганман. Мактаб кутубхонасидан ташқари хўжалигимизнинг эски бинода жойлашган кутубхонаси ҳам мен учун муқаддас даргоҳ эди. Бир куни борсам, кутубхоначи опа анчагина китобни боғлаб, бурчакка ажратиб қўйибди.

- Нега буларни ажратиб қўйибсиз? - дедим.

- Эски китоблар, уйга олиб кетаман, тутантириқ бўлар, - деди.

- Китобларни ёқасизми? - дедим ҳаяжонланиб. - Ортиқча бўлса менга беринг, илтимос, - дедим ялиниб.

Аёл юмшади.

- Олсанг, олавер, лекин ўқиб бўлармикан, жуда эскириб кетган, - деди.

Китоблар оғир эди, амаллаб уйга олиб бориб, елимладим, тикдим. Менинг шахсий кутубхонам ана шундай шакллана бошлаган эди.

Китобга бўлган меҳрим адабиётни севишдек улкан бахтни инъом этди. Юрагим ўқиш ва ёзиш иштиёқи билан лиммо-лим тўла эди.

Олтмишинчи йиллар охирида адабиётда порлаган Ўлмас Умарбековнинг "Севгим, севгилим", Учқун Назаровнинг "Фидо", Шукур Холмирзаевнинг "Ўн саккизга кирмаган ким бор", Ўткир Ҳошимовнинг "Баҳор қайтмайди" номли қиссалари, Абдулла Ориповнинг "Митти юлдуз", Эркин Воҳидовнинг "Ёшлик девони" номли шеърий тўпламларини қўлимиздан қўймасдик, тунлари ёстиғимиз тагига қўйиб ухлардик. Бу асарлар ёш қалбимизга шижоат бағишлар, улкан мақсадлар сари чорлар, гўзалликка ошно қиларди.

Йиллар ўтди, ҳа, кўп йиллар, ҳаётнинг паст-баланд, ўнқир-чўнқир йўллари, товон куйдирувчи жазирамасию, қаҳрли қаҳратонлари оралаб ўтадиган йўллар, аммо қачон бўлмасин, қаерда бўлмасин, энг яқин йўлдошим китоб бўлди, ҳозир ҳам шундай - усиз яшай олмайман. Набирамнинг бешигини тебратаётганда ҳам ёнимда китоб бўлади. Ҳали беш ёшга тўлмаган   бошқа набирам, "Моможон, шеър ўқиб беринг, Муҳаммад Юсуфнинг шеърини", дейди. Севинчдан кўзларимга ёш келади шу мурғак юракнинг китобга, шеъриятга меҳрини кўриб.

Чекка қишлоқнинг пастқамгина мактабида, электр чироқлари бўлмаган бир шароитда ўқиган мендек содда қизнинг қалбига ўқиш иштиёқини   солган, буюк орзулар сари етаклаган нарса китоб бўлмай нима эди?! Ҳа, фақатгина китоб ва муаллимларимиз сабоғидан ўзга таъсир этувчи куч йўқ эди у пайтларда.

Бугун шуни аниқ биламанки, китобни севган одам ҳаётни севади. Ҳаётни севганлар эса ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди. Эзгу ниятлар билан яшайди. Бошқаларга меҳр улашади.

Азиз фарзандларим, ҳамиша ёдингизда тутинг, китобсиз ҳаёт - бўшлиқ. Сизни ёруғ манзилларга элтувчи ҳам ана шу китоб, ундан олган илмингиздир. Бу аниқ.

Бўстон РАҲМОНОВА,

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

Report typo