Мазкур матнга бироз ўзгартириш киритилган, яъни унинг икки жойида учраган “компьютер ўйинлари” сўзи аслида “гиёҳвандлик” тарзида берилганди. Шу сўзларнинг ўрнини алмаштириб қўйдим, холос. Масалан, “футболчи пенальтидан гол урди” жумласини “боксчи пенальтидан гол урди” дея ўқилса, ҳар бир киши таажжубга тушади, кулгидан ўзини тия олмайди. Аммо юқоридаги матнда “гиёҳвандлик” сўзининг “компьютер ўйинлари” сўзига алмаштирилиши билан маънода, моҳиятда ҳеч қандай жиддий ўзгариш бўлгани йўқ. Чунки бугун дунё ҳамжамиятини компьютер ўйинларига муккасидан кетиш касаллиги гиёҳвандлик иллати каби чуқур ташвишга солмоқда ва улар келтириб чиқарадиган оқибатлар ҳам бир-бирига жуда ўхшаш.
Олимларнинг фикрича, киберлудомания, яъни компьютер ўйинларига ружу қўйиш киши руҳиятига ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик сингари жиддий таъсир кўрсатар экан. Шу боис, бугунги кунда мазкур касаллик аллақачон хавфли касалликлар рўйхатига киритилган. Энг ёмони, ушбу хасталик хуруж қилганда инсон ўйинни эмас, ўйин инсонни бошқара бошлайди. Натижада киши нафақат жисмоний ва руҳий жиҳатдан зўриқади, балки ижтимоий, оилавий, ҳаётий мажбуриятларга масъулиятсиз бўлиб қолади.
Компьютер ўйинлари нега кўпчиликнинг эътиборини бу қадар ўзига жалб этаяпти? Бунинг сабаби нимада? Негаки, тасвир сифати, ёрқин ранглар, худди ҳаётдагидек манзаралар, чиройли шаҳарлар, машиналар, бевосита клавишлар орқали амалга ошириладиган функциялар... албатта ҳар бир одамнинг эътиборини тортади. Бундан ташқари, киши ҳаётда амалга ошириш имкони бўлмаган ҳаракатларни компьютерда, нари борса, иккита тугмачани босиш орқали уддалайди. Аммо бунинг бари шунчаки сароб эканлигини англамайди.
Айниқса, компьютер ўйинлари билан машғул бўлиш ўғил болалар орасида оммалашган. Ўғил болалар ёшлигидан нимага қизиқади? Спортчи, ҳарбий ёхуд учувчи бўлишга. Шунга мос тарзда копток, ўйинчоқ машина ва ўйинчоқ ҳарбий қуроллар каби буюмлар уларнинг жону дили. Бироқ барибир болаларнинг кўнглида бу ўйинчоқларнинг ҳақиқийсига бўлган қизиқиш устунлик қилади. Бироқ улар ҳақиқий машинани бошқара олмайди. То улғайгунга қадар бунинг имкони йўқ. Компьютер болага ана шу имкониятни ёшлик чоғидаёқ ҳадя этади. Болакайлар ўйинлар асосида энг чиройли, қимматбаҳо машиналарни (улар махсус эффектлар ёрдамида ҳаётдаги машиналарга жуда ўхшатилган, ҳатто баъзиларини фарқлай олмайсиз ҳам) бошқариши мумкин, ҳарбий ўқотар қуроллардан истаганича фойдаланади. Энг даҳшатлиси, айрим ўйинларда болалар одам ўлдиради. Бу эса уларнинг феъл-атворидаги зўравонлик, шафқатсизлик аломатларини кучайтиради. Нега? Бу ёшдаги болаларнинг кайфияти, руҳияти ўзгарувчан, эркин фикрлаши заиф ёхуд энди шаклланаётган бўлиб, нимани кўрса, шуни амалга оширишга интилади. Унинг яхши ёки ёмонлиги тўғрисида ўйлаб ўтирмайди.
Яқинда хитойлик 11 ёшли қизалоқ бир неча кун давомида компьютер ўйинини ўйнаш натижасида жисмоний зўриқишдан вафот этди, Тайванда эса бир ўсмир 42 соат давомида қандайдир компьютер ўйинига қаттиқ берилганча ҳушидан кетган. Йигитнинг жони шифохонага етар-етмас узилган. Яна бир воқеа. Хитойнинг Цзянсу провинцияси Нантонг шаҳрида Ван исмли ўсмир компьютер ўйинларига ишқибозликдан қутулиш учун қўлини кесиб ташлади. Ван ўз қилмишини изоҳларкан, шу йўл билан компьютерда ўйин ўйнашни бас қилмоқчи бўлганини айтган. АҚШда эса болаларнинг ҳар ўнтадан биттаси компьютер ва видеоўйинларига қарам бўлиш касаллигига чалинган. Ҳатто айрим болалар ўйин дискини сотиб олиш учун пул ўғирлашаяпти. Бу каби салбий воқеалар жаҳоннинг турли мамлакатларида кун сайин ортиб бормоқда ва бу бизни ҳам хавотирга солмай қўймайди. Чунки ўша юртлардаги болалар орасида тарқалган компьютер ўйинларига қарамлик касаллиги ҳам бир кунда ёхуд қисқа муддатда юзага келиб қолмаган. Аксинча, у аста-секинлик билан болалар ва ўсмирлар ҳаётига кириб борган. Биз эса ана шундан огоҳ бўлишимиз керак.
Азизбек НОРОВ