Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азамат УСМОНОВ

01.03.2017


КОМПЬЮТЕР ЎЙИНЛАРИ МАНҚУРТЛИК ВОСИТАСИ…МИ?

Айниқса, интернетдаги ахлоқсизликни тарғиб этувчи турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар, жангари фильмлар, ёшларни монитор олдига “михлаб” қўяётган турли компьютер ўйинлари ана шундай таҳдидларга жуда бой.

Афсуски, ана шундай сюжетли компьютер ўйинлари кўплаб ёш болаларни, ҳаттоки, катта ёшли инсонларни ҳам таъсир доирасига тортаяпти. Уйида, ўқиш жараёни ёки иш жойида ҳам соатлаб компьютер ўйинларига муккасидан кетган кишилар бугун кўплаб топилади. Бироқ электрон ўйин “ажойибот”ларини ҳақиқий ҳаётнинг қувонч ва ташвишларидан устун билган шахснинг инсонийлик қиёфасини йўқотиши тажрибада асосланган.

Ўша ўйинлар қоидасига кўра, “финиш”га етиш айрим ёшлар учун жиддий мақсадга айлангани ҳам рост. Миясида ўйинлардан завқланиш ҳиссини туяётган бола учун бундай “севимли” машғулотидан бўлак ҳамма нарса секин-аста аҳамиятсиз бўлиб қолади.

Ачинарлиси, электрон ўйин асирига айланган  болалар табиатида аянчли ҳолатлар кўплаб кузатилаяпти.

Маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳридаги маҳаллий компьютер ўйинлари шохобчаларининг бирида 12 соат компьютер монитори қаршисида ўтирган мактаб ўқувчиси шифохонага ҳушсиз ҳолда келтирилади ва кучли инсульт хуружи боис оламдан ўтади. Шифокорларнинг фикрича, бу фожиага боланинг виртуал оламдаги “махлуқлар” билан “жанг қилиш”га ҳаддан ортиқ даражада киришиб кетгани сабаб бўлган.

2002 йили америкалик Шон Вилли исмли 21 ёшли йигит оламдан ўтди. Аниқланишича, у қандайдир очколар тақдим этадиган компьютер ўйинига муккасидан кетган. Кунлардан бир кун у ўша ўйинда ютқазиб қўяди. Оқибатда тўплаган очко ҳамда “мукофот”ларидан айрилганига чидолмай, ўз жонига қасд қилгани маълум бўлади.

Яна бир мисол. 2004 йили Буюк Британияда 17 ёшли ўсмир Уоррен Леблан 14 ёшли болакай Стефан Пакирнинг жонига қасд қилди. Суд жараёнида айбланувчи отишма саҳналарига бой бўлган  компьютер ўйини таъсирига тушиб қолганини, кейин эса бу руҳиятига ўзгача таъсир қилгани ва жиноятга қўл урганини айтиб берди.

Мана, компьютер ўйинларига муккасидан кетишнинг айрим оқибатлари. Бундан англаш мумкинки, электрон ўйинлар қуршовида қолган бола фикрлаш қобилиятини аста-секин йўқотади, манқуртга айланади.

Энди савол, қайси ота-она фарзандига шу нарсани раво кўради? Бошқаларни билмадиму, лекин бизнинг халқимиз бу нарсага ҳеч қачон онгли тарзда йўл қўймайди. Шундай экан, фарзандларимиз тарбиясига янада эътиборли бўлайлик.

Азамат УСМОНОВ,   

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.

Report typo