Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Коронавирусни даволашда самара бераётган дориларнинг 2 ойлик захираси мавжуд

24.07.2020


Коронавирусни даволашда самара бераётган дориларнинг 2 ойлик захираси мавжуд

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоятда қандай ишлар олиб борилмоқда? Беморларни даволаш учун шароит, замонавий тиббиёт аппаратлари етарлими? Дори-дармондан муаммо бўлмайдими?

Айтишларича, COVID-19ни даволашда капельница, томирга дори беришдан кўра, энг аввало, ҳаво бериш ва кўпроқ суюқлик ичиш катта самара беряпти. Айни пайтда эса вилоятда 81 та сунъий нафас бериш аппаратлари мавжуд бўлиб, бу ҳар бир туманга 3-4 тадан тўғри келади.

Айни пайтда Қашқадарёда вирус юқтирган 23 бемор сунъий нафас бериш аппарати (ИВЛ)га уланган.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган брифингда айтиб ўтилди.

Хабарингиз бор, коронавирусни даволашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 49 хил дори-дармон тавсия қилинган. Амалда эса 34 турдаги дори энг кўп қўлланилиб, ижобий самара бермоқда.

Вилоят ҳокимининг айтишича, ана шу дорилар бўйича 2 ойлик захира мавжуд. Бундан ташқари, захирани янада кўпайтириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, дориларнинг дастлабки партияси кела бошлади.

“Вилоят тиббиёт муассасаларидаги ҳолат ўрганиб чиқилганда, 5 та ПЗР аппарати, 120 та сунъий нафас бериш аппарати, 30 та портатив рентген аппарати, 200 та кислород концентратори ускуналарига талаб борлиги аниқланди. Республика комиссияси ёрдами билан уларни 2-3 кун ичида олиб келамиз. Бугун 60 та сунъий нафас бериш аппарати (СПАП), 4 та рақамли рентген аппарати, 40 та кислород концентратори, 4 та жарроҳлик сўргичи етиб келди”, деди вилоят ҳокими.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 23 июль ҳолатида вилоятда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 496 нафарни ташкил қилмоқда. Шундан 415 нафари эркаклар, 81 нафари аёллар бўлса, 16 нафари вояга етмаганлардир.

Шу кунгача вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 363 киши (314 нафари эркаклар ва 49 нафари аёллар) тузалиб чиқди. 133 беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Report typo