“Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 13 ноябрь куни Қашқадарё вилояти фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда шундай деб таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 12-13 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи доирасида ушбу ҳудуддаги ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга туртки бериш мақсадида марказий идоралар, жумладан, вазирлик ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилиб, зарур ресурслар ажратилди. 2021 йил Қашқадарёда “Тадбиркорликни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Шунингдек, 10 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш мақсади белгиланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти раислигида 26 ноябрь куни ўтказилган Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида, жумладан, ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мактабларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши қайд этилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 88 та мактабда қўшимча иморат қурилади, 100 тадан кўпроғи эса тўлиқ жиҳозланади, пахса деворли филиаллар ўрнига янги бинолар барпо этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг 26 ноябрь куни Косон тумани ҳокимлиги мажлислар залида 130-Касби сайлов округи сайловчилари билан учрашувида шу ҳақда сўз борди.
Мазкур сайлов округи сайловчилари билан бир қаторда, Қашқадарё вилоятининг Косон, Қарши, Қамаши туманлари ва Қарши шаҳридан 30 дан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатларда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ривожлантириш, бандлик, ишсизликнинг олдини олиш, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Учрашувда Қашқадарё вилояти ҳокимининг ва вилоят прокурорининг ўринбосарлари, вилоят ва тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Бу, ўз навбатида, мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича жойнинг ўзида қарорлар қабул қилиш имкониятини туғдирди.
А.Саидовнинг қайд этишича, учрашув давомида ўрганилган муаммоларнинг аксарияти, яъни 70-80 фоизини туманнинг ўзида, секторлар кесимида ҳал этса бўлади. Мурожаатларнинг тахминан 15 фоизига вилоят даражасида, қолган қисмига эса республика миқёсида ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
Энг муҳими, фуқароларнинг бугунги кундан кўнгли тўқ ва келажакка ишончи мустаҳкам. Шу боис юртдошларимиз шахсий муаммолари билангина чекланиб қолмасдан, балки юртимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга доир амалий таклифларни ҳам илгари сураётганлари диққатга лойиқдир.
Тадбирда журналистлар ва блогерлар ҳам қатнашди. Натижада мулоқотларнинг очиқлиги ва ошкоралиги таъминланди.