Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

УМАР

21.05.2021


КОТИБГА ЁЛЧИМА(ЁТ)ГАН ҲОКИМЛИК

Нуқтаи назар

Биласиз, бугун ахборот хизмати фаолиятини йўлга қўйган идора, ташкилотлар сони анча кўпайди. Бу орқали кенг жамоатчиликда ҳокимият ва бошқарув органлари фаолияти бўйича аввалгига нисбатан яққолроқ тасаввур пайдо бўлгани-да бор гап. Айрим раҳбарлар матбуот котибининг кунда-кунора "переслать" қилаётган битта-ярим хабарига кўз юмаётганининг боиси эса аён - "қора кунлар"да, бирор сайт ёки блогер танқиди эълон қилинган дамда котиб корга ярашини, асқатишини яхши билишади.

Бироқ ҳамма жойда ҳам котиб ўз ишини қойилмақом тарзда уддалаяпти, деб бўлмайди. Дейлик, Қарши тумани ҳокимлигида.

Туман ҳокимининг "Sulton tex Group" корхонаси билан судлашгани, кам таъминланганлар учун жамғарилган кўмак пулини ўз эгаларига етказишдаги чалкашликлар ахборот хизмати зиммасидаги залворли юкни янада оғирлаштирганди. Тан олиш керак, ушбу жараёнларнинг барчасида матбуот котиби ОАВга имкониятни бой берди, дуруст ва асослантирилган чиқиш билан ҳокимлик манфаатини ҳимоя этолмади, берилган ахборотлар эса жамоатчилик эътиборини тортмади ҳисоб.

Яқинда туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги каналига кўз югуртирарканман, дастлаб туманда матбуот котиби ўзгарибди, деган фикр туғилди. Услуб ва имлонинг "ўзига хослиги" шундай қарашга имкон берарди.

Хусусан, "Энг китобхон мактаб" дея сарлавҳа қўйилган кичик хабарда "буйлаб", "ўзра", "фаҳр", "ифтиҳор" каби имло хатолари ҳар қандай кишини ажаблантириши шубҳасиз. Ҳар ҳолда саводдан узоқроқ идора эмас, ҳокимлик канали!

Буниси майли, "Энг қимматбоҳо совға эса автомабил машинаси", "Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Китобхонга автомашина совға қилиниши..." дея тугаган ғалати жумлаларга нима дейсиз?! Яна денг, расмий канал юзидаги "Хўш келибсиз" деган жумлани ўқиб, буни билим-саводли одам юритаётганига шубҳа қиласан киши.

Тўғри, техник хато, шошиб ёзганда, бир-икки имло хатолари ўтиб кетишини тушунса бўлар, аммо бу қадар, яна ҳар бир хабар-янгиликда ғализлик, хатога йўл қўявериш яхши эмас...

УМАР

Report typo