Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

03.02.2017


КУКАБАРРА – КУЛОНҒИЧ ХАНС

Австралия аборигенлари бўлса, кукабарра ёки кулонғич Ханснинг товушини эшитганлари ҳамоно янги кун бошланганини билганлар. Очиғини айтганда, аборигенларга бироз ачинасиз ҳам. Тонг ёришар-ёришмас уйқудан уйғотгани камлик қилгандай, устингдан масхараомуз қиқирлаши-чи! Бироқ нима ҳам қила олардинг, кукабарранинг табиати шундай – у бошқалар устидан кулишни хуш кўради.

ДЎЗАХНИНГ БИР КЎРИНИШИ

Аслида кукабарра – кўктарғоқлар оиласига мансуб қуш. Унга кулонғич Ханс деган лақабни эса Австралияга илк марта кўчиб келганлар беришган. Ўзининг хира оқ-кулранг патлари билан хийла кўримсиз қиёфа касб этади, аммо ташқи кўриниши уни ташвишга солмайди. Кукабарра фақатгина Австралия ва Янги Гвинеяда яшайди, ҳеч қаерга кўчмайди, олисроқ жойларга учмайди ҳам. У ҳам бошқа кўктарғоқ оға-инилари шуғулланадиган юмуш билан банд: қўлидан келганича емиш топади, тунда ухлайди. Аниқ белгиланган вақтда эса ҳам чуғурлаб, ҳам қиқирлаб кулиб, қаттиқ шовқин кўтаради. Нега? Кукабарралар емиш тақсимлаётиб ўзаро жанжаллашади (бу қушлар асосан калтакесак, ҳашарот ва кемирувчилар билан озиқланади, шу билан бирга, уларнинг овқат рационига илон ҳам киради). Тонг ёришишидан роппа-роса бир соат олдин, сўнгра қоқ туш маҳали ва яна бир марта – қуёш ботишидан сал аввал теварак-атрофдаги жунглилардан дўзахи осий бандаларнинг айюҳанноси, чўян қозонлар даранглаши ва Ерости салтанати эгаларининг иблисона қаҳқаҳасидан иборат (ҳарҳолда, Яшил қитъага энди келган кишига шундай туюлади) ўта ёқимсиз товушлар симфонияси эшитила бошлайди. Аслида эса бундай товушларни бизнинг қаҳрамонимиз кукабарралар чиқаради.

СУРБЕТ МЕҲМОН

Австралияликлар, маълумки, аллақачон бу даҳшатга кўникишган ва ҳатто кукабаррани муқаддас қуш, деб эълон қилишган, кейин эса уни худди кенгуру ва ўрдакбурун сингари ўз қитъаларининг тимсолига айлантиришди. Сайёҳларни қўрқитмаслик ва уларни асаб хуружидан асраш учун шундай иримни ўйлаб топишди: кукабарра товушини эшитиш – яхшилик аломати. Бу шундан далолат берадики, истайсизми-йўқми, сиз бу ерга камида яна бир марта келасиз.

Кейин эса кукабаррани мушук ва ит билан бир қаторга қўйган ҳолда инсоннинг дўстлари рўйхатига тиркашди. Гап шундаки, бу қуш одамдан қўрқмайди, ҳарҳолда, ташқаридан қараганда шундай. Аксинча, у ўрмондаги қароргоҳингизга дуч келиб қолса,  сизга яқинроқ учиб келади ва айтайлик, гулхан ёқилишини воқеа жойига жуда яқиндан туриб, қизиқиб кузата бошлайди. Ёки одатда ўрмон аҳлининг диққатини кам жалб этадиган жиҳатлар - юкхалтангизда нима борлиги, чодир ўрнатилиши ва бошқа нарса ҳамда одамнинг хатти-ҳаракатлари уни бағоят қизиқтириши турган гап.

Биласизми?

Кукабарранинг товуши узоқ йиллар мобайнида чет элдаги Австралия радиоси “ABC Radio Australia” учун шартли чақириқ ўрнида хизмат қилган. Шунингдек, бу товуш “жунгли овози” сифатида фильм, кўрсатув ва компьютер ўйинларида қўлланади.

Аввалига жунглидан келган бу меҳмонни чўчитмаслик учун шовқин солмасликка, қалтис ҳаракат қилмасликка тиришиб, унинг яқинроқ келишига шароит яратишингиз, бирга суратга тушишингиз мумкин. Бу ишни тугатгач эса ҳаддан зиёд қизиқувчан кукабаррани буюмларингиздан сал нари суриш ва бирор нарсангизни ўмариб кетмаслиги учун эҳтиёт бўлишингизга тўғри келади.

ЗАҲАРЛИ ИЛОНГА ҚАРШИ

Кукабарралар тутқунликка тез мослашади. Неча замонлардан бери улар сайёрамиздаги кўплаб ҳайвонот боғларида парвариш қилинади. Мазкур қушлар одамга тез ўрганади, ўзларини кўргани келган эски танишлари билан қафасда туриб, қувноқ кулги товуши билан саломлашади ва ёнига бирров кирган кишининг елкасига ўрнашиб олишга интилади. Яқиндан танишиш ниятида қўлланадиган бундай усул сизни унинг ёқимсиз товушидан ҳам кўпроқ чўчитиши тайин, боиси эса шундаки, кукабарра – майда қуш эмас. унинг бўйи ярим метргача етади. Бу тахлит қанотли, яна денг, йирик, даҳшат солувчи тумшуғи бор кулонғич махлуқот қовушмаган ҳаракатлар билан учишга уринса, сўлоқмондай гавдаси билан елкангизга қўниб олиб, йиқилмаслик учун тирноқларини ботирса! Бу ҳаммага ҳам ёқавермайди.

Лекин кукабарранинг фойдаси ҳам катта, аборигенлар уни айнан шунинг учун яхши кўришади. Мазкур қуш илоннинг додини боплаб беради. Ҳолбуки, Австралияда илонлар сон-саноқсиз, улар орасида дунёдаги энг заҳри ўткир 2 та тури ҳам борки, уларни ўлдира   олган одам бу ерда чин дилдан   олқишланади.

Ов жараёни ниҳоятда содда: судралиб юрган ёки дам олаётган илоннинг изига тушиб, кукабарра унга  ортдан ташланади, рақиби тишлаб олмаслиги учун бўйнига чанг солади ва ўлжаси билан бирга тезгина ҳавога кўтарилади. Илон учун хатарли бўлган бир неча ўн метр баландликка кўтарилгач, кукабарра ўлжасининг тошга урилишини мўлжаллаб туриб, пастга ташлаб юборади. Агар шунда ҳам илон ўлмаса, бу жараён яна такрорланади.

Агар кукабарра учишга эринса, илонни тутган ерида у ёқдан-бу ёққа худди қамчидай сермаб, обдон айлантиради, кейин ерга ташлайди-да,  бошига тумшуғи билан уради, кейин яна чангаллаб, судрайди. Хуллас, бечора ўлжани охир-оқибат аллақандай бир ҳолатга келтирмагунча тинмайди. Бироқ шу жараёнда илон кукабарра учун шунчаки емиш эмас, балки илондан тайёрланган котлетга айланади.

ОИЛАВИЙ МОЖАРОЛАР

Кукабарранинг оилавий ҳаёти бир текис эмас. Йўқ, “никоҳ мустаҳкамлиги” масаласида ҳаммаси жойида, кукабарралар – моногам (якка никоҳли) қуш ва ўз жуфтини бир марта – бир умрга танлайди. Кукабарра жуфтлиги илонни бирга овлайди, ўлжа тақсимотида жанжаллашади, лекин овқатланиш чоғида дарров ярашиб олади. Бироқ полапонлар – бутунлай бошқа масала. Агар икки ёки учта полапон бирваракайига тухумни очиб чиқса борми, улар орасида шу заҳотиёқ ҳақиқий – ҳаёт-мамот жанги бошланади, бечора ота-она эса ҳеч нарса қила олмайди. Алалоқибат, уяда фақат битта жўжа қолади ва ота-она меҳрига эга чиқади. Мабодо мода кукабарра тухумларни бирваракайига эмас, бирин-кетин босиб, очиб чиқса, ҳаммаси бошқача бўлади. Полапонлар бир-биридан озгина фарқ билан кўз очган бўлса ҳам ўзаро жуда меҳрибон бўлади. Улғайганлари эса кейинги очиб чиққан жўжаларни боқиш, парваришлашда ота-онасига ёрдам беради.

Муаллиф: Константин ФЁДОРОВ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo