Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

20.02.2017


КУЛГИ – ЭНГ ЯХШИ ДОРИ

ВРАЧЛАРНИНГ ХАТО ХУЛОСАСИ

Буюк Кант ўзининг “Тоза ақл танқиди” китобида таъкидлаганидек, “кулги – бу саломатлик туйғуси”. Ва ниҳоят, ўтган юзйилликнинг атоқли терапевтларидан канадалик Уильям Ослер кулгини “руҳ мусиқаси” деб атади.

Сирасини айтганда, Норман Казинснинг шов-шувларга сабаб бўлган соғайишига қадар кулгининг шифобахшлик хусусиятларига ҳеч қачон жиддий қаралмаган.

1964 йилда Америкада чиқадиган “The Saturday Review” журналининг 39 ёшли бош муҳаррири Норман Казинс чет элга хизмат сафарига боради. Вужудида бирозгина лоҳаслик, дармонсизликни ҳис этаётгани ва иситма қилаётганини айтмаса, ҳамма иши битади. Бироқ у уйига худди ногирон, мажруҳ сингари қайтди: на оёғи, на қўлини қимирлата оларди ва тўппа-тўғри шифохонага ётқизилди.

Қўйилган ташхис нохуш эди: умуртқа бириктирувчи тўқималари фаолияти бузилиши билан боғлиқ анкилозли полиартритнинг сўнгги босқичи. Казинсни кучли оғриқлар безовта қилар ва оғриқ қолдирувчи дориларни кўп ичарди.  Даволовчи врач унинг соғайиш имконияти бешга бир эканини айтади. Орадан уч ҳафта ўтгач, Казинс шифохонадан меҳмонхонага кўчиб ўтишга қарор қилди ва даволаниш бўйича ўз дастурини ишлаб чиқди. Бу дастур ҳиссиётларни уйғотишга асосланган бўлиб, кулги ана шундай туйғулардан бири сифатида унга киритилган эди.

Дўстлари Казинсга машҳур телекомикслар туширилган видеокассеталарни жўнатишарди. “Мен мамнуният билан кашф этдимки, - деб ёзади Казинс, - ўн дақиқалик зўр қаҳқаҳа оғриқни йўқотиб, икки соатча ухлаб олишга ёрдам беради. Кулги организмга ижобий таъсир ўтказиши ҳақида илмий асосланган қараш борми? Мен буни билмайман... Лекин менга равшанки, кулги С дармондорисининг каттагина дозаси билан бирга патологик жараёнларнинг юз беришини секинлаштиради”. 

Норман Казинс унинг касалини тузалмас деб ҳисоблаган врачларнинг хулосасини рад этди. “New England Journal of Medicine” нашриётида у ёзган “Хасталик анатомияси (бемор нуқтаи назарида)” номли китобнинг биринчи қисми босилиб чиққач, Казинс бутун дунёдаги шифокорлардан 3 мингга яқин мактуб олди. Тиббиёт машъалларининг қарашларига зид ўлароқ улар Казинснинг тузалишига ёрдам берган воситани ижобий баҳолашди. Бу пайтга келиб, Лос-Анжелес тиббиёт университетининг профессорига айланган Казинснинг қатъий хулосаси шундай: “Кулги фақатгина ажойиб оғриқни қолдирувчи таъсирга эгалиги билангина эмас, балки қоннинг биокимёвий таркибини яхшилаб, организмнинг яллиғланишга қарши курашиш қобилиятини ошириши билан ҳам фойдали”.

СОҒЛИҚ УЧУН КОНИ ФОЙДА

1983 йилда Францияда доктор Анри Рубинштейннинг “Кулгининг  психосоматикаси” деб номланган китоби чиқди. Китобда кулгининг      соғлиққа қандай таъсир ўтказиши ҳақида сўз юритилган ва Казинснинг эмпирик характерга эга бўлган, яъни тажрибага асосланган  кашфиёти илмий тасдиқланган эди.

Психотерапия билимдонларидан бири, Стэнфорд университети (АҚШ) профессори Уильям Фрейнинг таъкидлашига кўра, кулги юрак фаолиятини кучайтиради, қон  босимини мўътадиллаштириб, мушаклар тонусини оширади. Фрей мириқиб кулган одам қандайдир енгил тортиб, руҳий хотиржамликни ҳис этади, деб ҳисоблайди.

Бироқ инсоният, минг афсуски, борган сари маъюс тортаяпти. 1939 йилда кун давомида 19 дақиқадан кам бўлмаган вақтларини кулгига ажратган французлар 1982 йилда бир кунда бор-йўғи 6 дақиқа кулишган. Эҳтимол, кейинги даврда асабни тинчлантирувчи дориларга бўлган эҳтиёж доимий ортиб бораётганининг сабаби шундадир?

 Доктор Анри Рубинштейн кулгининг терапевтик хусусиятларини санаб адо қилиш мушкул эканини ёзади. Бунинг исботи сифатида у беморларида кузатган кулгитерапия ёрдамида даво топиш ҳодисаларидан бир қанчасини мисол келтиради.  Бир куни унинг қабулига йиллар давомида керагидан ортиқ тинчлантирувчи дори ичган аёл келади. Шифокор унга Бастер Китон ва бошқа машҳур америкалик ҳажв усталари томошасидан иборат даволаш курсини таклиф қилади ва аёл ҳар куни кечқурун улар иштирокидаги фильмларни кўради. Бир неча ойдан сўнг унинг организми бу табиий стимуляторга шу даражада кўникдики, аёл дориларни қатъий рад этди.

1984 йилда доктор Рубинштейн Францияда Кулгитерапия марказини очди, бироқ, афсуски, ушбу марказ бир неча йилдан кейин молиявий қийинчиликлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатди. Шундай бўлса ҳам жаҳонда кулгини даволаш воситалари қаторига киритаётган врачлар кам эмас. Швейцария, АҚШ ва Канадада махсус диспансерлар очилган. Яна бу давлатларда шундай шифохоналар борки, уларда энг дийдаси қаттиқ – кулги “ўтмайдиган” беморлар учун “шифобахш қитиқлаш” муолажаси ўтказиладиган бўлимлар мавжуд.

ТИББИЁТДА ЯНГИ ЙЎНАЛИШ

Япон тадқиқотчилари  кулги нафақат саломатлик учун фойдали эканини, балки касалликдан тузалиш жараёнини ҳам тезлаштиришини исботлашди. Аллергик  хасталикка чалинган ҳар икки жинсга мансуб беморлар билан тажриба ўтказилди. Улар танасига бирор аллерген юборилди ва терисида аллергик тошмалар “ҳосил қилинди”. Сўнгра беморларнинг бир қисми бир ярим соат мобайнида Чарли Чаплиннинг “Янги замонлар” фильмини, қолган қисми эса об-ҳаво ҳақидаги видеофильмни томоша қилишди.  Кейинги текширув шуни кўрсатдики, Чарли Чаплинни томоша қилган беморларда аллергик тошмалар сезиларли равишда камайган, қолганларда эса  дастлабки натижа ўзгармай қолган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, аллергияга чалинган кишиларни юмор билан даволаса бўлади.

Мутахассислар ушбу феноменга тўлиқ илмий изоҳ топишди: кулги организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятига путур етказадиган стрессни йўқотиш ёки камайтириш хусусиятига эга.

Тиббиётдаги янги йўналиш “гелотология” (юнонча “gelos” – “кулги” сўзидан олинган), бошқача айтганда “кулгитерапия” деган ном олди. Фаннинг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган олимлар юмор, кулги ва саломатлик ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ўрганишмоқда. Ҳозирги вақтда улар қуйидаги жиҳатларни аниқлашди.

Кулги оғриқни қолдиради, чунки кулган вақтимизда танада адреналин ва норадреналин гормонлари (катехоламинлар), шу билан бирга, эндорфин ҳам  ажралиб чиқиб, қонга ўтади. Охирги модда худди морфий сингари таъсир ўтказади, лекин эндорфин морфийнинг бошқа таъсирларидан холилиги билан муҳимроқ. Катехоламинлар эса яллиғланишларга тўсқинлик қилади ва ревматоид артрит сингари бирмунча жиддий хасталиклардан соғайишни тезлаштиради.

Кулгини кислородли душ, дейиш мумкин, чунки кулаётганимизда организм одатдагидан кўра 3-4 карра кўпроқ кислород ютади.

Кулги овқат ҳазм қилиш трактига енгил уқалагандек таъсир кўрсатиб, ҳазми таомни яхшилайди. Бу айниқса одам қотиб-қотиб кулганида рўй беради.

Одам кулганида, унинг 80 га яқин мушаклар гуруҳи ишлайди: елка ҳаракатга келади, кўкрак қафаси силкинади, диафрагма тебранади ва юрак тез уради. Организмда ёшариш юз беради.

Кулгидан кейин бронхларда тўпланган шиллиқ ва суюқ моддалар чиқиб кетади. Бу жиҳат айниқса ёмон экологияли шаҳарларда яшовчилар учун фойдали.

Ниҳоят, кулги касбий муваффақиятларга етаклайди, зеро, ҳаётсевар ходимнинг энг қийин вазиятларда ҳам тўғри йўл топа олишига ҳамма ишонади, бу эса унинг карьерасида муҳим роль ўйнайди...

Хулласи калом, кулиб юриш шарт. Врачлар фақат 1 апрель кунигина эмас, ҳар куни мириқиб, қаҳ-қаҳ отиб, юракдан, самимий кулиб юрадиган одамлар кам касал бўлишини, мабодо касалга чалинган тақдирларида ҳам тезда тузалиб кетишларини анча илгари пайқашганди. Демак, соғлиқ учун кулинг!

Муаллиф: Генрих ТУМАРИНСОН.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo