Ҳикоя бош қаҳрамони – ўз қўл остидагиларнинг пушти-паноҳи, зоти олийларининг сарой мусаввири Ёсихидэ. У феъл-атвори расвои жаҳон, махлуқсифат ёқимсиз киши. Шу боис “Сарухидэ” (маймун) деган лақаб орттириб олган. Ёсихидэ учун бу ёруғ оламда икки севимли нарса бор – санъат ва яккаю ягона гўзал қизи.
Унинг йигирманчи аср мусаввирларига хос бўлмаган камчилиги ҳам бор. Ёсихидэ ҳечқурса бир бор тушида кўрмаган нарсаларини акс эттиролмайди. Бир гал зоти олийлари унга ўз саройи деворларига дўзах азобларини чизишни буюради. Ишнинг бошланиши анча силлиқ кечади, мусаввир дўзах алангасини катта ёнғин вақтида кўрган эди, гуноҳкор ва камситилган бандалар ҳар доим кўзи олдида, аммо Ёсихидэ асар марказига ёниб бораётган фойтунда қийналаётган гўзал аёл тасвирини олиб чиқишни режалаштиради. Бироқ у бундай кўриниш гувоҳи бўлмаган. Мусаввир зоти олийларидан кўз ўнгида ушбу манзарани ҳосил этиб беришларини сўрайди. Зоти олийлари эса асар учун бегуноҳ аёлнинг дўзах азобларида ўлим топишига майл билдирган мусаввирни жазолаш ниятида Ёсихидэ кўзи олдида ёниб бораётган фойтунда, унинг севимли, гўзал қизини олиб чиқишни буюради. Ва, Ёсихидэ зоти олийлари кутганидек ўзини аланга ичига отмайди, бу ноёб манзарани усталик билан тасвирга кўчиради.
Бунақаси бўлиши мумкин эмас, наҳот оталик меҳри ва ижодкорлик деган тушунчалар бир-бирини инкор этса? Наҳот яратувчи инсон нозик ҳиссиётлар билан тўлиб-тошган шу даражадаги ёвузлик билан ёнма-ён яшашга қодир бўлса? Албатта, шайтон измидаги санъат ҳеч қачон яхшиликка хизмат қилмайди, деган ўй ҳам ўтади кўнгилдан. Қолаверса, бир нарсада чуқур кетиш ҳам охир-оқибатда ҳалокатга олиб келади. Ҳикоядан олинадиган хулосалар кўп. Ҳар бир ўқувчи мутолаадан ўз диди ва маърифатига яраша мазмун олади. Асарнинг ютуғи ҳам шунда – агар уни бир неча сўз билан таърифлаш имкони бўлганида, умри қисқа ва жаҳон миқёсида шуҳрат қозонмаган бўларди. Ҳамма гап – кам сўз ишлатиб, кўп фикрни айта олишда.
Турмуш чорраҳаларида адолатсизлик, виждонсизлик, ахлоқсизлик сингари салбий иллатларга кўп дуч келган адибнинг “Расёмон дарвозаси”, “Ўргимчак тўри”, “Тўқайда”, “Бурун” сингари ўнлаб асарларида ҳам ҳаёт ҳақиқатлари ривоят, тарихий солномалар билан қориштириб, ўқувчи қалбини ларзага келтирадиган даражада тасвирланади.
Яна бир буюк адиб, адабиёт соҳасида халқаро Нобель мукофоти совриндори Ясунари Кавабата асарларига қадимий япон руҳи чуқур сингиб кетиши билан бир вақтда, замонавий адабий услублардан ҳам кенг фойдаланилади. Кавабата асарларидаги ўзига хослик шундаки, у матннинг тагмаъносига катта аҳамият қаратиб, асосий фикрни айтишни, мазмунни чақишни ўқувчининг ўзига қолдиради. Биз қуйида мулоҳаза юритадиган “Аёл тушлари” ҳикояси фикримизга ёрқин далил бўла олади.
Ҳикоя қаҳрамонларидан бири Кухара ўттиз олти ёшида тўсатдан уйланишга қарор қилади. Шунча ёшга киргунича турмуш қуришни хаёлига ҳам келтирмаган тиббиёт институти ассистентининг кутилмаган қарори яна шуниси билан кўпчиликнинг эътиборини тортадики, у совчи қўйган қиз ҳусну малоҳатда беназир. “Келинни кўриб, оғзи очилиб қолган оғайниларидан айримлари, очиғи, эртароқ уйланиб қўйганига афсусланади”. Кимлардир “болапақир ичидан пишган экан” дея унга ич-ичидан ҳавас қилади. Асосийси, ҳамманинг Кухарага муносабати кескин ўзгаради. Тўғри, келин – Харуко ҳам ёш эмас, у кўринишидан йигирмаларга чиққанга ўхшаса-да, аллақачон йигирма еттидан ҳатлаб ўтган. Кухаранинг улфатлари шундай гўзал қизнинг нега шу пайтгача турмушга чиқмаганига ҳайрон қолишса-да, бу ҳақда йигитга бир нарса дейишмайди, аксинча “дунёда ҳали ҳам бунақа бебаҳо гуллар бор экану, билмай юрган эканмиз” деб айтишади, холос.
Кухара Харуко билан сайрга чиққанида дуч келган одам уларга бир қайрилиб қарашдан ўзини тиёлмайди. Бири иккинчисига ярашган жуфтлик. Гапнинг очиғи, вақтида Харукога кўплаб йигитлар оғиз солишган, аммо қиз уларнинг бирортасига турмушга чиқиш майлини билдирмаган. Ҳатто ота-онаси ҳам Харуконинг эрга тегмаслик қарори қатъийлиги ва усталик билан уюштирилган “қиз кўрди”лардан фойда йўқлигига ишонч ҳосил қилишган. Кутилмаганда Харуко Кухара билан учрашувдан сўнг турмушга чиқишга рози бўлади. Харуко Кухарага ўзининг ҳажрида куйиб оламдан ўтган йигит ҳақида гапириб беришни кўнглига тугади. Харуконинг ҳам юрагида тугун бор, Кухарадек тўрт мучаси соғлом йигитнинг ўттиз олти ёшгача биронта аёл зотига илакишмаганига ишониб бўлмайди.
Кухара билан Харуко турмуш қуришгандан сўнг тўй сафарининг иккинчи куни қиз ўз жонига қасд қилган тоғаваччасини тушида кўради. Тоғаваччасидан ташқари қизнинг ҳаётида яна бир йигит ҳам бўлган. Катакири аталмиш бу йигит унаштирилганидан кейин илгари Харуко ҳажрида бир тенгдоши нобуд бўлганини эшитиб унга уйланиш фикридан қайтади. Вақт – олий ҳакам, йиллар ўтиши билан қиз тоғаваччасини ҳам, Катакирини ҳам батамом унутиб юборган, аслида уларнинг ўртасида ҳориқулодда бирон воқеа ҳам содир бўлмаган.
Кухара хотинидан ўша ҳалок бўлган йигит тарихи ҳақида гапириб беришини сўрайди, Харуко эса Кухаранинг ўз ўтмишидан ҳикоя қилишини кутади. Йигит қанчалик ўз севги қиссасини тўқиб чиқаришга уринмасин, бунинг уддасидан чиқолмайди. Боиси, унинг ҳаётида хотин-қизлар билан алоқадор ҳодисанинг ўзи йўқ. Натижада Харуко ўз тоғаваччаси тарихини гапириб беради. Улар ёшликдан бирга ўсишган. Балоғат ёшига етишганидан сўнг йигит қизга муҳаббат изҳор қилади, Харуко яқин қариндош эканликларини рўкач этиб йигитга рад жавоби беради. Ўша йили йигит тоққа чанғи учишга бориб, бўрон пайтида чўққидан йиқилади. Узоқ вақт касалхонада даволаниб чиққан йигит Харукога видолашув мактуби ёзиб, жонига қасд қилади. Ваҳоланки, тоғаваччаси Харуконинг биринчи муҳаббати эмас, қиз йигит вафот этганидан икки йил кейин унаштирилган Катакирини севади, аммо бу севги достони ҳам чилпарчин бўлади.
Ҳикоя ниҳоясида ёзувчи шундай ечим топадики, уни ўзига хос лабиринт атасак хато бўлмайди. Кунлардан бир кун Кухара янгилик топиб келади. Маълум бўлишича, йигитнинг ўз жонига қасд қилиши Харуко билан мутлақо боғлиқ эмас, ўша машъум тоғдан қулаш оқибатида унинг асаблари тамом ишдан чиқиб, восвос касалига чалинган, бунинг устига ўпкаси ҳам тамом бўлган, йигит табиий тарзда ўлимга маҳкум этилганди. Харуко эрининг бу ҳақиқатдан хабар топганига анча бўлганини эшитиб, чинакамига ундан хафа бўлади, ҳатто “илгари билганимда Катакири иккимизнинг тўйимиз бузилмаслиги мумкин эди”, деб афсусланади. Шу ерда Кухара қизнинг қалбига дарз етказадиган тағин бир хатога йўл қўяди:
“Лекин шуни эсдан чиқармаслик керак, ўша телбанинг шарофати билан биз турмуш қурдик, - деди фаросатсизларча Кухара”...
Шундай қилиб Харукода ўзгаларга, шу жумладан эрига ҳам бахт келтириш иқтидори сўнади. Шу билан асар якун топади, уларнинг кейинги ҳаёти ҳақида қандай натижа чиқариш биз юқорида тилга олган лабиринтнинг ўзгинаси.
Оддий бир талқин: инсон бахт қушининг елкасига қўнганини вақтида англаб етиши, ҳис қилиши керак. У эса доим ҳам қўнавермайди. Шуни билсанг, толеинг кулгани, билолмасанг, бахтсизликка маҳкумсан. Уни сабаблар, оқибатлар, тасодифлар бартараф қилолмайди...
Ҳа, кунчиқар юрт жозибаси юзлаб такрори йўқ ороллари, сакура гуллари, бетакрор табиати, ибратли тарихи билангина чекланмайди, бу жозиба япон бадиий сўзида янада ёрқинроқ товланади. Одам яхши ҳикоядан завқ олади, қалби гўзал ҳис-туйғулардан тўйинади. Япон адабиётининг биз юқорида мушоҳада юритган икки буюк адибидан ташқари Нацумэ Сосэки, Ясуси Иноуэ, Сётаро Ясуока, Кобо Абэ, Синъити Юки, Тецуо Миура, Банана Ёсимото, Харуки Мураками сингари ўнлаб ёзувчилари қалами остидан чиққан кичик жанр намуналари ҳам ҳақли равишда жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.
Абдунаби АБДИЕВ,
Миришкор туманидаги 22-мактаб директори