Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилфуза ЖУМАЕВА

28.03.2017


МЎЙҚАЛАМНИНГ МАФТУНКОР МЎЪЖИЗАЛАРИ

Косонлик Шаҳноза Бозорованинг ижодий ишларида заминимизнинг кенг ва бепоён сарҳадлари намоён бўлади. Ҳаётнинг жўшқин лавҳаси ва инсон руҳий олами инъикос этган ажиб манзаралар кишини мафтун этади...

Қалби нафосат билан тўла ёш рассом қизнинг мўъжазгина устахонасида бўлган одамнинг нигоҳи энг аввал таниқли мусаввир, портрет жанрининг моҳир устаси Абдулҳақ Абдуллаевнинг “Момо ва набира” асари нусхасига тушади. Шаҳнозанинг айтишича, бу унинг илк машқи. Ва бу ўзига ғойибона устоз деб билгани машҳур рассомга бўлган чин шогирдлик  ҳурматининг рамзидир.

- Ёшлигимдан шу асар диққатимни ўзига тортган, - дея ҳикоя қилади Шаҳноза. – Эътибор беринг-а, портретда маъсума ўзбек аёли ўйга толганча тасвирланган, унинг ёнида тийрак нигоҳли қизалоқ. Набира гўё момосига тиргак.  Бинобарин, бу лавҳа “жонли ифода”нинг умумлашган кўриниши, муштипар, хокисор ва болажон миллатимиз оналари, момолари сиймосини абадга муҳрлаган. Шу билан бирга, бу сурат барча ўзбек қизлари қатори менинг-да қалбимга яқин. 

 Ҳали мактабга бормай туриб қоғозга алланималарни қоралаган қизалоқнинг ички тийнатию, кўнгил сезимлари шундай зийнатлангандики, унинг қўлидан сира қалами тушмасди. Кўрганини, ҳис қилганини ранглар ёрдамида тасвирлар, чизганлари ўхшамаса, қайта-қайта уринарди.

 Табиатан камтар, камгап бу қизнинг рассомчиликдаги туғма қобилияти ўқувчилик кезларидаёқ устозлари эътиборига тушди. Уларнинг кўрсатмалари эса Шаҳнозага туртки бўлди.

Ундаги бундай қизиқишни ўз вақтида илғаган холаси Нортожи Шодиеванинг маслаҳати билан Шаҳноза мактабни битиргач, 2009 йилда Қарши санъат коллежига ўқишга кирди. Бу ерда уч йил мобайнида рангтасвир йўналишида дастлабки таълимни устози Ойбек Собировдан олди.

- Портрет жанрига ихлосим баландлиги боис кўпроқ шу йўналишда чизаман, - дейди ёш мусаввир. – Унинг мураккаблиги шундаки, қаршингизда турган натурадан унумли фойдаланган ҳолда қисқа фурсатда асл қиёфани ишлаш, ундаги юз ифодаси ва мимикани  асллигича қоғозга тушириш лозим бўлади. Бу иш рассомдан асарга бутун вужуди билан берилишни, суратни имкон қадар табиий чиқариш учун бор маҳоратни ишга солишни талаб қилади. Айниқса, юздаги бор чизиқ, майда ажин ёки холдан тортиб, унда акс этган маъно, қиёфадаги ҳолатгача аниқ ва ёрқин тасвирлаш – портрет жанрининг энг мушкул жиҳатларидан бири.

Шаҳноза Бозорова санъат коллежидаги таҳсилдан сўнг ўз  устида янада ишлаш ва бор иқтидорини шакллантириш мақсадида ёш изланувчи ходим сифатида Ўзбекистон Бадиий Академиясининг вилоят бўлимида фаолият олиб бормоқда. Таниқли рассомлар Азамат Сатторов, Ғанишер Ҳайдаров каби рангтасвир усталари ёнида тасвирий санъат илмидан олган сабоқларини мустаҳкамлаб келмоқда. Ўз устида тинимсиз изланишда бўлган ёш рассом вилоятимизда ҳар йили бўлиб ўтадиган Мустақиллик ва Наврўз каби оммавий байрам тадбирларида саҳна кўринишлари билан бирга театрлаштирилган томошалардаги  декорация ишларини тайёрлашда ҳам устозларига яқиндан кўмакчи.

Ҳар кез кўклам чоғида одатдагидек ёш рассом воҳанинг бетакрор хушманзара масканлари қўйнига, саёҳатга отланади. Бу унга янги ижодий куч бағишлайди, сафардан илҳомланиб, таассуротлар оғушида ёрқин ва реал  лавҳалар чизади. Гўзал яшил маскан - Мингчинор манзараси, Пистакент қишлоғининг қир-адирлари, Косон туманидаги тарихий масканларга бағишлаб ишланган суратлар, бир қанча этюдлар буни исботлайди. Айни дамда унинг ижодий коллекциясидан 50 дан ортиқ натюрморт, пейзаж ҳамда портрет жанрида ишланган суратлар ўрин олган.

Бундан ташқари, Шаҳноза Бозорова замонавий гобелен санъати билан ҳам шуғулланади. Катта-кичик ҳажмдаги натюрморт, пейзаж жанридаги картиналарни гобеленда - турфа ранг бўёқдор иплар орқали ифодалайди. 

Дарвоқе, истеъдодли ёш мусаввирнинг ижодий ишлари вилоят миқёсида ўтказилган “Юрт келажаги”, “Энг улуғ, энг азиз” каби кўрик-танловлар, тасвирий санъат ҳафталикларида юксак эътирофга сазовор бўлган.

Жаҳон рангтасвир усталаридан Поль Сезанн, И.Н.Курамской, В.А.Серов қаламига мансуб санъат асарларини ёқтирган рассом қизнинг келажакдаги орзулари мўл. Ана шу истаклар ортидан унинг санъатга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати кун сайин ошиб бормоқда. Яқин йиллар ичида сеҳрли мўйқаламидан яралган янги композиция унинг шахсий кўргазмасида намойиш қилинса, санъатсеварларни мусаввир оламига янада яқинроқ олиб кирса, ҳеч ажабланмайман.

Дилфуза ЖУМАЕВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo