Мўғулистон – катта тарихга эга жумбоқли ўлка. Аҳолисининг камсонлилиги ва тарқоқлиги ўз вақтида йирик ҳудудда ёйилишига замин яратган. Мўғулларнинг XIII-XV асрларда қўшни давлатларга кўрсатган таъсири кейинги асрларда ўзига бумеранг мисоли қайтди: олдинига кўчманчи қабилаларнинг жанговар феълини Тибетдан ёйилган ламаизм дини юмшатган бўлса, кейинчалик эса мўғуллар буткул Хитой мустамлакаси остида қолди.
Мўғуллар буддавийлик дини орқали Ҳиндистон ва Ҳимолай маданияти билан танишади, руслар билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатади. XVII-XIX асрлардаги маънавий тараққиёт давомида мўғуллар қўшни мамлакатлар маданий меросидан кўп жиҳатларни ўзлаштирганлар. Масалан, минглаб саждагоҳлардаги ибодат чоғида қўллаш учун Тибет ёзуви ва тилини ўргандилар, яна Хитой ибодатхона меъморчилигининг айрим унсурларини, Россиядан эса техникага доир ғоявий янгиликларни олишди.
1578 йилда мамлакатда Тибет буддавийлик дини расман қабул қилинди, лекин унинг шимолида яшовчи аҳоли ҳозирга қадар шомонийлик динига эътиқод қилади. Шунингдек, Мўғулистонда насронийлик ва ислом динига эътиқод қилувчилар ҳам бор.
Мўғул характеридаги ёқим-ли сифатлардан бири – хушфеъллик. Бадқовоқ, доим хўмрайиб юрадиган мўғулни жуда кам учратасиз. Хафақон кайфият уларга хос эмас. Мўғуллар тез-тез жилмаядилар, ҳазиллашадилар ва бошқалар ҳазилини жон деб эшитадилар, қаттиқ гапириб, бор овозда куладилар, қувноқ қўшиқларни жуда севадилар. Мўғуллар – меҳмондўст одамлар. Ўтовига келган меҳмонни мўғул хуш қабул қилади, энг лаззатли таомлар билан сийлайди. Бу меҳмондўстлик одати саёҳатчиларнинг оғирини енгил қилади, чунки бу ердаги ҳар бир ўтовда улар ўзлари учун керакли ҳамма нарсани топади: емак, ётоқ ва йўл учун егулик ҳозир.
1921 йилда юз берган халқ инқилобига қадар Мўғулистонда ибодатхона, монастирь ва бошқа диний биноларни ҳисобга олмаганда иморат жуда кам бўлган. Аҳоли ўтовларда яшаган, мамлакатнинг бепоён кенгликлари бўйлаб кўчиб юрган. Фақат оддий одамларгина эмас, аслзодалар ҳам ўтовда яшашган. Қолаверса, ҳозир ҳам, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолининг катта қисми ўтовларда кун кечиради.
Илгари бўлгани каби ҳозир ҳам эркак киши оила бошлиғи саналади, аммо аёл киши эркакдан кўра муҳимроқ ўрин тутади. Мўғулистонда аёлга ҳеч қачон буюм ёки эрининг чўриси деб қаралмаган. У эркаклар билан теппа-тенг чорва боқиши, от миниши мумкин. Бошқа шарқ мамлакатларидагидан фарқли ўлароқ мўғул аёллари ҳеч қачон юзларини яширмаганлар, ҳамиша истаган одами билан эркин, бемалол гаплашганлар, қадр-қимматини билиб, муомала қилганлар. Муҳим оилавий масалаларни ҳал этишда эр доимо ўз рафиқаси билан маслаҳатлашади.
Ушбу давлат байроғи ва гербини “соёмбо” белгиси безаб туради, бу аломат тарихи эса олис ўтмишга бориб тақалади. Бу чиройли ва ўзига хос тимсолнинг юқори қисми халқ эътиқодида камолот, уйғониш, кўтарилиш, шу билан бирга, оила ва халқ равнақи, авлодлар давомийлигини англатувчи олов белгиси билан ўралган.
Қуйида эса “инь-ян” белгиси: у Яратган билан қарама-қарши ижодий бирлик рамзидир. У ўзида тўлқинсимон чегара билан ўзаро ажратилган иккита яримни акс эттиради, уларнинг ҳар иккиси бир нуқтада жо бўлган. “Инь” қадимги Хитой дунёқарашига кўра беқарорлик, ўзгарувчанликни англатади, “ян” эса ўзгармаслик, аниқлик, мустаҳкамликни билдиради. Яна бу тимсол буддавийликда “кўзларини сира юммайдиган балиқлар ва огоҳлик рамзи ўлароқ хизмат қилувчи” белги сифатида талқин этилади.
Учи пастга қараган икки учбурчак бир қарашда ички ва ташқи душманлардан огоҳлантириш белгиси саналса, бошқа қарашга кўра улар мўғулларнинг ўтмишдаги шомонийлик давридан қолган мерос. Қадимда бундай учбурчакни аёллик ибтидоси (бутун оламнинг Улуғ Онаси вазифасини ўтаган само маъбудалари) рамзи билан ҳам боғлаганлар. Бу рамз одамнинг ўзлигини англаши йўлидаги ички ривожини англатади. Ишоратнинг икки томонидаги тик икки чизиқ қалъа, унинг деворларини ифодалайди ва мўғулларнинг “икки иноқ одам тош девордан мустаҳкамроқ”, деган қадимий мақолини чизиб бергандай туюлади. Буни шундай тушуниш мумкин: халқ бирдам бўлсин, шунда у қалъанинг тош деворидан ҳам мустаҳкам, енгилмас бўлади.
Мўғулистон – петроглифлар мамлакати. Унинг ҳудуди деярли бутунлай тоғлар билан ўралган ва юза қатлам имкон берган барча жойда энеолит давридан бошланган ёдгорликлар - ўйиб туширилган ёки чизилган одамлару жониворлар тасвирини кўриш мумкин. Мутахассислар учун бу тасвирлар кўп маълумотлардан далолат беради, айниқса, бугун улар биз учун тушунарли тилда ёзилган очиқ китобдир. Тошқатламларда, қояларда, ғорлар гумбазларида ва бошқа маълум жойларда қолдирилган қадимий ёзувлар бу ердаги одамларнинг маънавий фаолият билан машғул бўлганидан дарак беради. Олимлар қоятошларда ёзув қолдирган одамларни “палеолит даври шомонлари” деб атайдилар. Мўғул тоғлари – бутун бир авлодларнинг ёзувлари зарб қилиб борилган ва минг йиллар давомида одамлар илм ўрганиш учун келадиган муқаддас маконлардир.
Мўғул кўчманчиларининг ҳаёти оҳиста ва хаёлчан ўтади. Уларнинг ҳаёт тарзи беҳуда ҳаракатга тоқат қилмайди, суҳбатлар бир пиёла чой устида осуда кечади. Кўчманчилар ўз заминларини ҳис этадилар, унинг зарбига мос яшайдилар. Улар ҳатто шамол товушига қараб об-ҳавони бехато айта олишади. Мўғул шомонлари эса ҳалигача ўз аждодлари сирини сақлаб келишмоқда, ҳатто эндиликда бу билимлар фақатгина рамзий характерга эга бўлса-да.
Ер юзидаги энг ноёб ҳудуд ҳам айнан Мўғулистонда жойлашган. Бу - Байдрак-Гол дарёсининг бошланиш жойи бўлиб, мазкур сўз “Битмас-туганмас тубсиз булоқ” деган маънони англатади. Бу дунё об-ҳавосининг ўзига хос “ошхонаси”дир. Айтишларича, бу ерда аллақаердан тўсатдан куб километрга тенг сув оқими (циклон ёки антициклон) пайдо бўлади ва яна кутилмаганда аллақаерга ғойиб бўлади! Бу жараён ҳақидаги қадимий қарашлар кўчманчилар эътиқодида ҳозир ҳам барҳаёт. Шомонлар учун бу – сеҳр-жоду, руҳлар иши. Замонавий олимлар учун бўлса – модданинг юзага келиш жараёни...
Мўғулистон – сайёрамизнинг жавоҳирларидан бири. Сирли ўтмишга ва нодир анъаналарга эга мамлакат. У ўз колорити ва кенгликлари билан Шарқ дунёсининг мозаикасини тўлдириб туради. Мўғул даштларидаги ҳур шамол ўз қанотида ҳақиқий эркинлик қўшиғини келтиради. Ҳақиқий эркинлик эса инсон қачонки бу оламдан ва ўз моддий истакларидан юқори тура билса, қачонки ҳар кун, ҳар соат руҳининг истаги билан яшай билса, ўзини эзгу иш, эзгу фикр ва атрофдагиларга ёрдам беришга бағишлай олса, инсон ўз худбинлиги ва аҳамияти учун эмас, бошқа одамлар ҳаққи-ҳурмати учун яшай олсагина баралла янграйди.
Муаллиф: Елена Бирюкова.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.