Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятда фаолият юритаётган енгил саноат корхоналари томонидан 963 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот реализация қилинган. 2015 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 17,6 фоизни ташкил этган. Жумладан, тегишли даврда ҳудудда 4,5 минг тонна калава ип, 350 тонна полотно, 637 минг квадрат метр ип газлама, 995 минг дона трикотаж буюм ва 88 минг дона тикувчилик маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Уларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилгани аҳамиятлидир. Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ҳисобига самарадорликни янада ошириш галдаги вазифа ҳисобланади.
Қарши шаҳридаги "Санам" масъулияти чекланган жамияти бир неча йилдан буён енгил саноатнинг тикувчилик йўналишида самарали иш олиб бормоқда. 2016 йилнинг ўтган даврида корхона томонидан ички ва ташқи бозорларга 1 миллиард 675 миллион сўмлик 50 хилга яқин маҳсулот йўналтирилди. Эътиборлиси, яқинда мазкур тадбиркорлик субъектида истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилиши эвазига маҳсулот тури кўпайди. Гап шундаки, корхонада маҳаллий хомашё - жинси матосидан турли кийим-кечаклар тикиш ташкил этилди.
- Ушбу ярим тайёр маҳсулот авваллари четдан валюта эвазига келтирилган бўлса, эндиликда мазкур мато Қорақалпоғистон Республикасида фаолият бошлаган қўшма корхона томонидан ўзимизда етиштирилган пахтадан тайёрланаяпти, - дейди корхона раҳбари Фахриддин Эркаев. - Турган гапки, ишлаб чиқаришга маҳаллий хомашёнинг жалб этилиши маҳсулот таннархини бир қадар арзонлаштириш имконини беради. Лойиҳа доирасида 10 дан ортиқ янги тикув дастгоҳи сотиб олдик. Бунинг учун 40 миллион сўм маблағ сарфланди. Янги маҳсулотни ҳозирча ички бозорга йўналтираяпмиз.
Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбиркорлик субъекти маҳсулотлари жаҳонда ҳам ўз харидорларини топмоқда. Бироз аввал Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган текстиль ва енгил саноат товарлари ҳамда ускуналари ярмаркаси якунлари ҳам шундан далолат бермоқда. Мазкур корхона вакиллари ўз маҳсулотлари билан ярмаркада муваффақиятли иштирок этиб, чет эллик ҳамкорлар билан умумий қиймати 200 минг долларлик маҳсулот сотиш бўйича шартномалар тузиб қайтишди. Хорижлик ишбилармонлар мазкур корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган бир неча турдаги кийим-кечак, кўрпа-ёстиқ, эркаклар кўйлаги каби тайёр маҳсулотларни харид қилиш истагини билдирган.
Яна бир эътиборли жиҳати, икки томонлама музокаралар самарасида яқинда Москва шаҳрида "Санам" МЧЖнинг "Санамтекс" савдо уйи фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса Россия ички бозори талабларини яхшироқ ўрганиш, потенциал харидорлар билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини жадал ривожлантириш, шу асосда экспорт кўлами ва географиясини янада кенгайтиришга шароит ҳозирлайди.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда: «Санам» МЧЖ тикувчилари.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.