Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

03.02.2017


МАЪНАВИЯТ МЕЗОНИ

Ҳамроҳларимдан бири "Опа, илтимос, баклашкани ерга эмас, махсус қутига ташланг!" дея аёлни огоҳлантиргач, у бир қизарди-да, истар-истамас талабни бажарди. Бизнинг суҳбатимиз эса шу мавзуга бурилди. Ҳаммамизда ўз-ўзидан саволлар туғила бошлаганди:

- Нега чиқиндини сал нарида - икки-уч қадамча узоқликда турган "урна"га ташлашга эринамиз?

- Лоқайдликданми бу ёки..?

«НИМА БЎПТИ?!»

Бир мультфильм бўларди. Унинг қаҳрамони бегемотча атрофидаги ҳар қандай воқеага бефарқ қарайди, на ҳайратланади, на ғазабланади, на пинагини бузади. Доимий гапи битта: нима бўпти?!

Орамизда дунёқараши кенг, атроф-муҳит мусаффолигига ўзини масъул деб биладиганлар кўпчилик. Аммо беш қўл баробар эмас-да! Ҳамроҳларимдан бири айримларнинг бундай ножоиз хатти-ҳаракатига "урна", яъни махсус чиқинди қутиларининг бир-биридан узоқроқ масофага қўйилганини сабаб деб билди. Қутиларни имкон қадар ҳар бир ўриндиқ ёнига қўйиб чиқиш керакмикин? Ўтириб, монитордан бирор нима томоша қилаётган ёки суҳбатдоши билан берилиб гаплашаётган одам ўрнидан қимирлагиси келмаслиги мумкин-да!

Бошқа биров эса айбни уларнинг ўзига ағдарди:

- Минг гапир, минг огоҳлантир, амал қилишни истамаган одам барибир амал қилмайди. Ёнига қўйиб қўйсангиз ҳам шу аҳвол. Тушунтириб бўлмайди, агар "Бу ишинг нотўғри, шундай чиройли жойни ифлос қилаяпсан", десангиз, айримлар пинагини бузмай "Ифлос бўлса, сенга нима? Сен қуриб қўйибсанми?" дейди.

Дарҳақиқат, уларнинг наздида, дам олиш жойлари, хиёбон ва истироҳат боғлари ҳамманики, ҳар ким истаганича фойдаланиши, ўзини истаганича тутиши мумкин. Лекин бу маданиятлиликни ҳам белгилашини унутмаслик лозим.

Аввало, кўпчилигимиз атроф-муҳитга ўта бефарқ муносабатдамиз: "Нима бўлса, бўлаверсин, менга нима?", "Тоза тут, озода сақла, дейверишади-да, қўйилган хизматчилар тозаламай нима қилади?" қабилида ён-атрофимизга эътиборсизлик, лоқайдлик билан ёндашишга ўрганиб қолганмиз. Бу ҳолга шу қадар кўникиб қолганмизки, шаҳар ичидаги яшил ҳудудлар, кўнгилочар масканларда тозаликка риоя қилиш лозимлиги масаласи назаримизда жуда майда, арзимас гапдай кўринади. Айримларга бу ҳақда гапирсангиз, "Нима бўпти, шу билан осмон узилиб ерга тушибдими?" деган истеҳзоли жавоб оласиз. Оқибатда гапингиз ўз кучини йўқотиб, ҳатто ўзингизда ҳам ўта майда мавзуни тилга олганга ўхшаш кайфият туғилади. Худди ўша мультфильмдаги бегемотча сингари атрофдаги ҳолатга бефарқ: "Нима бўпти?" дея пинак бузмай тураверишга одатланасиз.

АРЗИМАС НАРСА...МИ?

Навбатдаги савол туғилади: хўш, нега шундай ўйлашади? Ахир атроф-муҳит муҳофазасига эътиборсизлик кўплаб экологик муаммоларни келтириб чиқараётгани сир эмас-ку! Барча улкан муаммолар аслида оддийгина, арзимас туюладиган ишдан бошланади-ку! Бунга Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида таҳсил олаётган 3-босқич талабаси Жавоҳир Рустамов шундай муносабат билдирди:

- Бунинг боиси, менимча, айримларнинг билимсизлигида. Яъни уларда экологияга доир билим "ноль" кўрсаткичда, фақат экология деган сўзнигина билишади. Унинг туб моҳиятидан, оддийгина баклашка ёки целлофан халтача келтириб чиқарадиган зарар йиғилиб-йиғилиб, глобал муаммоларга - атмосфера ифлосланиши, иқлим ўзгариши, ерларнинг деградациясига олиб келаётганидан мутлақо бехабар. Агар улар эколог олим, мутахассислар кўриб, англаб турган муаммолару келажак ҳақидаги таҳликали башоратлардан етарлича хабардор бўлишса, бундай йўл тутишмасди.

Энг ёмони, бу салбий одат болаларнинг кўз ўнгида бўлаяпти. Қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор. Болаларга нимани ўргатаяпмиз? Нимани қолдирамиз? Бир уюм чиқиндиними? Буни ҳар бир киши яхшилаб ўйлаб кўриши керак...

ШАҲАР КИМНИКИ?

Саранжом-саришталик - маданиятнинг муҳим мезонларидан бири. Шу боис ўзимиз яшайдиган, ўзимизга тегишли бўлган уй, ҳовлида шу мезон ўлчовларига хос ҳаракат қилишга одатланганмиз. Чунки ўзимизники-да. А шаҳар-чи?!

Бу ерда бир жиҳатдан кўз юмиб бўлмайди: шу шаҳар, шу юрт, шу табиатни ўзиники деб билмаслик, "шукрона неъмат" деб аталадиган туйғунинг йўқлиги. Агар шу туйғу бўлганида, ўз уйини тоза-озода сақлашга қанчалик ҳаракат қилинса, миллионлаб-миллиардлаб маблағ эвазига бунёд этилган гўзал масканларга ҳам зарар етказмасликка шунчалик тиришилар эди. Дам олиш масканларида тозаликка риоя қилмайдиганлар уйда ўзларини бундай тутишмаса керак. Ҳамма жойни тоза-озода сақлашга, хоналар ё ҳовлига бирор зарар-шикаст етмаслигига ҳаракат қиладилар, оиланинг қолган аъзоларидан ҳам шу талаб этилади. Хўп, уй ўзингизники. Шаҳар-чи? Шу ерда яшайсизми, демак, шаҳар ҳам сизники, бизники, ҳаммамизники. Уйдаги тоза-озодалик, орасталик шаҳарда ҳам бўлиши шарт. Ифлос-ивирсиқ уйга меҳмон келса, қанчалик хижолат тортиб, уялсак, шаҳримиз учун ҳам шундай ҳисни туйишимиз керак: яшаб турган ҳудудимиз хунук, бетартиб бўлса, ўзимиз уятга қоламиз ахир! Қолаверса, давлат барпо этиб бераётган бу каби гўзал масканлар фақат ва фақат шу ерда яшовчилар учунлигини ҳам унутиб қўймаслик керак. Ўзимиз учун яратилган неъматнинг қадрини билмасак, у бизни тарк этиши тайин. Бу ҳақда муқаддас манбаларда жуда кўп мисоллар, ҳикматлар келтирилган.

Кейинги пайтларда биргина Қарши шаҳрида катта ўзгаришлар рўй берди. Шаҳар салқинлигини таъминлайдиган фаввораларнинг сони 30 га яқинлашди. Қашқадарё устидаги кўприк ва унинг атрофи бир йилга яқин муддат ичида бутунлай қайта чирой очиб, жаннатмонанд масканга айланди. Бу фавворали хиёбону дарё соҳилида сайр қилган кишининг баҳри дили очилади. Лекин оёқ остига - не-не меҳнату заҳмат эвазига ўстирилган майсалар ораси, дарахтлар тагига эътибор берсангиз, дунёнинг лаш-луши шу ерда йиғилгандай таассурот уйғонади: сақич қоғоз, баклашка қопқоғи, писта пўчоқлари, турли хил ўрамлар, бир марталик сочиқчалару целлофан халтачаларни кўрасиз. Фавворалар ҳовузи қизил, сариқ, қора, хуллас, "камалак ранги"даги баклашка қопқоғи билан тўла.

Бир ҳафтача бурун ҳамкасблар билан Амир Темур кўприги атрофига сайрга чиққанимизда шундоққина кўприк тагида сувда сузиб юрган баклашкаларни кўрдик. Тасаввур қилиш қийин эмас: ичидаги ичимликни маза қилиб сипқорган одам узоқ ўйлаб ўтирмасдан идишни сувга улоқтириб қўя қолган. Кунда-кунора ободонлаштириш идоралари ишчиларининг сув бўйида қўлларида капалак тутиладиган тўрли лангарчўп билан баклашкаларни "овлаб" юрганларини кўриш мумкин. Улар сувни қайта-қайта тозалашар, бироқ дам олувчилар соҳил ва сувни ифлослантиришдан қачон тўхтайди?

ЖАЗОЛАШ КЕРАКМИ?

Одатда қонунни бузгани, йўл ҳаракати қоидасига амал қилмагани учун ҳар бир шахс муайян жазога тортилади. Бу чорани нега гўзал масканларни ифлослантираётганларга қарши қўллаш мумкин эмас? Аҳоли дам олиш гўшаларида ўз касби бўйича малакага эга, аввало ўзи атроф-муҳитга тўғри муносабатда бўладиган махсус назоратчилар қўйилиши, улар тозаликка риоя қилмаган одамларни огоҳлантириб, лозим бўлса, жаримага тортиши, устига-устак ташлаган чиқиндисини олиб, махсус жойга элтиб ташлашга мажбур қилиши маъқулмикин, деган ўйга борасан киши. Тўғри, бундай жойларга одамлар ҳордиқ чиқариш, яшилликдан баҳра олиш учун боради, қаттиқ-қуруқ танбеҳ уларнинг кайфиятини бузиши мумкиндир, лекин, ҳарҳолда, озодалик қоидасига бефарқ қарайдиганларда аста-секин кўникма пайдо бўлади-ку! "Қўлимдаги  писта пўчоқни солиш учун уйдан бирор нима олволай, боғда гап эшитаман, жарима тўлаб юрмай тағин", деган фикр шаклланади-ку!

Атроф-муҳитга муносабат одамнинг қай даражада маданиятли эканини ҳам белгилайди. Маданиятли киши эса шаҳар-қишлоқларнинг ободлашаётгани, кўркам масканлар сони кўпаяётгани ўзи, оиласи, яқинлари учун, эл, халқ учун эканини чуқур англайди, онгли равишда бу жойларни асраб-авайлашга ҳаракат қилади. Худди ўз уйини тоза-ораста сақлагани каби жамоат жойида ҳам тартибга, озодаликка қатъий амал қилади. Ҳарҳолда, булар - бизнинг ўйлаганларимиз, кўрганларимиз ҳақидаги мулоҳазаларимиз. Атроф-муҳитга муносабатни эса ҳар бир шахснинг ўзи, билими, дунёқараши, маданиятидан келиб чиққан ҳолда белгилайди...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo