Акс-садо
“Qashqadaryo” газетасининг 2020 йил 9 июнь сонида эълон қилинган “Қарши – фавворалар шаҳри...ми?” сарлавҳали мақола юзасидан шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди:
“Дарҳақиқат, Қарши шаҳар Наврўз хиёбонидаги фавворалар барпо этилганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. Фавворалар янги ишга тушганида бу жой нафақат шаҳримиз, балки бу ерга келган меҳмонларнинг ҳам севимли масканига айланганди. Ёшлар, янги турмуш қураётган келин-куёвларнинг фавворалар олдига келиб, суратларга тушиши урф бўлганди. Ёзнинг жазирамасида кечқурунлари шу атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи ёшу кексалар фаввораларни айланишга чиқиб, ҳордиқ чиқариб кетишарди. Фавворалар ёнида бир қанча маданий тадбирлар ҳам ўтказилганди.
Айни пайтда фавворалар қувурлари занглаб, таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди. Ҳозирда Қарши шаҳар ҳокимининг топшириғи билан фаввораларни реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Мақолада вилоят мусиқали драма театри ёнидаги хиёбон фаввораси бир бошдан бузиб олинаётгани айтилган. Аслида фавворада “1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж” хусусий корхонаси томонидан реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Усталар Наврўз хиёбони ҳамда вилоят мусиқали драма театри ёнидаги фаввораларни таъмирлаш ишларини қисқа муддатда якунлаб, ёз кунларида шаҳримиз аҳолисига туҳфа этишга ҳаракат қилишмоқда”.
Албатта, шаҳар ҳокимлиги масъулларининг мақолага тезкорлик билан муносабат билдиришганидан мамнунмиз. Наврўз хиёбонидаги ва вилоят мусиқали драма театри ёнидаги хиёбонда фавворалар вилоят ҳокими топшириғи билан реконструкция қилинаётгани ҳақида билардик, мақолада ҳам ёзгандик. Биз қўйган масала унинг бузиб олинаётгани, ё қайта таъмирланаётгани ҳақида эмас, ҳудудда эгасиз ётган пул шунча кўпми, бир ишни пухта қилмай, нуқул бузиб-қураверамиз, деган мазмунда эди. Қолаверса, қувурлар олиниб, ер кавланиб, аввалги фаввора бир бошдан бузиб олинаётгани кўрга ҳассадай кўриниб турибди. Наврўз хиёбонидаги фавворанинг фойдаланишга топширилганига ҳали қанча вақт ўтдики, қувурлари бирданига занглаб, таъмирга муҳтож бўлиб қолса?! Театр ёнидаги фаввора-чи? Неча йил ишлади ўзи? Нега бирданига таъмирталаб бўлиб қолди?
Ҳокимлик ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи фавворалар бузилишига лойқа, қумли сув сабаб бўлаётгани ҳақида айтганди, бу галги таъмирда шу жиҳатга эътибор қаратиш кераклигини ёзгандик, аммо келтирилган жавобда асосий масалага тегмай ўтиб кетишибди.
Ҳокимлик ахборот хизмати таъмирлаш ишлари қисқа муддатларда якунланиши ҳақида айтибди. Илтимос, масъуллар, қурувчилар, “қисқа муддатда” деб шошилманглар, майли кўп вақт сарф бўлсин, лекин иш пухта, таъмир мустаҳкам бўлсин, 15 кундамас, 30 кунда бажаринглар, йиллар ўтиб ҳам одамлар лаънат эмас, раҳмат айтишсин. Қисқа вақтларда тугалланган қурилишларнинг оқибатларини кўриб турибмиз-ку...