Америкада яшовчи хитойлик муртад ва инсон ҳуқуқлари фаоли Вей Цзиншен АҚШ махсус хизматларига коронавирус тарқалиши ҳақида Уханда инфекция ёйилишидан бир ойлар олдин - 2019 йилнинг ноябрь ойида хабар берган. Бу ҳақда "New York Post" нашри "Ҳақиқатда Уханда нима бўлганди" китобида ёзилган маълумотларга асосланиб хабар чоп этган.
Цзиншен сўзларига кўра, у сирли янги касаллик ҳақида 2019 йил октябрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон ёзги ҳарбий ўйинлар вақтида Пекинда юқори мартабага эга бўлган шахсдан эшитган. Шунингдек, у бу ҳақдаги маълумотни хитойлик ҳуқуқ ҳимоячиси Димон Лю ва унинг турмуш ўртоғи, марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими саналган Роберт Сюттингерга узатган.
Ўз навбатида, Лю таниши билан гаплашгач, ўша пайтдаги АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлган Мэтт Поттинджерга топширишни режалаштирган ҳолда хат тайёрлаганини айтади. Бироқ, аёл янги вирус ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга мос келмайди деб ҳисоблаб, ёзганларини унга юбормаган.
Reuters агентлигининг хабарига кўра, Америка разведка идораси ўтган ойда президент Жо Байденга коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ўтказилган текширишлар натижаларини тақдим этган. Махсус хизматлар унда "Sars-CoV-2 вируси инсонга бошқа жонзотлардан ўтганми ёки Ухандаги лабораторияда яратилганми?", деган саволларга жавоб беришга интилган. Аммо, бу борада ҳамон аниқ тўхтам мавжуд эмас.
АҚШ сентябрь ойи бошида кўршапалакларда коронавирус пайдо бўлишини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар учун 3 миллион доллар миқдорида грант ажратди, маблағнинг бир қисми Уханда жойлашган вирусология институтига тегди.