"халқ вакили" номига муносибми?
Маҳаллий Кенгашларда
Халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг айрим депутатлари ўз фаолиятига масъулиятсизлик билан ёндашиб, ҳатто ўзлари аъзо бўлган доимий комиссиялар мажлислари ва Кенгаш сессияларида ҳам иштирок этишмаган.
Бу ҳақда мазкур вакиллик органи томонидан жорий йил 26 мартда қабул қилинган "Халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг доимий комиссиялари ва депутатларининг масъулияти ва фаоллигини ошириш тўғрисида"ги қарорида сўз юритилмоқда. Унда қайд этилишича, Кенгашнинг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси туманда депутатлар фаолиятига оид қонунлар ва тегишли қарор талабининг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борган. Бунда "амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, депутатларнинг жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича дастурларда белгиланган вазифаларнинг ижросини жойида ўрганишларини ташкил этиш, аҳоли билан учрашувлар ўтказиб боришдаги ишлари етарли даражада эмас"лиги аниқланган.
- Бу борада айрим депутатларнинг фаолияти суст бўлиб, доимий комиссия мажлислари, Кенгаш сессияларида сабабсиз иштирок этмаслик ҳолатлари учрамоқда, - дейилади қарорда.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Қонуни ва соҳага оид бошқа норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилмаётган халқ вакиллари расман огоҳлантирилди.
Айни пайтда Кенгашнинг котибияти ҳамда регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясига барча доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятини тасдиқланган методика ва мезонларга асосан мониторинг қилиб, депутатлик фаолиятини олиб боришда зиммасига юклатилган вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашиш, қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва депутатлик одоби қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни дастлаб комиссия мажлисида кўриб чиқиш ва лозим бўлса, депутатлик ваколатларини муддатидан олдин тугатиш, шу жумладан, депутатни чақириб олиш тўғрисидаги масала бўйича хулоса тайёрлаб, халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиялари кун тартибига киритиш топширилди.
Темур НИЗОМОВ