Йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатлари ҳақида ОАВда мунтазам тарғибот олиб борилиши, йўлларга тегишли эслатмалар ўрнатилишига қарамай, якуни аянчли воқеалар, афсуски, юз бериб турибди. Улардан бири ҳақида Нишон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ёзмоқда.
Қайд этилишича, шу йилнинг 27 октябрь куни соат 19:05 лар чамаси Қарши-Талимаржон йўлининг 38-километрида, тумандаги Балхияк маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган Т.Ш. бошқарувидаги “М-412” русумли автомашина ва Оқ олтин маҳалласида яшовчи, 1971 йилда туғилган М.К. бошқарувидаги “ИЖ-Планета-5” русумли мотоцикл иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.
Ачинарлиси, мотоцикл рулида бўлган, 50 ёш остонасидаги М.К. жиддий тан жароҳати сабабли шифохонада жон берган.
Дастлабки суриштирувлар натижаси ҳақида туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими катта инспектори Нодир Муродовнинг маълум қилишича, ҳар иккала ҳайдовчида ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаган.
Қоидага беписандлик, “менга ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги кайфият билан транспорт воситасини бошқариш қачондир оғир оқибатларга олиб келиши ушбу ҳодисада ҳам ўз исботини топди...