Ҳаётда кутилмаган ҳодисалар кўп бўлади. Чироқчилик А.Х. турмуш ўртоғи билан Қарши шаҳрига иш юзасидан келаркан, қоидабузарлик содир этгани сабабли унга тегишли автомашина жарима майдонига жойлаштирилади.
Биласиз, жарима майдонлари кунига пул “туғади”. Тезроқ олиб чиқмасангиз, оила бюджетига дурустгина зарар етказиши ҳам ҳеч гапмас. Шунинг учун эр-хотин чора қидириб, ёдларига шаҳардаги Қарлуқхона маҳалласида яшовчи С.Р. тушади. Ўша таниш ҳам ўзидан мадад сўрашларини кутиб турган экан чоғи, машинани жарима майдонидан чиқариб беришини, фақат бунинг учун 6 миллион сўм керак бўлишини билдиради.
Вазият кутганидан кўра қимматга тушаётганини билган эр-хотин Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Шунга асосан тадбир ўтказилади.
А.Х. дастлаб Қарши шаҳридаги “Яшил бозор” супермаркети олдида Рамшид исмли киши билан учрашади. У пулни олмай, Косон тумани Мудин маҳалласида яшовчи Т.П. ишни ҳал қилиб беришини айтганидан сўнг 6 миллион сўмни олиб, Жайҳун кўчасидаги “мойка” олдига боришади. Пул олингач, С.Р.га телефон қилишиб, “иш” ҳал бўлгани, душанба куни машина ва ҳужжатларни олиб беришлари билдирилади.
Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳарактлари олиб борилмоқда.